Ислоҳотлар самарасида ҳаётбахш ғояларимиз акс этмоқда

12 Февраль, 11:37 • Депутат минбари, Янгиликлар • 866 марта кўрилди • Комментариев к записи Ислоҳотлар самарасида ҳаётбахш ғояларимиз акс этмоқда нет

Мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг натижалари марказий бошқарув органларида доимий равишда муҳокама қилиб келинади, эришилган натижаларга холисона баҳо берилиб ушбу соҳада тўлиқ фойдаланилмаган ички имкониятлардан самарали фойдаланиш ва мавжуд камчиликларни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланади.

Жорий йилнинг 16 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг Мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган йиғилишида ҳам ўтган йилда эришилган ютуқлар сарҳисоб қилинди. Ушбу йиғилишдаги давлатимиз раҳбарининг маърузасидаги хулосалар, таклиф ва тавсиялар ҳам назарий, ҳам амалий аҳамиятга эга. Чунки улар яқин келажакда миллий иқтисодиётни янги босқичларга кўтариш ва аҳоли турмуш даражасини янада оширишга қаратилган.

Президентимиз маърузасини телевидение орқали мен республикамизнинг бошқа фуқаролари сингари катта қизиқиш билан тингладим ва маълум хулосаларга келдим.

Маърузада таъкидланганидек, халқаро даражада “ўзбек модели” деб эътироф этилган ва тан олинган мамлакатимизнинг бозор иқтисодиётига ўтиш тамойиллари ва уларга амал қилиш ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Буни мамлакатда 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилган кўрсаткичлардан ҳам билиш мумкин. Ўтган йил билан солиштирилган мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 8,1 фоизга, саноат ишлаб чиқариш 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 6,9 фоизга, капитал қурилиш 10,9 фоизга, чакана савдо айланмаси 14,3 фоизга, аҳолига хизматлар кўрсатиш 15,7 фоизга, ўртача иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар 23,2 фоизга ошди.

Миллий иқтисодиёт тармоқларига 14 миллиард 600 миллион АҚШ долларига тенг бўлган инвестициялар жалб қилинди. Бу ўтган йилдагидан
10,9 фоизга кўпдир. Умумий инвестицияларнинг 21 фоизи ёки 3 миллиарддан зиёди хорижий инвестициялар бўлиб уларнинг тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри киритилган чет эл инвестицияларидир. Иқтисодиёт тармоқларида эришилган натижалар жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган глобал иқтисодий инқироз шароитида ўта муҳим бўлиб, миллий иқтисодиётимизнинг изчил ва барқарор ўсиши, аҳоли фаровонлигининг ошиб бораётганлигидан далолат беради.

Ҳисобот даврида миллий иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш, илғор техника ва технологияларни киритиш давом эттирилди. Натижада иқтисодиётимизда ижобий таркибий ўзгаришлар содир бўлди. Аграр мамлакатдан саноати ривожланиб бораётган мамлакатга айланиб бормоқдамиз. Биргина мисол, мамлакат ЯИМ таркибида 1991 йилда саноатнинг улуши 10 фоиз бўлган бўлса, ушбу кўрсаткич бугунги кунда 25 фоизга етди.

Ўз навбатида, қишлоқ хўжалигининг улуши ушбу даврда 34 фоиздан
17 фоизга тушди. Жаҳон бозоридаги айрим маҳсулотларга талаб ва таклифнинг кескин ўзгариши туфайли республикамизда пахта толасини экспорт қилиш ва ундан келиб тушадиган валюта маблағларининг ҳажми пасаймоқда.

Миллий иқтисодиётнинг изчил ўсиши бевосита бошқарув тизимига ҳам тааллуқли. Халқаро тажрибадан маълумки, корхона, фирма ва компанияларнинг бошқарилишида корпоратив бошқарув тизими самара бермоқда. Республикамизда турли мулк шаклларига асосланган хўжалик юритувчи субъектлар сони ошиб бораяпти.

Масалан, тўрт мингда зиёд хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолият юритмоқда. Масъулияти чекланган жамиятлар, акциядорлик жамиятлари ва аралаш мулк шаклларидаги корхоналар сони ҳам ошаяпти. Ушбу корхоналарда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, маҳсулот таннархини имконият даражасида пасайтириш устувор вазифалардан қилиб белгиланган.

Лекин уларни бошқариш тизимида маълум камчиликлар мавжуд. Президентимиз ушбу масалалар бўйича ҳам ўз маслаҳатларини бердилар. Жумладан, корхоналарни бошқаришда илғор ҳисобланган корпоратив бошқарув усулига босқичма-босқич ўтиш механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган таклифларни киритдилар.

Халқаро амалиётда кенг жорий этилган “тижорат директори”, “молиявий ишлар бўйича директор”, “молиявий масалалар менежери” каби лавозимларни киритишни муҳим вазифалардан деб белгиладилар. Бу, ўз навбатида, мутахассисларни тайёрлаш ва лавозимлар классификаторларини янгилаш ҳамда уларга илмий жиҳатдан ёндашувни тақозо қилади.

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар таркибида таълим соҳаси, замон талабларига мос келадиган мутахассислар тайёрлаш алоҳида ўрин тутади. Ҳисобот йилида ушбу соҳада муҳим вазифалар амалга оширилди: олий ўқув юртларининг моддий-техник базаси яхшиланди, талабаликка қабул тестларининг таркиби такомиллаштирилди (унда ахборотлаштириш, чет тили ва мутахассислик фанларининг мавқеи оширилди), замонавий ўқитиш технологиялари кенг жорий этилмоқда.

Шулар билан бир қаторда, бозор иқтисодиётининг ҳозирги босқичи корхоналарда фаолият юритиш ва уларни бошқариш соҳасидаги ўзгаришларда мутахассис-кадрлар, уларни тайёрлаш бўйича янги вазифаларни қўймоқда. Эндиликда бўлғуси мутахассис бозор иқтисодиёти қонунлари ва муносабатларини, корхоналарнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш сир-асрорларини мукаммал билиши керак.

Маърузада ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш, ушбу масаланинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятига урғу берилди.

Мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг туб мақсади аҳоли даромадларини кўпайтириш ва фаровон яшашини таъминлашга қаратилган.

Бугунги кунда республикамиз бюджети харажатларининг 60 фоизи ижтимоий соҳага, кам таъминланган аҳоли қатламларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Ҳисобот йилида иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар 23,2 фоизга, аҳолининг ўртача даромади эса 10,2 фоизга ошди. Аҳоли умумий даромадининг 52 фоизи тадбиркорлик фаолиятидан тушган даромадлардан иборат.

Республикамиздаги энг бой (даромадли) аҳоли қатлами билан энг кам даромадли аҳоли қатлами ўртасидаги фарқ 7,8 баробарни ташкил қилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мезонлари бўйича ушбу кўрсаткич фарқи
10 баробар бўлиши ижобий деб тан олинган.

Ҳисобот йилида республикамиз аҳолисининг (2015 йил 1 январь ҳолатида 31 миллион 500 минг киши) барча даромад манбалари ошди, уларнинг яшаш шароитлари яхшиланди.

Биргина мисол, қишлоқ жойларида якка тартибдаги лойиҳалар орқали
11 мингдан зиёд турар жойлар барпо этилди (2015 йилда уларнинг сонини
12 мингтага етказиш кўзда тутилмоқда).

Аҳоли фаровонлигининг ошиши натижасида уларнинг ўртача яшаш умри ҳам узайиб бормоқда. Ҳозир республикамизда аҳолининг ўртача яшаш умри 73,5 ёшни ташкил қилади. Аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш ва фаровонлигини ошириш бўйича ишлар келажакда ҳам давом эттирилади.

Юртбошимизнинг маърузасида иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш мақсадида модернизация жараёнини давом эттириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, инвестицияларнинг кенг жалб қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, бошқарув тизимини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш, ёшларни тўлиқ иш билан таъминлаш, аҳоли даромадини ва фаровонлигини юксалтириш каби 2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йилида амалга ошириладиган вазифаларларга ҳам эътибор қаратилди.

Хулоса қилиб айтганда, Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида эътироф этилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида эришилган ютуқларда Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида илгари сурилган аксарият ғоялар амалиётда ўз аксини топиб бораётганига гувоҳ бўлдим. Хусусан, иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилганлигини таъминлаш, иқтисодиётга замонавий технологияларни, инновацияларни жорий этиш ва модернизациялаш, аҳоли дароматларини изчиллик билан ошириб бориш, бойлар ва камбағаллар орасидаги тафовутни қисқартириш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ушбу жараёнда меҳнат бозори талабларини инобатга олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби қатор дастурий мақсадларимиз ҳаётда ўз ифодасини топиб бораётгани барчамизни хурсанд қилади. Ҳаётбахш ғояларимизнинг бундан буён ҳам амалга ошишида эса партиямизнинг депутатлик корпусларидан тортиб ҳар бир аъзосининг зиммасига катта масъулият юклайди.

Зафар Султонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Ислоҳотлар самарасида ҳаётбахш ғояларимиз акс этмоқда was last modified: Февраль 27th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »