Эзгу фазилатлар турмуш тарзимизда мужассам

10 Январь, 10:26 • Депутат минбари, Янгиликлар • 2357 марта кўрилди • Комментариев к записи Эзгу фазилатлар турмуш тарзимизда мужассам нет

Таълим ва тарбия уйғунлиги инсонни ҳамиша комилликка етаклайди. Илм-маърифат ҳар қандай шароитда ҳам одамларга ягона нажот йўлини топишга, қийинчиликларни енгишга ёрдам беради. Асрлар давомида дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган аллома аждодларимиз эришган муваффақиятларнинг халқимиз ҳаётига, турмуш тарзимизга ижобий таъсири фикримизга далил бўла олади.

Илмли, тарбияли киши ҳеч қачон тўғри йўлдан, инсоф-диёнатдан чалғимайди, такаббурлик қилмайди, ўз манфаатини бошқалар манфаатидан устун қўйиб, обрўсига путур етказмайди. Бундай фазилатлар, биринчи навбатда, оила муҳитида, сўнг маҳалла ва меҳнат жамоасида шаклланади ва авлодлардан авлодларга ўтиб, сайқал топиб боради.

Шарқона таълим-тарбияда ор-номус, одоб-ахлоқ, сабр-қаноат, бағрикенглик, илм-маърифатга интилиш, шунингдек, ота-онага, табаррук ёшлиларга ҳурмат, оила, сулола шаънини муқаддас билиш каби фазилатлар бундан минг йиллар аввал ҳам бугунгидек ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган. Бундай эзгу фазилатлар халқимизнинг қон-қонига сингиб, ҳаётининг маъно-мазмунига, кундалик турмуш тарзига айланиб кетган, десак муболаға бўлмайди. Чунки айни шу каби эзгу фазилатлар неча асрларки, эл-юртни ногаҳоний бало-қазолардан, иқтисодий танглик зарбаларидан сақлаб келмоқда.

Мустабид тузум даврида тақиқлаб қўйилган, эскилик сарқити дея камситилган, моҳияти қасддан бузиб талқин этилган ноёб миллий ва диний қадриятларимиз мустақиллик боис қайта тикланди, маданий ва маънавий ҳаётимиздан муносиб ўрин эгаллади. Эзгулик ва инсонийлик, саховат ва адолатлилик тамойиллари билан йўғрилган Конституциямизда, шунингдек, миллий истиқлол ғоясида, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган Фармон ва қарорларда инсон, унинг эрки, шаъни-ғурури, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият даражасига кўтарилди. «Шу азиз Ватан — барчамизники» деган бағрикенг, умуминсоний шиор ўртага ташланди. Кўп миллатли мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча ватандошларимизнинг тенг ҳуқуқи қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилди, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларнинг ўз ота-оналарига ғамхўрлик қилиши, ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга етгунга қадар тарбиялашлари миллий-маънавий қадрият сифатида конституциявий бурчга айланди. Бош ғояси озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш бўлган миллий истиқлол мафкураси халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва орзу-интилишларини, жумладан, қадим-қадимдан жамоа бўлиб яшаш, оила, маҳалла, эл-юрт тушунчаларининг муқаддаслиги, ота-она, маҳалла-кўй, умуман, жамоатга ҳурмат-эътибор, миллатнинг ўлмас руҳи бўлган она тилига муҳаббат, ҳаёт абадийлигининг рамзи — аёл зотига эҳтиром каби улуғ фазилатларни ўзида акс эттириши билан ҳам эътиборлидир. Айни чоғда, бу мафкура қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурфикрлилик, турли миллат ва элат вакилларига, уларнинг миллий туйғулари ва диний эътиқодига ҳурмат каби қадриятларни ҳам эътироф этади.

Жамият ҳар бир авлоднинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий фаоллиги билан маълум муваффақиятларга эришади, халқнинг турмуш тарзи юксалади. Бу даража авлодлар алмашинуви билан тўхтаб қолмайди, аксинча, янада ривож топади. Шу боисдан ҳам, мамлакатимизда ёш авлодни миллий истиқлол ғоялари руҳида тарбиялаш Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди. Ватанимизнинг эртаси, келажаги бўлган азиз фарзандларимиз учун зарур бўлган шарт-шароитлар, ота-оналари, устоз ва мураббийлари бошлаган ишларнинг муносиб давомчилари бўлишлари, миллат шаъни, юртимиз шарафини янада баланд марраларга кўтаришлари учун лозим бўлган барча имкониятлар яратиб берилди. Ҳаётий тажрибалари ҳамда касб-кор сирларини ёшларга беминнат ўргатаётган мураббийлар меҳнатини қадрлаш, бандлик муаммосини ҳал этиш мақсадида меҳнат жамоаларида «Устоз-шогирд» мактаблари, маҳорат устахоналари, турли касб-кор тўгараклари ташкил этилди. Бугунги глобаллашув шароитида ёшлар онгини эгаллаш учун кураш дунё миқёсида куч олаётган экан, устоз ва шогирдлик анъаналарининг тикланиши ғоят катта аҳамиятга эга. Бу иш билан наинки ота-она, устоз ва мураббийлар, жамиятнинг фаол ҳар бир аъзоси, давлат ва жамоат ташкилотлари, ижодий уюшмалар, маҳалла фаоллари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари муттасил шуғулланишлари лозим. Чунки, ёшларга эътибор қаерда суст бўлса, ўша ерда кутилмаган муаммолар келиб чиқади.

Ёшлар қалбига Ватан туйғуси, ватанпарварлик руҳини сингдиришда кекса авлод вакиллари, умри давомида ҳаётнинг не-не синовларини бошидан ўтказган, ҳам қувончли, ҳам ташвишли воқеаларга гувоҳ бўлган, маҳаллада, эл-юртда обрў-эътиборга эга нуроний отахон ва онахонларнинг ўрни беқиёсдир. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан, 2015 йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб номланишида чуқур ҳаётий мантиқ бор, десак хато бўлмайди. Чунки халқимиз ўз фарзандларини Ватанини севадиган, ҳимоя қилишга қодир, юрт бойликларини асраб-авайлашни ўзининг муқаддас бурчи деб ҳисоблайдиган қилиб тарбиялашда кексаларнинг тажрибасидан, ақл-идрокидан, панд-насиҳатларидан фойдаланиб келган. Шу боисдан ҳам кексалари эъзозланган, отахону онахонлар роҳат-фароғатда, шукроналик билан умргузаронлик қилаётган юрт ҳамиша бой ва қудратли ҳисобланган.

Кексалик умрнинг донишмандлик даври ҳисобланади. Ҳаёт фаровонлашиб бораётгани сари инсоннинг умри, фаоллиги ҳам узайиб боради. Буни мустақил мамлакатимиз мисолида яққол кўриш мумкин. Ҳаётимизнинг барча соҳаларида ёшларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўлиб келаётган пиру бадавлат, обрў-эътиборли кишиларнинг кўпайиб бораётгани, бундай инсонлар оилаларда, маҳаллаларимизда тинчлик-тотувлик, меҳр-оқибат барқарор бўлишига, ёш авлод тарбиясига катта ҳисса қўшаётгани, айниқса, қувонарлидир. Ёшлар кексаларни эъзозлар эканлар, бу билан ўзлари учун пиру бадавлатлик пойдеворини қўйган бўладилар. «Ҳар ким экканини ўради» деганларидек, биз бугун отахон-онахонларимизни, устоз-мураббийларни қанчалар ҳурмат қилсак, вақти келиб ўзимиз ҳам шундай эъзозга муяссар бўламиз.

Алломалардан бири ўтмиш аждодлари шуҳратига маҳлиё бўлиб, ўзи бир ишнинг этагидан тутмай, уларнинг номларини пеш қилиб юраверган кишини ўлик, ўтмиш аждодларни эса тирик деб ҳисоблаган экан. Бу муҳим ўгитни тўғри тушунган ёшлар аждодларга муносиб ворис бўлиш, буюк яратувчанлик ишларини давом эттиришга астойдил ҳаракат қилаётганлари, замонавий билимларни пухта эгаллаётганлари алоҳида таҳсинга лойиқдир. Таассуфки, истиқлол йилларида вояга етган янги авлоднинг бундай ишлари баъзи ғаразли кимсаларга ёқмайди. Уларнинг фикрича, ёшлар асосан ўзларини ўйлашлари, кексалар, ота-оналари тўғрисида ташвиш қилмасликлари, кексалар ҳам ўз фарзандларига юртиқча юк бўлмасликлари зарур эмиш. Бу «кўрсатма»дан кўзланган мақсад — ёшларни худбинлик, манманлик, ўзим бўлайчилик кўчасига бошлаш, тўғри йўлдан оздириш, оилани заифлаштириш, ёшларнинг имон-эътиқодини сусайтириш эканини сезиш қийин эмас. Зеро, худбинлик ва манманлик кўп ҳолларда хоинликка олиб келади.

Ёшлар маънавиятига қилинаётган таҳдидларнинг барчаси халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, асрлар синовидан ўтган, собиқ тузум шароитида ҳам завол топмаган турмуш тарзига, ота-онага, улуғ ёшлиларга ҳурмат-эҳтиром билан боғлиқ, дунё мамлакатларида деярли учрамайдиган ноёб анъаналаримизга мутлақо ётдир. Шундай экан, ахлоқий бузуқлик, тажовузкорлик, индивидуализм, эгоцентризм ғоялари, аниқ айтиш мумкинки, нияти ҳасаддан иборат ташқи кучлар, турли бузғунчи оқимларнинг ўзга давлатларнинг ички ишларига, ўзга халқларнинг шахсий ҳаётига аралашиш, ўзларига мақбул ғайриахлоқий «қадрият»ларни «оммавий маданият» ниқоби остида онгимизга турли воситалар орқали сингдиришга бўлган уринишлардир. Кексалар қўлларини дуога очиб, ёшларни тўғри йўлларга бошлаётган, касб-ҳунарга, одоб-ахлоққа ўргатаётган эканлар, ўзгаларнинг ғаразли ниятлари ҳеч қачон амалга ошмайди.

Ҳар бир халқ, миллат ўзига хос ва мос тараққиёт йўлини танлашга, миллий-маънавий қадриятларини сақлашга, келажак авлодларга мерос қилиб қолдиришга ҳақлидир. Бу ҳуқуқни менсимаслик, оқни қора, тўғрини нотўғри дейиш маънавий тажовуздан ўзга нарса эмас. Муқаддас динимизда инсонларни ўзаро меҳр-оқибатли, саховатли ва кечиримли бўлиш, савоб қилишни унутмаслик улуғ фазилат ҳисобланади. Бошқа манбаларда, масалан, «Қобуснома»да кекса ёшлиларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларга иззат-икром кўрсатиш, ёлғизлатиб қўймаслик зарурлиги, бундай мурувват бор жойда файз, қут-барака бўлиши, турли бало-қазолар одамларни четлаб ўтиши ва аксинча, одамлар ўртасида ноиноқлик, мурувватсизлик, худбинлик юзага келган жойга эса турли фалокатлар ёғилиши уқтирилади. Яхши ният, дуо ва мурувват офатлар, турли кўргуликлар йўлини тўсади, деган гап ҳам бежиз айтилмаган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ушбу долзарб масалалар «Адолат» партиясининг ҳам доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Партия мамлакатимиз келажаги соғлом ва баркамол ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партиямиз ёшларга берилаётган таълим ва тарбиянинг уйғунлигига, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ижодий ва интеллектуал қобилиятларини юксалтириш, етук мутахассис бўлиб етишишларига катта эътибор қаратади. Хусусан, партия бугунги кунда ёшлар тарбиясида «оммавий маданият» ниқоби остида ҳаётимизга кириб келаётган турли ғайриахлоқий «қадрият»лар, тўғри йўлдан оздирувчи, адаштирувчи оқимлар таъсирига тушиб қолмасликнинг олдини олиш, янги авлод вакилларини ҳар жиҳатдан ҳушёр ва сезгир бўлишларига эришишга алоҳида аҳамият қаратади. Зеро, ҳозирги пайтда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ва профессионал тайёргарликка эга бўлган ёшларгина сифатли, жадал ва инновацион тараққиётнинг энг муҳим шарти ва гарови бўла олишлари, айнан улар мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкин.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Эзгу фазилатлар турмуш тарзимизда мужассам was last modified: Январь 12th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »