Маҳалла ободлиги йўлида режаларим кўп

17 Февраль, 15:51 • Андижон вилояти, Депутат минбари, Янгиликлар • 1224 марта кўрилди • Комментариев к записи Маҳалла ободлиги йўлида режаларим кўп нет

Бир неча йилдирки Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасида жойлашган 9-сон маҳалла фуқаролар йиғини котибаси вазифасида ишлаб келяпман. Ҳудудимизда 58 та кўп қаватли бино мавжуд, 3 минг 480 оилада 12 минг 458 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Депутат сифатида ҳудуддаги барча муаммолар ечимига бевосита дахлдорман, деб ҳисоблайман. Вилоят ва шаҳар Кенгашларининг келгусидаги сессияларида айнан маҳалла институтининг фаолият йўналишига доир масалалар киритилишини, уларнинг хал этилишида фаол иштирок этишни режалаштирганман.

Ўзини ўзи бошқариш тизимини аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш зарурати яққол кўриняпти.

Айни дамда маҳаллада коммунал тўловларни ўз вақтида амалга ошириш учун пластик карточкалар билан муомала қилиш борасида қийинчиликлар мавжуд, яъни терминаллар етишмайди. Бир қарашда майда туюладиган мана шундай масалаларни эринмай ҳал этиб бориш каттароқ муаммоларнинг бартараф этилишига хизмат қилади. Айтайлик, тўй маросимларининг дабдабали ўтишига йўл қўймаслик ҳақида кўп гапирамиз. Бироқ, бу борада амалий ишларга келганда андишага боряпмиз.

Депутатлик назоратини амалга ошириш юзасидан белгилаган режаларим қаторида йўллар таъмирига оид таклиф ва лойиҳалар ҳам мавжуд. Албатта, масалалар кўлами кенг, астойдил ишлайман, деган депутатга кундалик турмушда юмушлар бисёр. Кўпчиликнинг ташвиш-у қувончларига шерик бўлиш, ўзимиз яшаётган ҳудудни меҳр-оқибат, мурувват, бағрикенглик тамойилларининг таянч нуқтасига айлантириш энг хайрли мақсад, деб ўйлайман.

Шоҳидахон ВАЛИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари

Андижон шаҳар Кенгашига сайланган депутат

Маҳалла ободлиги йўлида режаларим кўп was last modified: Февраль 18th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »