Муқобил энергия – инновацион тараққиёт омили

14 Февраль, 15:02 • БПТ, Наманган вилояти, Янгиликлар • 874 марта кўрилди • Комментариев к записи Муқобил энергия – инновацион тараққиёт омили нет

Бундан бир ярим йилча муқаддам халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши сессиясида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежамкорлик билан ишлатиш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш муаммолари муҳокама этилганди. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи томонидан кун тартибига киритилган мазкур масала қизғин мунозарага сабаб бўлган, қатор фойдали таклиф ва мулоҳазалар билдирилганди. Қабул қилинган қарорда эса анчагина самарали чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилганди.

Исроил Жўраев, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари:

— Ўтган давр мобайнида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламлари бирмунча кенгайди. Бунга биринчи навбатда партиямиз фаоллари, ҳудудий кенгашларимиз, бошланғич ташкилотлар катта ҳисса қўшдилар. Меҳнат жамоаларида, ўқув муассасалари, аҳоли истиқомат жойларида суҳбат ва маърузалар, очиқ мулоқотлар ташкил этиш яхши анъанага айланди. Муқобил энергия тарғиботига Наманган шаҳридаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳам кенг жалб қилинди. Натижада кўпчиликда ана шундай инновацион технологиялар ҳақида тушунчаларгина эмас, балки улардан фойдаланиш бўйича хоҳиш-истаклар ҳам пайдо бўлди.

Шу ўринда, энг аввало, партиямиз фаоллари ибрат кўрсатаётганликлари қувончлидир. Мисолларга мурожаат қиламиз. Поп туман тиббиёт бирлашмаси  шифокорлари аъзо бўлган БПТ нафақат туманда, балки вилоятда ҳам ўзининг эзгу ишлари билан тилга тушган. Хусусан, туғруқхона бўлимидаги “Адолатчи”лар, қолаверса, бутун жамоа 2013 йили Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва “Ўзбекэнерго” давлат-акционерлик компанияси билан биргаликда ўтказган “Муқобил энергиянинг энг фаол тарғиботчиси” республика кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этди ва иккинчи ўринни эгаллаб, диплом ва қуёш батареялари билан тақдирланди.

Қарийб бир йилдирки, “Дашан-Нуржаҳон” Хитой-Ўзбекистон қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган бу ускуна минг ватт қувватга эга бўлиб, ёритиш чироқлари билан бирга қатор тиббиёт жиҳозларини ҳам электр энергияси билан таъминламоқда.

Наманган вилояти руҳий-асаб касалликлар шифохонасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг бошланғич ташкилоти ҳам қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ташаббускорларидан бўлган эди. Бош врач, БПТ раиси Сайфиддин Мамадалиев ва унинг сафдошлари жонкуярлиги туфайли бу ерда қуёш сув иситгичларини ўрнатиш масаласи кўтарилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш, молия бошқармалари шифохонасидаги “адолат”чилар ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Шифохонага Канада-Хитой-Ўзбекистон қўшма корхонасида тайёрланган қуёш сув иситкичлари келтирилиб, ишга туширилганига икки йилдан ошди. Шундан бери кир ювиш бўлими ва ҳаммом ана шу ускуна ёрдамида иссиқ сув билан таъминланмоқда. Натижада ҳар куни ёнилғи-энергетика ресурсларига сарфланиши лозим бўлган маблағ тежаб қолинмоқда. Энг муҳими, иссиқ сув таъминотида узилишлар қайд этилмаётир. Дарвоқе, мазкур бошланғич партия ташкилоти ҳам 2013 йилда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Ўзбекэнерго” ДАК билан ўзаро ҳамкорлик келишуви асосида ўтказилган “Муқобил энергиянинг энг фаол тарғиботчиси” республика кўрик-танловида қатнашиб,   Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва “Ўзбекэнерго” ДАКнинг фахрий ёрлиғи билан мукофотланди.

Партиядошимиз, “Чортоқархитектқурилиш” МЧЖ раиси, халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгаши депутати Абдукарим Дўстбоев ҳам бу йўналишдаги амалий ишлари билан танилган. У вилоят Кенгашининг ўша сессиясидан кейин жамоаси бунёд этаётган бир қатор намунавий лойиҳадаги турар-жойларни қуёш батареяси билан жиҳозлаш масалаларини кўтарди. Бу таклиф ана шу уйларнинг бўлажак соҳибларига ҳам маъқул тушди. Натижада ҳозиргача Чортоқ туманида ўндан ортиқ қуёш қуввати билан ёритиладиган уйлар қад кўтарди. Келажакда бу миқдор янада кўпайиши турган гап.

Яқиндан бери Наманган шаҳрида ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўлами кенгая бошлади. Жумладан, автотранспорт гавжум чорраҳалардаги светофорларга ҳамда реклама баннерларига қуёш батареяларини ўрнатиш режалари ишлаб чиқилди ва амалга оширишга киришилди. Ўтган ойда эса бу борада яна бир воқеа юз бердики, у ҳақда ҳам алоҳида тўхталиш лозим.

Биз  Поп туманидаги “Кандигон” маҳалласида  ишга туширилган қуёш фотоэлектр станциясини назарда тутмоқдамиз. У “Ўзбекэнерго” компанияси томонидан Жанубий Корея фотоэлектр саноати уюшмаси билан ҳамкорликда бунёд этилди. Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ва Жанубий Корея савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ қад кўтарган мазкур электр қуввати манбаида ўрнатилган  Hanhwa, JSPV, S-Energy ва TopSum компаниялари ускуналари  мамлакатимизнинг табиий шароитларида илк бор синовдан ўтказилади. Бу билан эса муқобил энергетикани янада ривожлантирш имкониятлари юзага келади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Муқобил энергия – инновацион тараққиёт омили was last modified: Февраль 19th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »