Партиядошимизга улкан муваффақият тилаймиз!

28 Январь, 11:11 • Аёллар қаноти, Андижон вилояти, Ёш адолатчилар, Янгиликлар • 917 марта кўрилди • Комментариев к записи Партиядошимизга улкан муваффақият тилаймиз! нет

Ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида истеъдодли қизларга Зулфия номидаги Давлат мукофотининг тақдим этилиши республикамизда аёлларга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Бу йил «Зулфия қизлари» деган бахт кимларга насиб этади?

Ўзбекстон «Адолат» СДП фаолларидан бири, Андижон қишлоқ хўжалик институти талабаси, танловнинг вилоят босқичида таълим йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган Ирода Собиржонова иқтидорли ёшлардан. Илмга ва янгиликка иштиёқи баланд, интилувчан бу қиз аъло баҳоларга ўқиши билан бирга мелиорация фанини чуқур ўрганмоқда.

У Республика «Камолот» ЁИҲ томонидан ўтказилган «Юрт келажаги» танловининг республика босқичи совриндори. Вилоят олий ўқув юртлари ўртасида ўтказиб келинаётган «Заковат» интеллектуал ўйинлари ҳамда турли кўрик-танловларда ҳам фаол қатнашиб келмоқда.

2013 йилда  институтда ўтказилган «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ресурс тежамкор технологиялардан самарали фойдаланиш ва экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни модернизациялаштириш» республика илмий- амалий анжуманида янги ғоялари билан фаол иштирок этиб, устозлари эътиборига тушди. Ёш олимлар ва иқтидорли талабаларнинг «Обод турмуш йили»га бағишланган «Илмий-техникавий анжуман»ида «Энг яхши илмий мақола муаллифи» номинацияси бў­йича биринчи ўринни эгаллади.  2014 йилда «Таълим тизимида замонавий педагогик ва ахборот коммуникацион технологиялардан самарали фойдаланиш» мавзусидаги республика илмий услубий анжуманида ва Наманган давлат университетида «XXI аср — интеллектуал авлод асри» шиори остида ўтказилган ҳудудий конференцияда энг фаол иштирокчи сифатида эътироф этилди.

Бугунги кунда изланувчан талаба  институтдаги «Замонавий бизнес таълим» ўқув курси раҳбари сифатида ҳам фао­лият олиб бормоқда. Тенгдошларига ўз ташаббускорлиги билан доим ўрнак.

Ирода бўш вақтларида спортнинг шахмат тури билан шуғулланади. 2013 йилда у иқтидорли талаба қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, улар ўртасида оммавий спортнинг кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган «Барчиной издошлари» спорт мусобақасида шахмат бўйича институт ғолибаси бўлди.

Иродахон партиядош қизларимиз орасида ташкилотчилиги билан ажралиб туради, дейди Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилояти кенгаши Аёллар қаноти раиси Малоҳатхон Мусаева. У партиявий тадбирларимизда ҳам доим фаол. Айниқса, сафимизга ёшларни жалб этишда ва ўз атрофига ташаббускор ёшларни бирлаштиришда биз билан бирга иш олиб бораётир. Ирода Собиржонованинг олдида янада катта синовлар турибди. Ишонамизки, у Зулфия номидаги Давлат мукофоти кўрик танловининг республика босқичида  ғолибликни қўлга киритади.

 

Акбаржон Назаров,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Андижон вилояти Кенгаши матбуот котиби

Партиядошимизга улкан муваффақият тилаймиз! was last modified: Январь 30th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »