Омбудсман ҳисоботи фракция муҳокамасида

12 Февраль, 16:54 • Тошкент шаҳри, Фракция, Янгиликлар • 663 марта кўрилди • Комментариев к записи Омбудсман ҳисоботи фракция муҳокамасида нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда парламент қуйи палатасининг яқинда ўтказиладиган мажлиси кун тартибидан ўрин олган масалалар, жумладан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2014 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи кўриб чиқилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил С.Рашидованинг маърузасида таъкидланганидек, ҳисобот даврида инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилга фуқаролардан 11858 та мурожаат келиб тушди, 2014 йилда Омбудсманнинг марказий офисига тушаётган мурожаатлар сони бироз ўсиши кузатилди. 7938 та ариза ва шикоят – Омбудсманнинг марказий идорасига, 893 та мурожаат эса – минтақавий вакилларига келиб тушган.

Омбудсман томонидан ўтказилган 28 та шахсий қабул чоғида фуқаролардан 502 та мурожаати қабул қилинди, шундан 322 та шикоят ва ариза назоратга олиниб, тааллуқлилигига кўра ҳал этиш учун тегишли ташкилотларга юборилди. 180 та ариза юзасидан эса Омбудсман томонидан оғзаки тушунтиришлар берилди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Омбудсман мансабдор шахслар ва ташкилотлардан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун  зарур ахборотни сўраб олиш ҳуқуқига эгадир. Ҳисобот йилида Омбудсман томонидан давлат органларига 523 та сўров юборилди, бу сўровларда нафақат материаллар тақдим этиш тўғрисида илтимослар, балки инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини бартараф этишга доир тавсиялар ҳам акс этган.

Шунингдек, маърузачи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир фаолият хусусида гапирар экан, аввало, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатимизни янада модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш шароитларида миллий қонунчиликни ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга, шунингдек, мансабдор шахслар ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга устувор аҳамият берилганини таъкидлади. Ҳисобот йилида Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари, Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 15 та қонун лойиҳасини ҳамда Олий суд Пленуми қарорларининг 5 та лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказди.

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурида белгилаб қўйилганидек, адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш “Адолат” СДПдан сайланган депутатларнинг қонунчилик ҳамда назорат-таҳлил фаолиятининг асосий ва бош йўналишидир. Шу боис  ҳисоботда 2014 йилда фуқароларнинг эркинлик ҳамда шахсий дахлсизликка бўлган ҳуқуқлари таъминланишига доир мурожаатлари, шу билан бирга, ҳисобот йилида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норозилик тўғрисидаги шикоятлар сони бир мунча ошгани кузатилгани фракция эътиборидан четда қолмади.

Шунингдек, ҳисобот йилида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя килиш муаммоларига оид мурожаатлар ҳамда аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифати ва тиббий таъминот даражаси юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга йўлланган мурожаатлар таҳлили ҳам фракция аъзолари диққат марказидан ўрин эгаллади.

Омбудсманнинг ҳисоботи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари партия Сайловолди дастурида белгиланган адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги,  фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш “Адолат” партиясидан сайланадиган депутатлар қонунчилик фаолиятининг асосий ва бош йўналиши эканлигини таъкидлаган ҳолда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман)нинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан фаолиятига ижобий баҳо беришди.

Умид СУЛАЙМОНОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғояларнинг Конституциямиз ҳамда қонунларимизда ўз аксини топиши, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда янги даврни бошлаб берди. Фракциялар ҳамда Қонунчилик палатаси қўмиталарининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш бугунги кунда муҳим ҳаётий аҳамият касб этади. Бу ҳамкорлик эса, ўз навбатида, Омбудсман фаолиятининг янада самарали бўлишига ҳам хизмат қилади. Бугунги кунда Омбудсман институти мурожаатларни кўриб чиқиш ва фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича фаолиятини амалга ошириб, мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Айниқса, Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида фуқаролар ижтимоий онгини оширишга кўмаклашишга доир фаолияти диққатга сазовор. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, айниқса, суд ҳокимияти билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириши лозим деб ҳисоблайди.

Шуҳрат ПОЛВОНОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Омбудсманнинг ҳисоботини таҳлил қилар эканмиз, 2014 йилдаги жами 7.938 та мурожаатларнинг 275 таси интернет орқали келиб тушганлигини кўришимиз мумкин. Бугунги кунда ахборот-коммуникация тизимларининг жадаллик билан ривожланаётганлиги, яъни, ахборот алмашинувининг асосий қисми интернет тармоғи орқали амалга оширилаётганлиги ҳамда фуқароларимиз учун бунинг қулайлиги, тезкорлиги, арзонлигини инобатга олиб, Омбудсманнинг расмий веб-сайтини янада модернизация қилиш, хусусан, фуқароларнинг интернет орқали мурожаатларини қабул қилиш дастурларининг ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, ҳисоботда фуқаролар томонидан такрорий шикоят ва аризалар берилишининг сабаблари сифатида — мурожаатларни кўриб чиқишни асоссиз равишда рад этиш, шикоятларни юзаки ўрганиш ва текшириш, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-қоидалари ва муддатларини бузиш, шунингдек мурожаатларга асослантирилмаган жавоблар қайтариш, шикоятларни ҳатти-ҳаракати ва қарорлари устидан шикоят қилинаётган мансабдор шахсларнинг ўзига юбориш ҳолатлари кўрсатилган. Ушбу сабаблар субъектив эканлигидан келиб чиқиб, такрорий шикоятларнинг олдини олиш мақсадида мазкур соҳаларда ҳамкорлик қилинаётган муассасалар билан камчиликларга келажакда йўл қўймаслик юзасидан чора-тадбирлар белгиланиши лозим, деб биламиз. Муҳокамалар жараёнида таъкидланганидек, партиямиз Сайловолди дастурида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида Омбудсман ролини янада ошириш назарда тутилган. Шу муносабат билан, бизнинг партиямиз ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Омбудсманнинг меҳнат, таълим олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳақидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича фаолиятини янада чуқурлаштириш тарафдоримиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман)нинг инсон ҳуқуқлари соҳасида фуқаролар ижтимоий онгини оширишга кўмаклашиш юзасидан ҳамда Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга доир амалий фаолияти ҳам депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.

Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилининг (омбудсманнинг) 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

Партия Матбуот хизмати

Омбудсман ҳисоботи фракция муҳокамасида was last modified: Февраль 20th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »