ПРЕСС-РЕЛИЗ

16 Январь, 12:30 • Пресс-релизлар • 1131 марта кўрилди • Комментариев к записи ПРЕСС-РЕЛИЗ нет

ПРЕСС-РЕЛИЗ

2015 йил 16 январь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг II Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши, Марказий Тафтиш комиссияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия фахрийлари ва фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Пленумда дастлаб “Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки тўғрисида”ги масала муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2014 йил 26 декабрдаги Қарорига асосан жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов белгиланган. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар. Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг асосий тадбирлари дастури қабул қилинган.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб иштирок этиши масаласи Пленум иштирокчилари томонидан чуқур муҳокама қилинди. Муҳокама жараёнида Пленум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қатнашиш мақсадида тайёргарлик ишларини кучайтириш, Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш, партиянинг олий органи — Қурултой чақириш каби масалаларга тўхталиб ўтишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш “Адолат” СДП учун мамлакат сиёсий майдонида янада чиниқиш, тажриба орттириш, шу билан бирга, кўппартиявий шароитида бошқа партиялар билан сиёсий рақобатга киришиш борасида катта мактаб вазифасини ўташи қайд этилди.

Муҳокамалар якунида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш ҳамда ўз электорати олдида партия зиммасида турган вазифалардан келиб чиқиб, партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

Пленумда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзоди тўғрисидаги масала ҳам иштирокчилар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Партиядан  Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Партия фракцияси раҳбари Умаров Нариман Маджитович Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида таклиф қилинди. Мазкур таклиф Пленумнинг барча иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Партиянинг Уставига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Партия томонидан номзод кўрсатиш Партия Қурултойи томонидан амалга оширилади. Ушбу муносабат билан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг VII Қурултойи 2015 йилнинг 10 февраль куни Тошкент шаҳрида чақирилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатиладиган номзоднинг тарғибот-ташвиқот ишларини муносиб равишда, юқори савияда ўтказилиши таъминлаш юзасидан Пленум иштирокчилари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек, Пленум кун тартибидаги “2014 йил 21 декабрь ҳамда 2015 йил 4 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда ҳудудий Кенгашларга ўтказилган сайлов кампанияси натижалари тўғрисида”ги масала юзасидан Наримон Умаровнинг маърузаси тингланди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

ПРЕСС-РЕЛИЗ was last modified: Январь 16th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »