Сиёсий кучнинг ҳар бир фаоли ижро ташаббускоридир

14 Февраль, 09:15 • Депутат минбари, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 763 марта кўрилди • Комментариев к записи Сиёсий кучнинг ҳар бир фаоли ижро ташаббускоридир нет

Дунё давлатлари иқтисодиётида жиддий муаммолар ҳамон сақланиб турганига қарамасдан, мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланганлиги, бир қатор мамлакатларда молиявий-иқтисодий инқироз сифатида намоён бўлган йиллар республикамиз учун тараққиёт даврлари бўлиб қолаётгани эришган ютуқларимизда яққол акс этиб, юртдошларимизга ғурур ва куч-ғайрат бағишламоқда.

Ҳаётдан рози инсоннинг кўнгли тўқ бўлади ва олдинга интилиб, фидокорона меҳнат қилади, ўз ишига самимий муносабат, ишонч билан ёндашади. Асосийси, айни пайтда юртимиз аҳлининг дилидан кечаётган бундай кўтаринки кайфият, эришилган муваффақиятлар бизни янги марралар сари ундашда давом этмоқда. Фидойи инсонлар ўз меҳнатлари, изланишлари самарасидан баҳраманд бўлишмоқда, аждодларга муносиб фарзандлар халқимизнинг кўз олдида комил инсонлар бўлиб вояга етаётгани яқин йилларда ва истиқболда ҳам тараққиёт одимлари илдам, улкан натижалар бардавом бўлишини ёрқин акс эттирмоқда. Шу ўринда биргина иқтибос, дунёда миллионлаб ёшлар иш ўринларидан маҳрум бўлиб қолаётган бир пайтда, мамлакатимизда касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари иш билан таъминланмоқда, тадбиркорлик билан шуғулланишга аҳд қилган ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилаяпти, кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Айтиш жоизки, “Адолат” СДП Самарқанд вилояти кенгаши ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги “Самантепгилам” корхонасида 176 нафар киши иш бошлаган бўлса, Самарқанд давлат музей-корхонасига 7 нафар коллеж битирувчиси ва СамДУни тамомлаган ёшларимиз ишга жойлашди. Партиямизнинг Ургут туман кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Зоҳида Элмуродованинг ташкилотчилигида Самарқанд шаҳридаги “Агромир” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасида 137 нафар ёшлар, “8 март” МЧЖда 49 нафар хотин-қизларнинг иш билан бандлиги таъминланди.

— Бизнинг кўмагимизда Қоратепа қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Бешкон маҳалласидан 186 нафар йигит-қиз Самарқанд шаҳрида иш билан таъминланди. Шу билан бирга, фаолларимиз ёрдамида 17 та хонадонда касаначилик йўлга қўйилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар элга наф келтириши билан бирга ҳудудда партиямизнинг обрўси ошишига хизмат қилади, — дейди Зоҳида Элмуродова.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгиланган муҳим вазифалар Ватанимиз равнақи, халқ фаровонлигини таъминлашда ўз ғоя ва мақсадларини амалга ошириш билан ҳисса қўшишга ҳаракат қилаётган партиямиз зиммасида ҳам катта масъулият борлигини аниқ ифодаламоқда. Партиямиз дастурида белгиланган “Иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ривожланиши — аҳоли турмуш фаровонлиги ўсишининг кафолати” деган ғояга амал қилиб, ўз олдимизда турган бу вазифаларни уддалашга бор кучимизни сафарбар этишимиз шарт. Барча имкониятлар яратилган шароитдамиз, демак, бунинг учун ҳар биримиздан фидойилик, билим, матонат, партиявий талабчанлик, сиёсий маҳорат талаб этилади. Тинч-осойишта юртда, фаолиятнинг демократик қонуний асослари кафолатланган жамиятда сиёсий партия вакиллари, депутатлардан ўз мақомига яраша муносиб ишлаш, уларга ишонч билдирган халққа чинакам холис хизмат қилиш талаб этилаяпти. Аммо, биз кўпинча бор имкониятларни ишга солмасдан, қадрига етмасдан, вақтни ўтказиб юборамиз. Мана шундай лоқайдликдан эҳтиёт бўлишимиз, ҳаракатчанлик, ташаббускорликни асло бой бермаслигимиз керак.

Шиддат билан кечаётган тараққиёт ҳар бир депутатдан ўз фаолиятига янгича ёндашувни, мақсад сари қатъий позицияга эга бўлиш ва уни ҳимоя этишга қодир бўлишни, сиёсий куч вакили сифатида ҳаммаслаклар билан янада жипслашиб ҳаракат қилишни, шу билан бирга, соғлом рақобат шароитида ҳар бир масала хусусида юқори профессионал тарзда фикрлаш ва ечим топишни, керак бўлса, замондан бир қадам илгари юришни тақозо этаяпти. Буни чуқур англаган, саъй-ҳаракатларида қўллаб, тўғри ва пухта тузилган дастур ва режаларининг кўп ўтмай аниқ натижаларини кўрсатишни бошлай олган депутат ёки депутатлик гуруҳи кутилган натижаларга эришади, юзи ёруғ бўлади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида қабул қилинаётган қонунлар одамлар ҳаётига, сиёсий, иқтисодий тараққиётга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида жойлардан келиб турадиган, парламентга ўз фаолиятини янада такомиллаштириш имконини берадиган ахборот алмашиш механизми деярли ишламаётганига эътибор қаратди. Ўйлайманки, бу вазифа маҳаллий Кенгашлар депутатларига ҳам кўпроқ тааллуқли ва ушбу масалада улар етакчи ўринларда ҳаракат қилишлари лозим. Шу билан бирга, Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзолари билан ҳамжиҳатликда ишлаш орқали, жумладан, ишлаб чиқилаётган ҳар бир қонунга реал ҳаётда қай даражада эҳтиёж бор ва у қанчалик самарали ишлайди, деган саволга жавоб ҳозирланади.

Вақтдан бир қадам ҳам ортда қолмай, ўз фаолияти давомида бу муҳим вазифаларнинг ижро мундарижасини ўзига тўлдириб бориш халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашида тузилган депутатлик гуруҳимиз аъзоларидан ҳам жиддий саъй-ҳаракатларни тақозо этади. Шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалаларида ўз сўзимизни айтиш ва ижрога йўналтириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида кўзлаган режаларимиз мундарижаси ҳам бизнинг жонкуярлик, фидойилик фазилатларимиз ва ташкилотчилик қобилиятимизни ҳар доим синовдан ўтказаверади, десак, янглишмаймиз. Хусусан:

— аҳолининг турмуш фаровонлигини янада ошириш мақсадида ҳар бир депутат округ доирасидаги мавжуд муаммоларни аниқлаши ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиши;

— бандликни таъминлаш мақсадида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашда ташаббус кўрсатиш;

— жойларда қонун устуворлигини, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жамоатчилик назоратини кучайтириш;

— ҳудуддаги мавжуд касб-ҳунар коллежларида, шу ҳудуддаги талаб ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, ўқувчиларни касбга тайёрлаш омилларини ўрганиб чиқиш ва таҳлил этиш билан уларни керакли муттахассисликлар бўйича касбга йўналтириш;

— ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилаларни, ёлғиз кексаларни аниқлаб, уларни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш ва бошқа шу каби қатор вазифалар бизни халқ билан ҳамнафас ишлашга, юртимизнинг бунданда гуллаб-яшнаши учун депутатлик бурчимизни виждонан адо этишга ундаб турибди.

Муҳиба БОБОБЕКОВА,

халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Сиёсий кучнинг ҳар бир фаоли ижро ташаббускоридир was last modified: Февраль 16th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »