Таъсис йиғилишида партия фракцияси тузилди

5 Январь, 18:18 • Ижроқўм, Тошкент шаҳри, Фракция, Янгиликлар • 1296 марта кўрилди • Комментариев к записи Таъсис йиғилишида партия фракцияси тузилди нет

Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси таъсис мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиядан сайланган депутатлар, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишни олиб борган партия Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наримон Умаров Парламент сайловларида Ўзбекистон “Адолат” СДПдан 20 нафар депутат сайланганини маълум қилди. Ўз навбатида партия раҳбари Парламент Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган партия вакилларини табриклаб, уларнинг келгусидаги фаолиятида муваффақият тилади.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ мажлисда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Йиғилишда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Қодир Жўраев ва Алишер Шодмонов сайлов жараёнларида депутатликка номзодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турганлиги, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан кураш олиб борганлиги учун партия Марказий аппарати ҳамда ҳудудий партия ташкилотлари фаолларига ўз миннатдорчилигини билдиришди. Ўз навбатида депутатлик фаолиятига киришаётган фракциянинг ҳар бир аъзоси зиммасида аввало сайловчилар билдирган ишончни оқлаш, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсадларни амалга оширишдек масъулиятли вазифалар турганлиги эътироф этилди.

Таъсис мажлисда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари лавозимига номзод кўрсатилди ҳамда иштирокчилар фикр-мулоҳазалари ва муҳокамалардан сўнг фракция раҳбари этиб партия Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Умаров сайланди.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини сайлашга таклифлар тайёрлаш бўйича ташкил этиладиган Оқсоқоллар Кенгаши таркибига партия фракцияси аъзолари орасидан номзодлар кўрсатилди.

Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Партия Матбуот хизмати

Таъсис йиғилишида партия фракцияси тузилди was last modified: Январь 5th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »