Муҳаррам Дадаходжаева

Янгича ёндашувлар эҳтиёжи биз бу талабларга жавоб бера оламиз

30 Январь, 14:48 • Депутат минбари, Янгиликлар • 906 марта кўрилди • Комментариев к записи Янгича ёндашувлар эҳтиёжи биз бу талабларга жавоб бера оламиз нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Юртбошимизнинг маърузасини тингларканман, кўнглимда фахрланиш туйғулари билан бир қаторда хижолатпазлик ҳислари ҳам уйғонди.

Мен парламентимизнинг янги аъзоси сифатида зиммамга катта масъулият юкланганини, қайсидир маънода, ишонч билдириб, ўзимни сайлаган фуқароларнинг манфаатлари ҳимоячиси эканлигимни тушунаман, албатта. Бироқ давлатимиз раҳбарининг маърузасини тинглаб, депутатнинг миллат, халқ, бугун ва келажак олдидаги бурчини яққол англадим. Замонамиз, давримиз депутатдан ўз фаолиятига янгича ёндашувни талаб этмоқда! Хўш, биз бу талабга “лаббай!” дея жавоб бера оламизми? Оқлай оламизми бу ишончни, бу масъулиятни? Эртага, индинга, қолаверса, беш йилдан кейин сайловчиларимиз, электоратимиз, элимиз олдида юзимиз ёруғ бўладими?

Мана, шу саволлар мени қийнайди…

Биз ҳаммамиз “Мустақиллик — бу ҳуқуқ” деб такрорлашни хуш кўрамиз. Ҳуқуқ эса қонунларга таянади. Қоғоздаги эмас, амалдаги қонунларга. Зеро, давлат бошқаруви асосини қонунлар ташкил этади. Бу — аксиома. Мана, шу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатни Юртбошимиз яна бир бор куйиб-пишиб тушунтираётгани биз, қонун ижодкорларини хижолатга солмай қўймайди.

Ахир, тасаввур этиб кўринг: ўтган беш йил мобайнида парламент томонидан қабул қилинган 140 дан зиёд қонуннинг атиги 19 таси Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан қабул қилинган. Ана шу қонунларнинг ҳам бор-йўғи 3 таси янги қонунчилик ҳужжатлари бўлиб, 16 таси амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ, асосан юридик-техник хусусиятга эга бўлган қонун ҳужжатларидир.

Бу, менимча, профессионал парламент учун сира-сира ярашмайдиган даражадаги паст кўрсаткич… Шу сабабли ҳам замоннинг ўзи депутатларнинг профессионал даражасини оширишни талаб этмоқда.

Энг асосийси, буни биз ўзимиз ҳам сезиб-билиб турибмиз.

Айниқса, Қонунчилик палатаси фаолиятида сиёсий партиялар фракцияларининг ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш энг муҳим вазифалардан бири эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Бу борада бизга намуна бўла оладиган иш тажрибаси бор. Ҳаммамизнинг ёдимизда, 2014 йили Қонунчилик палатаси томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича биринчи марта Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳуқуқий тажриба амалга оширилди. Нафақат ўзимизнинг, балки хорижий экспертларнинг фикрига кўра ҳам ноёб хусусиятга эга бўлган ушбу тажриба сифатли, ҳаётнинг бугунги талабларига жавоб берадиган қонунчилик ҳужжатини тайёрлаш ва қабул қилишнинг замонавий усулларини синаб кўриш имконини берди. Демак, биз беш йиллик фаолиятимизда бу тажрибадан янада самарали фойдаланишни йўлга қўйишимиз шарт. Зеро, айнан мазкур тажриба назария билан амалиётнинг уйғунлиги ўзининг катта самараларини беришини исботлади. Яъни, амалиётчилар ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда қонунларнинг моҳияти, ишлаш механизмларида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар хусусида ўзларининг залворли фикрларини айтдилар. Демак, биз депутатлар ишимиз самарали бўлиши, қонунчиликнинг сифати ва таъсирчанлигини ошириш учун олимлар, юқори малакали мутахассис ва экспертларни кенг жалб этган ҳолда, қонун лойиҳасини, албатта, атрофлича муҳокама этишимиз шарт. Бундай саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, қонунларнинг сўзсиз бажарилишини, айни пайтда уларда белгиланган нормаларнинг бир-бирига зид келиб қолмаслигини, қонунчиликнинг аниқ тизимга асосланишини, умуман, ҳуқуқий тартибга солиш тизимининг мукаммал бўлишини таъминлайди, ахир.

Яна бир мулоҳаза. Ҳаммага бирдай маъқул бўладиган универсал қонунлар йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Шу сабабли, Президентимиз маърузасида таъкидланганидек, парламентимизда ва маҳаллий вакиллик органларида фракциялар ёки айрим депутатлар ўртасида доимо фикрлар қарама-қаршилиги, мунозаралар бўлиши керак, айнан шу ерда сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари, манфаатлари ифода этилиб, депутатлар ўз фикрларини илгари сурадиган кучли баҳс ва рақобат бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Аммо биз бундай демократик жараёнларни кўпда кузатавермаслигимизни ҳам тан оламиз. Ваҳоланки, профессионал асосда амалга оширилган баҳс-мунозаралар, ғоя ва дастурлар ҳамда муқобил қонун лойиҳалари ўртасидаги рақобат ишимизнинг сифати ва самарадорлигини таъминлайди.

Айнан шу мулоҳазалар кўнглимдан ўтиши асносида парламентнинг янги аъзолари зиммасига нечоғли юксак масъулият, миллий ривожланиш билан боғлиқ улкан вазифалар юкланаётганини дилдан ҳис этдим.

Чиндан ҳам, қонунлар қабул қилинар экан, улар инсонларнинг турмуш тарзига, дунёқарашига маълум ўзгартириш киритиши, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётга ижобий таъсир кўрсатиши зарур. Истиқлол шарофати билан мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими юзага келган экан ва бу жараёнда аҳоли турли қатламларининг иштироки таъминланган экан, демак, ҳар бир қабул қилинган қонун, қонун ҳужжатлари ишлаши керак. Бунинг учун эса, уларни амалиётга татбиқ этишнинг самарали ва ҳаётга яқин механизмлари ҳам такомил топиши зарур.

Ҳар бир йилимиз мамлакатимизда эркин демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида эришилаётган ютуқларга бой бўлмоқда, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилаётган, ҳаётимизга фаол жорий этилаётган демократик ўзгариш ва ислоҳотлар натижалари бугун ҳаётимизнинг барча соҳаларида яққол кўзга ташланмоқда. Жамият аъзоларида бурч ва масъулият ҳисси, Ватан равнақига дахлдорлик туйғуси ошаётгани ҳам энг катта ютуқларимиздан бири ҳисобланади. Дунё мамлакатларида ҳали-ҳамон давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор суръатлар билан ривожланаётгани, аҳолининг даромадлари ошиб, турмуш тарзи йилдан-йилга фаровонлашиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир.

Президентимиз амалдаги қонунлар жамият тараққиётига, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига қандай таъсир кўрсатаётгани, одамлар қонунчиликнинг эркинлаштирилишини ўз ҳаётларида қандай ҳис этаётганини, бу тўғрида матбуотда қандай фикр-мулоҳазалар эълон қилинаётгани ўрганилмаётгани, жойлардан парламентга келаётган ахборотларни ўрганиш механизми талаб даражасида ишламаётганини тўғри таъкидлаб ўтди. Шу маънода, Олий Мажлис палаталарининг қонунчилик фаолиятини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатларда қонунларни ижрочиларга етказиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини ўрганиб, шу асосда парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастурларига тузатишлар киритиш билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш янги парламентнинг долзарб вазифаси бўлиб қолади. Бу вазифаларни тўла амалга ошириш шунинг учун ҳам зарурки, масалан, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида қонунларимизда белгилаб қўйилаётган рағбатлантирувчи омиллар, преференциялар ишласагина, самара беради. Биз депутатлар нафақат амалдаги қонунларнинг сўзсиз бажарилишидан, айни пайтда уларнинг бир-бирига зид келиб қолмаслиги, қонунчиликнинг аниқ тизимга асосланиши, умуман, ҳуқуқий тартибга солиш тизимининг мукаммал бўлишини таъминлашдан манфаатдор бўлишимиз зарур.

Ҳа, депутат фаолиятига янгича ёндашувлар эҳтиёжи кучаймоқда. Биз бу эҳтиёжларни чуқур англаб, олдимизга қўйилган талабларга жавоб бера олсак, ўйлайманки, масъулиятли депутат мақомини, номини оқлаган бўламиз.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Янгича ёндашувлар эҳтиёжи биз бу талабларга жавоб бера оламиз was last modified: Январь 30th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »