“Онлайн депутат” — сайловчи билан депутат ўртасидаги масофани қисқартиради

21 Февраль, 17:16 • Ижроқўм, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 785 марта кўрилди • Комментариев к записи “Онлайн депутат” — сайловчи билан депутат ўртасидаги масофани қисқартиради нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши Ижроия Қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партиядан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига сайланган депутатлар ўртасида “Онлайн депутат” интерактив хизматини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди. Ижроия Қўмита аъзолари мазкур интерактив хизматни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Низом билан танишиб, тасдиқладилар.

Маълумки, “Адолат” социал-демократик партияси ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари, биринчи навбатда маҳаллий ҳокимликлар фаолияти борасида маълумотлар билан кенг таъминлаш, бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жалб этиш тарафдоридир.

Ушбу дастурий вазифани амалда татбиқ этиш, Олий ва маҳаллий вакиллик органларидаги депутатларимиз билан аҳоли ўртасидаги бевосита алоқани мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг расмий веб-сайти — www.adolat.uz да “Онлайн депутат” интерактив хизмати йўлга қўйилган. Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати ташаббуси билан ташкил этилган ушбу сайтга кенг жамоатчилик вакиллари, фуқаролардан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатларимиз номига мурожаатлар ва саволлар келиб тушмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, айни пайтда ушбу интерактив хизмат янада кенгайиб, унда янги лойиҳаларни қўллаш назарда тутилди. Ҳозирда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида фаолият юритаётган депутатлик гуруҳимизнинг барча аъзолари ҳақидаги маълумотлар сайтга жойлаштирилган бўлиб, фуқароларнинг мурожаатлари учун осон, қулай, ортиқча оворагарчиликларни талаб этмайдиган электрон тизим яратилди. Сайт аудиториясидан келиб тушадиган саволларга депутатларнинг ҳар бири қонун доирасида, тезкор жавоб қайтармоқдалар.

“Онлайн депутат”да очиқлик, шаффофлик ва тезкорлик тамойиллари асосий мезон саналади. Депутатларга келиб тушган мурожаатлар, савол, таклифларнинг статистикаси (савол ва мурожаатлар сони, саволга жавоб олиниш даражаси, ҳал этилган ва ечимини кутаётган муаммолар, энг кўп савол йўлланган депутатни аниқлаш каби) тузилиб, эълон қилиб борилади.

Ушбу тизим ҳар бир депутатнинг ўзи сайланган округ аҳолиси ва кенг жамоатчилик билан замон талаби даражасида алоқа ўрнатиши, сайловчилар учун эса ўзи овоз берган депутат билан тез ва осон тарзда электрон мулоқотга киришиши таъминлангани билан аҳамиятлидир.

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоларининг “Онлайн депутат” интерактив хизматида янада фаол иштирок этиши хусусида батафсил фикрлашиб олинди. Унда депутатларимиз мазкур интерактив хизматни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Низом билан атрофлича танишиб, ўз фикрларини билдирдилар. Тадбирда мазкур Низом тасдиқланиб, амалиётга йўналтирилди.

Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси Парида Парманова:

— Депутатлар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ўз округи аҳолисининг сайт орқали келиб тушган мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларда қайд этилган масалаларни қонун доирасида ҳал этиш айни муддао эканлигини эътироф этишди. Депутатнинг фаолияти халқчиллиги, ошкоралиги, кўпчиликнинг дардини акс эттира олгани билан муҳим. Халқ вакиллари сайловчи билан қанчалик мустаҳкам алоқада бўлишса, ўзларини қандай вазифалар ижроси кутиб турганини шу қадар тўлиқ ҳис эта олишади.

Албатта, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатларимиз иштирокида амалиётга янада кенгроқ татбиқ этилаётган ушбу интерактив хизматдан барча фуқаролар фойдаланишлари, яъни ўзлари хоҳлаган депутатга электрон шаклда мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишади.

Келгусида ушбу лойиҳада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда барча маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ҳақидаги маълумотларни босқичма-босқич равишда жойлаштириш орқали сайловчилар билан янада кенг мулоқот ўрнатишни режалаштирганмиз.

Дурдона АЛИМОВА,

интерактив хизмат координатори

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »