Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси тўғрисида ахборот

13 Январь, 09:37 • Расмий хабарлар, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 772 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси тўғрисида ахборот нет

Тошкент шаҳрида 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Парламент қуйи палатасининг биринчи мажлисини қонунга мувофиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси М.Абдусаломов очди. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

Йиғилишда мамлакатимиз ҳукумати аъзолари, марказий идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Депутатлар мажлиснинг кун тартибини тасдиқлади.

Марказий сайлов комиссиясининг раиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисида ахборот берди. Бунда Ўзбекистонда парламент сайлови сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий шароитларда, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби демократик принциплар асосида, қонун ҳужжатларининг талабларига, умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва стандартларга тўла мувофиқ тарзда ўтказилганлиги алоҳида таъкидланди.

Сайлов кампанияси давомида сиёсий партияларга ташвиқот олиб бориш, ўз сайловолди дастурларининг қоидаларини оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли кенг қатламларига етказиш учун тенг шароитлар яратилди. Қонунчиликка мувофиқ мамлакатимиз фуқаролари ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши учун кенг имкониятлар яратилди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва сайлов жараёнини юзлаб халқаро ва маҳаллий кузатувчилар кузатиб борди.

deputatlar-2Умуман олганда, бўлиб ўтган сайловлар фуқароларнинг фаоллиги, сиёсий ва ҳуқуқий етуклиги ўсганлигини ёрқин намоён этди. Сайлов Ўзбекистон халқининг демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, аҳоли фаровонлиги ва Ватан равнақини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидаги ҳамжиҳатлигининг кўзгуси бўлди.

Қонунчилик палатасига сиёсий партиялардан ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатларнинг таъсис йиғилишлари бўлиб ўтиб, мазкур йиғилишларда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракциялари, шунингдек, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи шакллантирилди, уларнинг раҳбарлари сайланди. Мажлис чоғида палата аъзолари сиёсий партиялар фракцияларини ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, шунингдек, сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг таклифига кўра қуйи палата аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодлар кўрсатиш бўйича Оқсоқоллар кенгашини тузди.

Оқсоқолар кенгашининг таклифига биноан депутатлар яширин овоз бериш йўли билан Нуриддинжон Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайлади.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари лавозимларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Содиқжон Турдиевни, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратовни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмоновни, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаровни, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи раҳбари Борий Алихоновни сайлади.

deputatlar-3«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ қўмиталар раиси лавозимлари депутатларнинг қайси партияга ёки гуруҳга мансублиги ҳамда сайловда олинган сайловчилар овозлари сони ҳисобга олинган ҳолда аниқланади. Қўмиталар раиси лавозимига номзодлар юзасидан таклифлар депутатлар фракциялари раҳбарлари томонидан ўзаро маслаҳатлашувлар асосида киритилади. Шу муносабат билан Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан қуйи палата қўмиталарининг рўйхатини тасдиқлаш ҳамда қўмиталар раисларининг лавозимларини сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Депутатлар парламент қуйи палатаси қўмиталари раисларини ҳам сайлади.

Кўриб чиқилган барча масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўз ишини якунлади.

Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси тўғрисида ахборот was last modified: Январь 13th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »