Парламент қуйи палатасига сайлов якунланди

5 Январь, 11:30 • Расмий хабарлар, Сайлов-2014, Янгиликлар • 865 марта кўрилди • Комментариев к записи Парламент қуйи палатасига сайлов якунланди нет

Шу йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов олиб борди.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11 ва 48-моддаларига мувофиқ, 2015 йил 4 январда 22 та сайлов округида бўлиб ўтган такрорий овоз бериш натижаларини инобатга олган ҳолда мамлакат парламенти Қонунчилик палатаси сайлови якунлари кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган округ сайлов комиссияларининг такрорий овоз бериш натижалари ҳақидаги баённомалари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 22 нафар депутати рўйхатга олинди. Шундай қилиб, барча 135 та сайлов округида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови якунланди.

Шунингдек, мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

******

Шу куни 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов қайд этганидек, сайлов амалдаги сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, унда мустаҳкамлаб қўйилган очиқлик, ошкоралик ва муқобиллик ҳамда демократик тамойилларга тўла мувофиқ ҳолда ўтказилди.

2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурида кўзда тутилган ташкилий-ҳуқуқий тадбирларнинг изчил амалга оширилгани бунга кўп жиҳатдан имкон берди. Қонун ҳужжатларида белгиланган қоида ва талаблар барча учун бир хил ва мажбурийлигига сайлов кампанияси даврида тўлиқ амал қилинди.

Сайлов тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, сиёсий партияларга ва депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқотини амалга оширишда, сайловчилар билан учрашувлар ўтказишда, сайловолди дастурлари мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказишда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича тузилган сайлов округларидан 127 тасида битта депутатлик мандати учун 4 нафардан номзод, 8 тасида 3 нафардан номзод кураш олиб борди. Умуман, мамлакатимиз бўйича сайловчилар рўйхатига 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчининг фамилияси киритилиб, сайловда 18 миллион 490 минг 245 нафар ёки рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 88,94 фоизи қатнашди.

2014 йил 21 декабрдаги овоз бериш натижаларига кўра, 113 та сайлов округида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайланди. Шу билан бирга “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ 21 декабрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 15 нафар депутати сайланди.

Сиёсий партияларнинг кескин рақобати натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича 22 та сайлов округида номзодларнинг бирортаси ҳам сайланиш учун зарур овозларни тўплай олмади. Шу муносабат билан 2015 йил 4 январь куни ушбу округларда такрорий овоз бериш ўтказилди.

Сайлов қонунчилигига асосан такрорий овоз бериш 22 та сайлов округининг ҳар бирида асосий сайлов натижаларига кўра сайловчиларнинг энг кўп овозини олган икки нафар депутатликка номзод бўйича ўтказилди. Такрорий овоз беришда сайловчилар рўйхатига фамилиялари киритилган 3 миллион 434 минг 345 нафар сайловчидан 2 миллион 642 минг 63 нафар сайловчи иштирок этди ва бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 76,9 фоизини ташкил қилади.

Такрорий овоз бериш миллий сайлов қонунчилигининг барча қоидаларига мувофиқ умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида очиқ ва ошкора ўтказилди. Тегишли округларда депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб бориш ва бу мақсадда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланиши мумкин эди. Такрорий овоз беришда сиёсий партияларнинг 5700дан ортиқ кузатувчилари ва ваколатли вакиллари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси раиси брифинг қатнашчиларига маълум қилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови натижаларига кўра, парламент қуйи палатасига 150 нафар депутат, шу жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан 52 нафар; Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 36 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 27 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 20 нафар депутат сайланди. 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатининг вакилларидир. Сайланган депутатларнинг 24 нафари ёки 16 фоизи хотин-қизлардир.

Сайланган 150 нафар депутатдан 40 нафари ёки 27 фоизи илгари Қонунчилик палатаси депутати бўлган. Бу сайланган депутатларнинг нафақат ўз сайловчиларининг ишончига сазовор бўлганлигидан, қолаверса парламент қуйи палатасининг профессионал фаолиятида уларнинг ҳаётий тажрибаси ва қонун ижодкорлиги амалий кўникмаларидан янада самарали фойдаланиш имконини беради. Қуйи палата таркибида жамиятнинг деярли барча қатламлари вакиллари бор.

Сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва хорижий кузатувчиларнинг фаолияти катта омил бўлиб хизмат қилди. Сайлов жараёнини 550 дан ортиқ миллий ва 120 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, 180 дан ортиқ интернет-нашрлар ёритиб борди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ 9 мингдан ортиқ материаллар эълон қилинди.

Сайловни кузатишда 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлиги ташкилотидан ҳамда 52 та давлатдан 340 дан ортиқ кузатувчилар, шунингдек, сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчилари ва ваколатли вакиллари иштирок этди.

Сайловларнинг демократик принциплар асосида ўтказилиши ушбу жараёнда қонун ҳужжатларига амал қилиниши барча бўғиндаги сайлов комиссияларининг уюшқоқлик билан, аник бажарган, мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик тамойилларига асосланган фаолияти орқали таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловда халқимиз Ўзбекистон танлаган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлига содиқлигини яна бир карра намоён этди.

2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича

Республика матбуот маркази

Парламент қуйи палатасига сайлов якунланди was last modified: Январь 6th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »