Амалий фаолиятимизнинг янги асослари шакллантирилмоқда

28 Январь, 17:52 • Тошкент шаҳри, Фракция, Янгиликлар • 983 марта кўрилди • Комментариев к записи Амалий фаолиятимизнинг янги асослари шакллантирилмоқда нет

Президентимиз Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси мамлакатимизни демократлаштириш ва сиёсий жиҳатдан модернизациялашнинг янги босқичида миллий парламентимиз фаолиятини бугунги замон талаблари даражасида такомиллаштириш ҳамда навбатдаги беш йилликдаги устувор йўналишларини белгилашда дастуриламал бўлмоқда. Кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган Давлатимиз раҳбарининг ушбу маърузаси, айниқса сиёсий партиялар ва уларнинг барча даражадаги депутатлик корпуслари томонидан чуқур ўрганилмоқда.

Куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши ҳам маърузада билдирилган фикр-мулоҳазаларнинг мазмун-моҳиятини таҳлил қилиш, унда қайд этилган дастурий кўрсатма ва таклифлар асосида партия фракцияси ва маҳаллий депутатлик бирлашмалари олдида турган вазифаларни белгилаб олиш ҳамда фракция фаолиятини такомиллаштириш бўйича Ҳаракат дастурини ишлаб чиқишга бағишланди. Тадбирда партия фракцияси ва Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари, Марказий аппарати масъул ходимлари, экспертлари, фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаш раиси, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров бошқариб борган йиғилишда таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбарининг парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида Олий Мажлис фаолияти бугунги замон талаблари нуқтаи назардан чуқур таҳлил этилди, парламент ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, депутатларнинг профессионал фаолиятини кучайтириш ва қонун ижодкорлиги сифатини оширишга доир вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, давлат бошқарувида парламентнинг ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда унинг роли ва аҳамиятини ошириш юзасидан танқидий-таҳлилий фикрлар илгари сурилди.

Маърузада Давлатимиз раҳбари томонидан янгиланган мақсадли вазифаларни рўёбга чиқариш муҳимлигини қайд этиб, ўтган муддатда эришилган натижаларни яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги алоҳида таъкидланди ва бу бўйича аниқ йўналишлар кўрсатиб ўтилди. Қабул қилинаётган қонунлар сифатини ҳамда ҳуқуқни қўллаш самарадорлигини ошириш, қонун лойиҳалари, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этиш, ушбу жараёнга олимлар, юқори малакали мутахассис ва экспертларни жалб қилиш, парламент назорати самарадорлиги, Парламент палаталари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро майдондаги вазиятга холис баҳони инобатга олган ҳолда, аниқ позиция ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

Президентимиз томонидан жамиятимизни янада демократлаштириш бўйича белгилаб берилган вазифалар Ўзбекистон “Адолат” СДП партияси ва унинг фракцияси Дастурий вазифаларини амалга ошириш учун ҳам асосдир. Шу боис йиғилишда фракция аъзолари ва партия фаоллари маърузада билдирилган фикрлар, танқидий мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқариш лозимлиги, парламент фаолиятини янада яхшилашга доир белгилаб берилган устувор вазифалар асосида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича Ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш юзасидан ўз таклиф, мулоҳазаларини билдирдилар.

Қодир ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Дарҳақиқат, қўшма мажлисда Давлатимиз раҳбари томонидан биз, депутатлар, сиёсий партиялар фаолиятига берилган танқидий баҳо фаолиятимизга янгича ёндашишни тақозо этади. Хусусан, бизга ишонч билдирган халқимиз, давлатимизнинг равнақи, мамлакатимиз тараққиётининг барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшадиган ҳар бир қонун ва унга ўзгартиш, қўшимчаларни киритаётган пайтда шошма-шошарликка, расмиятчиликка йўл қўймасдан ишлашимиз керак. Бу борада ривожланган давлатларнинг тажрибасини, соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазаларини бирма-бир ўрганиб, таҳлил қилишимиз керак бўлади. Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда партиямизнинг Марказий ва ҳудудий ташкилотлар билан ҳамкорликда қонун лойиҳаларига бағишланган жамоатчилик эшитувлари, муҳокамаларини мунтазам равишда ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бундай муҳокамалар ёрдамида қонун лойиҳалари пишитилади, уни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари ойдинлашади, шу билан бирга фуқароларимизнинг давлат бошқарувидаги дахлдорлиги ортади.

Шу боис бугунги йиғилишда фракция аъзолари ва партия фаоллари Юртбошимиз томонидан билдирилган фикрлар, танқидий мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқариб, парламент фаолиятини янада яхшилашга доир устувор вазифаларни ўз ичига олган Ҳаракат дастури ишлаб чиқилаётгани ва амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилаётгани ишимизни тизимли равишда ташкиллаштиришга ёрдам беради.

Муҳокамалар давомида қуйидаги йўналишлар Ўзбекистон “Адолат” СДП ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидги фракцияси фаолиятнинг асосий устувор йўналишлари сифатида белгиланиши зарурлиги қайд этилди:

— Қабул қилинган ва амалда бўлган ижтимоий йўналишдаги қонунларни ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб таҳлил қилиш ва олинган хулосаларни фракция фаолиятини такомиллаштиришга йўналтириш;

— Партиянинг “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат ҳар бир инсон учун” сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалиётга татбиқ қилишга йўналтирилган қонунларни қабул қилишда депутатларнинг фаоллигини ошириш;

— Қабул қилинаётган қонунлар ижросини таъминланишида суд-ҳуқуқ соҳасининг таъсир кўрсатиш механизмларидан, шу билан бирга амалиётда яхши самара бераётган ижро механизмларидан самарали фойдаланиш ва мазкур масалаларни қонун ишлаб чиқишга татбиқ қилиш;

— Қонун лойиҳалари тайёрлаш, қонунчиликни сифатини ва таъсирини ошириш мақсадида қонун ишлаб чиқиш жараёнига юқори малакали мутахассис ва экспертларни кенг жалб қилиш, хусусан, мамлакатимизда юридик йўналишдаги етакчи муассасалар, Олий ўқув юртлари, Фанлар Академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва бошқа юридик соҳа мутасаддилари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларни ушбу жараёнга кенг жалб қилиш.

— Фракция қошида ижтимоий, иқтисодий ва бошқа йўналишлар бўйича экспертлар гуруҳини ташкил қилиш, улар билан ҳамкорликда қонунларни мукаммал шаклда ишлаб чиқилишини таъминлаш;

— Партиянинг жойлардаги маҳаллий Кенгашлари ҳамда депутатлик корпуслари билан ҳамкорликда ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан кенг жамоатчилик муҳокамасини йўлга қўйиш, ушбу жараёнга партия электоратини мунтазам жалб қилиш;

— Қонун лойиҳаси муҳокамаларининг барча босқичларини маҳаллий ва марказий ОАВларида кенг ёритилишини таъминлаш;

— Депутатлар фаолиятининг барча йўналишларида юқори профессионализмга эришиш учун депутатлар малакасини мунтазам ошириб бориш, ушбу мақсадда махсус семинарлар ташкил қилиб бориш;

— Партия сайловолди дастуридаги мақсад ва вазифалар, асосий йўналишларни қонунчиликка сингдириш борасида фракция ташаббускоргини ошириш, ушбу мақсадда фракциялараро рақобатларда сайловолди дастуридаги устувор мақсад ва йўналишларни қатъий ҳимоя қилиш;

— Фракция йиғилишларида қонун лойиҳалари муҳокамаси билан чегараланиб қолмасдан қонун ижодкорлигининг у ёки бу масалаларида позицияларни ишлаб чиқиш учун янги шаклдаги замонавий иш услубларини қўллашни амалиётга киритиш (мунозаралар клуби, мақсадли семинарлар ва бошқалар);

— Депутатларнинг сайловчилар билан учрашувлари давомида кўтарилган масалалар, таклифларни умумлаштириб бориш ҳамда уларни қонун ҳужжатларида акс этишини таъминлаш.

— Партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга ва партия сайловолди дастури ижросини таъминлаш йўналишларида Парламент эшитувларини ташкил қилиш ва ўтказиш;

— Қабул қилинаёган қонунлар, муҳим ижтимоий-иқтисодий давлат дастурларининг самарали ижросини таъминланишида фракциянинг иштирокини кучайтириш;

— Депутатлар фаолиятида партия электорати ҳамда кенг жамоатчилик манфаатларидан, сайловчилар билан учрашувлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда депутатлик сўровлари кўламини кенгайтириш, аҳолининг ахборот эркинлигига оид конституциявий ҳуқуқларини таъминланишига кўмаклашиш;

— Маърузанинг мазмун-моҳиятини партия ташкилотларида чуқур ўрганиш ҳамда унда илгари сурилган масалалар, уларнинг мазмун-моҳиятини партия электорати ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш.

Алишер Шодмонов, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ишлаб чиқилаётган Ҳаракат дастуримизда сайловчилар, электоратимизнинг манфаатидан келиб чиқиб, ҳар биримизнинг вазифамиз аниқ бўлиши, кимнинг қайси йўналишдаги вазифаларни адо этишини белгилаб олишимиз керак бўлади. Шу билан бир қаторда, партиямизнинг жойлардаги, ҳудудий ташкилотлари, аъзоларимиз билан узвий алоқа ўрнатишимиз, ҳудудларнинг муаммоларини ўрганиб, лозим таклиф-тавсиялар киритишимиз ҳамда ижро механизмини кучайтиришмиз лозим бўлади. Қолаверса, давлат, маҳаллий ва хусусий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш вазифаси Ҳаракат дастуридан алоҳида ўрин эгаллаши лозим. Зеро, партиямиз позицияси ва ғояларини кенг жамоатчиликка етказишда айнан ОАВнинг роли катта.
   

Шунингдек, йиғилишда парламент палаталарининг қўшма мажлисида тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган дастурий режалар ҳам фракция аъзолари томонидан муҳокама қилинди. Ҳукумат томонидан белгиланаётган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросида ва истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишда барча даражадаги партия депутатлик корпусларининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан таклиф-тавсиялар билдирилди. Зеро, эндиликда Асосий Қонунимизга мувофиқ парламент Ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширади. Мазкур имкониятдан келиб чиққан ҳолда фракциямиз Ҳукуматнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури юзасидан ўз муносабати ва позициясини билдиришга, айрим муҳим масалалар юзасидан тегишли изоҳлар талаб этишга ҳақлидир.

Йиғилиш сўнгида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Партия Матбуот хизмати

Амалий фаолиятимизнинг янги асослари шакллантирилмоқда was last modified: Январь 30th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »