Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш — дастурий мақсадимиз

21 Февраль, 14:24 • Тошкент шаҳри, Фракция, Янгиликлар • 1806 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш — дастурий мақсадимиз нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида парламент қуйи палатасининг галдаги ялпи мажлиси кун тартибига биринчи ўқишда киритилиши режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Шунга мувофиқ, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган 2014-2015 йилларда Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар Дастурининг тегишли бандлари ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган.

Қонун лойиҳаси билан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририга акциядорлар умумий йиғилишида жамиятни ўрта ва узоқ муддатга ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш, жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича амалга оширилаётган чоралар тўғрисидаги кузатув кенгаши ва ижроия органи ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш каби мазмундаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.

Муҳокамалар жараёнида мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши республикада акциядорлик жамиятлари корпоратив бошқарувини фаол ривожлантириш ва самарали шаклланишига ҳамда жамият миноритар акциядорларининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Зафар Султонов, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида корпоратив бошқарув тизими муҳимлиги хусусида тўхталиб, амалиётда акциядорлар, авваламбор, акцияларнинг миноритар эгалари ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланмаётгани, улар акциядорлик жамиятлари фаолиятига таъсир кўрсатмаётганини, бунга сабаб эса ҳуқуқнинг бошқа соҳалари, хусусан, маъмурий, жиноят, хўжалик қонунчилигида амалдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлайдиган маъмурий-ҳуқуқий, суд-ҳуқуқ механизмлари кўзда тутилмаганлигини таъкидлаган эди. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қонунчиликдаги айни шу ва бошқа бўшлиқларни бартараф этиш имконини беради. Хусусан, унда йирик акциядорларга, яъни 25 фоиздан ортиқ акция эгаларига дивидендлар мазкур жамиятнинг миноритар акциядорлари олдида дивидендлар бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаслик шарти билан тўланиши, акциядорларнинг умумий мажлисида жамиятнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияси тасдиқланиши, ижро органи ва кузатув кенгашининг жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича ҳисоботларини мунтазам эшитиб боришга оид нормаларни белгилаб қўйиш назарда тутилаяпти. Қонун лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши республикамиздаги акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни самарали шакллантириш ва фаол равнақ топтириш, жамиятнинг миноритар акциядорлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари муҳофазасини таъминлашда муҳим омил бўлади. Мазкур қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида фракциямиз аъзолари қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратишга доир дастурий ғояларимизга асосланишди ҳамда уни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда фракция аъзолари “Хусусий мулк ҳуқуқларини кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар.

Ушбу қонун лойиҳасининг мақсади норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда хусусий мулк тушунчасини ва унинг нодавлат мулкидан фарқини аниқ ифодалаш, қабул қилинган қонунларга мувофиқ иқтисодиётнинг хусусий сектори устуворлигини, уни қўллаб-қувватлашни ва дахлсизлигини амалда таъминлашдир.

Депутатлар қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқиш жараёнида уни қабул қилишнинг бугунги кундаги заруриятига асосий эътиборни қаратдилар.

Қайд этилишича, республикамизнинг амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ифода этилган хусусий мулк тушунчаси нодавлат мулки тушунчаси билан бир хил мазмунга эга, яъни давлатга тегишли бўлмаган мулк, ўз моҳиятига ва қонунчиликнинг амалдаги нормаларига кўра хусусий мулк ҳисобланади. Ушбу ҳолатда таҳлилий-статистика маълумотларни юритишда хусусий мулкдан жисмоний шахслар мулкининг улушини ажратиш учун нодавлат мулки ва хусусий мулк тушунчаларига изоҳ бериш зарурияти мавжуд.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси,
Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Фуқаролик кодекси, Уй-жой кодекси, Солиқ кодексига, Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Алишер Махматмуродов, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Муҳокамалар жараёнида қайд этилганидек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳанузгача мулк ҳуқуқи кафолатларига сўзсиз риоя этиш механизми лозим даражада йўлга қўйилмаганлиги сабабли амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурияти мавжуд эди. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан хусусий мулкни ва хусусий тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек, хусусий мулкни олиб қўйишда айбдор шахсларнинг, жумладан, мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, яъни бевосита ёки билвосита мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилишга қаратилган ҳаракатларни содир этиш, номақбуллиги олдиндан маълум бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан, ундан мол-мулкни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, шунингдек, унинг мол-мулкини тортиб олиш ёхуд уни ўз мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишда айбдор шахсларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш мақсадида қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси ҳуқуқни қўллаш амалиётида мулк ҳуқуқи кафолатларига сўзсиз риоя этиш механизмини кучайтиришга, тадбиркорларнинг фаолиятига халақит бераётган тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилиши билан партиямиз дастурий мақсад-вазифаларига мос келади. Қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғояларини илгари суриш, уларнинг мукаммаллиги ва бир хил тушунилишини таъминлаш депутатлик корпусимиз қонунчилик фаолиятининг асосий мезони бўлганлиги сабабли мазкур қонун лойиҳаси фракциядошларимиз томонидан маъқулланди.

Йиғилиш кун тартибидаги “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатларнинг қизғин мунозараларига сабаб бўлди.

Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади мамлакатимиз аҳолиси орасида йод етишмовчилигини бартараф этиш, унинг салбий оқибатлари олдини олишга қаратилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра бугунги кунда йод танқислиги касалликлари дунёнинг 130 та мамлакатида долзарб муаммога айланган. Яъни, бугун дунё аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғи йод танқислиги касалликларининг ривожланиш хавфи юқори шароитларда яшамоқда.

Муҳаррам Дадаходжаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Инсон организмида йод етишмаслиги унинг ақлий ривожланиши ва интеллектуал салоҳиятининг пасайишига ҳамда қалқонсимон без касалликларига сабаб бўладиган омиллардан саналади. Албатта, мамлакатимизда йод танқислиги касалликларининг олдини олишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, бугунги кунда унинг олдини олишни бошқариш бўйича 10 га яқин ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар мавжуд. Шунга қарамай бугунги кунда соҳага доир қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритиш зарурати мавжуд. Маълумки, йод танқислиги ҳолатларининг олдини олишда энг самарали ва хавфсиз усуллардан бири барчани йодланган ош тузи билан таъминлашдир. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан амалдаги қонунчиликка йодланган ош тузи ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилиш соҳаларидаги муносабатларни тартибга солиш, аҳолини фақат сифатли йодланган ош тузи билан тўлиқ таъминлаш йўли орқали йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш ва камайтиришга оид нормалар киритилмоқда. Маълумки, “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, партиямиз аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда профилактика ишларини кучайтиришга устувор вазифа сифатида қарайди. Шу нуқтаи назардан, келажак авлоднинг, умуман, миллатимизнинг интеллектуал, таълим ва касбий салоҳиятининг йўқолишига олиб келадиган салбий оқибатларнинг олдини олишга хизмат қилувчи мазкур қонун лойиҳаси партиямиз сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва мақсадларга тўла мос келади. Фракциямиз аъзоларининг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши миллат генофонди мустаҳкамланишига, унинг ақлий, интеллектуал салоҳияти юксалишига, умуман, аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган амалдаги қонунчилик базасини такомиллаштиришга хизмат қилади ҳамда эпидемиологик ҳолатни яхшилаш, ушбу касалликлар профилактикаси даражасини кўтариш имконини беради.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қонунчилик амалиётида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунни жорий қилиш ва ижро этилишининг самарали механизмларини яратишни назарда тутувчи  ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Хусусан, киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимчалар билан махсус ажратилган жойлардан ташқари жамоат жойларида ва ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда чекиш, алкоголь ичимликларини қуйиб сотиш рухсат берилган савдо ва умумий овқатланиш объектлари ҳамда тўй, юбилей ва бошқа тантаналар, маросимларни ўтказиш жойларидан ташқари жамоат жойларида спиртли ичимликларни ичишни чекловчи нормалар назарда тутилмоқда.

Шуҳрат Полвонов, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, юқоридаги чекловларни бузган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Жумладан, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорда, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб қилиш энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача  миқдорда жаримага тортилади. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялаш соҳасидаги Давлат сиёсатининг жорий ҳуқуқий базасини тўлдиради, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган туғма жисмоний нуқсонлар, барвақт ногиронлик ва ўлим ҳолатларининг камайишига кўмаклашади ва натижада ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Шунингдек, йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Радиочастота спектри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда кўрилган барча масалалар юзасидан фракция аъзоларининг партия позициясидан келиб чиқадиган таклиф-тавсиялари тингланди ва фракция нуқтаи назари белгилаб олинди.

Партия Матбуот хизмати

Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш — дастурий мақсадимиз was last modified: Февраль 24th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »