Манфаатлар ва куч бирлашса мақсадлар рўёбга чиқади

6 Февраль, 10:09 • БПТ, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 771 марта кўрилди • Комментариев к записи Манфаатлар ва куч бирлашса мақсадлар рўёбга чиқади нет

Эзгу манфаатлар бирлашган жойда куч ҳам бирлашса, мақсад-муддаога етиш осонлашади. Фаол сиёсий партия ўз аъзолари ўртасида жипслашувни мустаҳкамлашнинг ҳар бир катта-кичик имкониятини асло назардан четда қолдирмайди. Бу фикр, жумладан, бошланғич партия ташкилотлари сонини орттиришга бўлган саъй-ҳаракатларга ҳам тааллуқлидир.

Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Касби туман кенгаши фаоллари бу муҳим масалага доир амалий ишлари билан ибрат кўрсатишмоқда. Ташкилотчилик самаралари тумандаги бошланғич партия ташкилотларининг сони ортаётганида ҳам яққол кўринади.

Яқинда тумандаги «Тинчлик» маҳалласида янги БПТ ташкил этилиб, унда бирлашган партиядошларимиз умумий мақсадларимизга қаратилган амалий фаолиятларини бошлашди.

— Жорий йилда «Адолат» СДП ташкил этилганига 20 йил тўлади, шу қувончли сана муносабати билан вилоят партия кенгаши томонидан воҳада 20 та янги бошланғич партия ташкилотини тузиш, шу орқали электоратни янада кенгайтириш ташаббуси илгари сурилди, — деди мазкур янги БПТни тузиш мақсадида уюштирилган тадбирда сўзга чиққан «Адолат» СДП Қашқадарё вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Рўйиддин Раупов. — Чунки партиянинг таянч бўғинлари сони қанчалик кўп бўлса ҳамда улар фаол ишласа, партиявий-ташкилий фаолиятда юқори самарадорликка эришиш мумкин. Партиямизнинг ҳар бир аъзоси мустаҳкам тизимга эга бўлган сиёсий куч сафида эканини БПТга бирлашган маслакдошлар қаторида чуқур ҳис этиши муваффақиятли саъй-ҳаракатларимиз учун муҳим амалий мазмунга эга. Ҳозир туманда партиямизнинг 5 мингга яқин аъзоси 12 та БПТга уюшиб фаолият олиб боришаяпти.

Туман партия кенгашида ўтказилган мазкур тадбирда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари билан яқин алоқада фаолият олиб боришнинг янги, замонавий механизмларини ишлаб чиқиш, партия ташкилотлари фаолларининг халқ билан самимий ва очиқ мулоқотларини жойларда янада кучайтириш, партиянинг ғоя ва мақсадларини, шунингдек, ўтган 20 йил давомида эришилган ютуқлар, қилинган ишлар ва натижаларнинг ҳаётий аҳамияти ва вилоят аҳлининг ҳаётида тутган ўрни хусусида кенг тарғибот ишларини таъсирчан тарзда олиб бориш лозимлиги таъкидланди.

— Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган демократик жараёнларда муносиб қатнашиш, албатта, партия аъзоларимиздан сиёсий етуклик, фидойилик ва ташкилотларимизга қатъий уюшган ҳолда ғайрат-шижоат кўрсатишни, барча соҳаларда амал қилаётган давлатнинг оқилона сиёсати ҳамда «Адолат» СДП илгари сураётган дастурий ғояларнинг моҳият-эътиборини чуқур англаб, ўз фаолиятига татбиқ этишларини тақозо қилади, — деди Касби туман партия кенгаши раиси Б.Юсупов. — Айни пайтда туман кенгаши фаолиятини самарали йўлга қўйиб, корхона, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, ўқув муассасаларида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида илгари сурилган муҳим вазифалар, партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишга бағишланган тадбирларни кучайтиришга эътибор қаратаяпмиз. Шу мақсадда партия депутатлик гуруҳи аъзолари билан ҳам яқин алоқада ишлаяпмиз. Шуни айтиш ўринлики, 2009 йилги сайловда халқ депутатлари Касби туман Кенгаши депутатлигига бирор номзодимиз сайланмаган эди. Ҳозирда эса мазкур маҳаллий Кенгашда беш нафардан иборат депутатлик гуруҳимиз ўз олдига қўйган дастурий режаларини амалга оширишмоқда.

Иштирокчилар яқин йилларда туманда «Адолат» партияси хайрихоҳларининг сони ортиб бораётганини таъкидлашди. Шунингдек, сўзга чиққанлар Қарши шаҳри ва туманларда амалга оширилган ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари, қад ростлаган замонавий иморатлар вилоятнинг ҳар бир гўшасига файзу чирой, эл дилига мамнуният ва кўтаринки руҳ бағишлашини, кўплаб турдаги янги корхоналар шаҳар ва туманларни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда асосий ўрин тутаётганини эътироф этишди.

— Маҳалла — аҳоли уюшган маскан, бу масканда фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий, тиббий маданиятини ошириш, ёшларнинг маънавий тарбияси, уларнинг эзгу ғоялар руҳида ўсиши биз учун доим долзарб ҳаётий масала саналади, — деди «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, янги бошланғич партия ташкилоти раҳбари Шокир Қурбонов. — Партиямизнинг тараққиётга хизмат қилувчи инсонпарвар ғоялари, аёллар, ёшларга доир сиёсати, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва амалий ёрдам беришга қаратилган саъй-ҳаракатларида БПТга бирлашган маслакдошларимиз ҳаётдаги ўз орзу-мақсадлари, интилишларининг ифодасини кўрмоқдалар.

Тадбир якунида 20 нафар фуқаро «Адолат» СДП сафига қабул қилинди. Етакчи ва фаолларимиз сиёсий партия фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳақида уларга батафсил тушунтиришлар беришди.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилояти кенгаши матбуот котиби

Манфаатлар ва куч бирлашса мақсадлар рўёбга чиқади was last modified: Февраль 6th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »