Тўрақўрғонлик “Адолат”чилар сайловларда катта муваффақиятга эришдилар

5 Январь, 15:17 • Наманган вилояти, Сайлов-2014, Янгиликлар • 1011 марта кўрилди • Комментариев к записи Тўрақўрғонлик “Адолат”чилар сайловларда катта муваффақиятга эришдилар нет

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов ҳам ниҳоясига етди. Республикамизнинг ҳамма ерида бўлганидек, сайлов Наманган вилоятида ҳам юксак уюшқоқлик билан ўтди. Энг муҳими, партиямиздан депутатликка кўрсатилган номзодлар кўп жойларда муваффақият қозондилар. Айниқса, Тўрақўрғон туманида “Адолат”чилар эришган натижалар таҳсинга лойиқ.

Эркин Эргашев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман Кенгаши раиси:

Cайлов жараёнида номзодлар танлаш, тарғибот-ташвиқот ишларига масъулият билан ва жиддий ёндошганлигимиз яхши самара берди. Энг аввало, пухта ва ҳар томонлама ўйланган тадбирлар режаси туздик. Унда аввалги сайловлар тажрибасини, йўл қўйилган хатоларни ҳисобга олдик. Белгиланган ҳар бир банднинг ўз вақтида ва юқори савияда ижро этилиши учун фаолларни бириктирдик. Барча партиядошларимиз умумий муваффақиятга салмоқли ҳисса қўшиш учун куч-ғайратларини аямасдан меҳнат қилдилар.

Шуни айтиш керакки, Эркин Эргашев вилоятдаги партиямизнинг энг ёш етакчиларидан бири. Касби ҳуқуқшунос, жамоатчилик иши тажрибасига эга. Туман кенгашига раҳбарлик қила бошлаганига эндигина икки йил тўлишига қарамай, қисқа муддатдаёқ партиявий ишларни жонлантиришга, БПТ фаолиятини оширишга, улар атрофида фаолларни жипслаштиришга эришди. Бугунги кунда тумандаги “Адолат”чилар сафида 300дан ортиқ киши бор. Улар иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг турли жабҳаларидаги 13та бошланғич ташкилотга бирлашишган. Аёллар қаноти аъзолари ва “Ёш адолатчилар” Кенгашлари партия ғоялари ва сайловолди дастурини кенг оммага етказишда жонкуярлик билан иш олиб боришмоқда.

Энди бевосита сайлов натижаларига келсак. Халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгашига биринчи турда 27 нафар депутат сайланди. Уларнинг саккиз нафари “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзодлардир. Агар 2009 йилги сайловларда вакилларимиз туман кенгашида биронта ҳам ўрин олмаганликларини эсласак, бу натижанинг салмоғи баландлиги яна бир бор сезилади. Шунингдек, маҳаллий сайловчиларнинг аксарияти партиямиз томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзод – Акмал Бурҳоновга ҳам юксак ишонч билдирганлиги нур устига нур бўлди.

Тўрақўрғонлик депутатларимиз орасида турли ёш ва касбдаги партиядошларимиз бор. Туман партия кенгашининг раиси Эркин Эргашев 25-Сарой сайлов огругида ғолиб чиқиб, депутатлик мандатини қўлга киритди. Депутатлар ичида энг ёши Муяссар Икромова ҳисобланади. У йигирма тўққиз ёшда. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси туман бўлими мутахассиси. Муқаддасхон Аҳматова эса Тўрақўрғон қишлоқ хўжалиги коллежида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайди. Сафибулло Ғаффоров  хусусий тадбиркор, партия туман кенгашининг тиниб-тинчимас фаолларидан.

Яна бир диққатга сазовор жиҳати – депутатларимиз орасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари ҳам анчагина. Бу эса партиямиз ғоялари бевосита аҳоли яшаш жойларида кенг тарқалиш истиқболига эгалигидан далолат. Масалан, Зокиржон Арслонов “Шаҳанд” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, Абдулвоҳид Азизов эса “Бураматут” ҚФЙдаги “Калвак” маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли. Келдибой Нўъмончаев – “Олчин” МФЙ (“Шаҳанд” ҚФЙ), Эркинбой Бориев “Қатағон” МФЙ (“Қатағон” ҚФЙ) етакчиси.

Қисқаси, халқ депутатлари туман кенгашида шаклланадиган партиямиз гуруҳи ўз фаолиятини юқори даражада йўлга қўя олади, деган умид бор. Чунки депутатларимиз билимли, серғайрат, ҳаётий тажрибага эга, халқ ва партиямиз ишончини оқлай оладиган салоҳиятли инсонлардир.

Муҳим сиёсий жараённи муваффақиятли якунлаган Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши фаоллари келгусида янада юксак марраларни эгаллашни мақсад қилишган. Янги йилнинг дастлабки ҳафтасида ташкил этилган тадбирда айнан шулар ҳақида гап борди. Иштирокчиларни туман ҳокими Носиржон Қаюмов, “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Олимжон Мақсудов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурҳонов ва бошқалар қутлаб, партиямизнинг жамиятдаги нуфузи бундан ҳам ортиб боришига ишонч билдирдилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби

Тўрақўрғонлик “Адолат”чилар сайловларда катта муваффақиятга эришдилар was last modified: Январь 5th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »