Иқтисодий юксалишлар юртимиз тараққиёти кўзгусига айланмоқда

24 Февраль, 19:05 • Депутат минбари, Янгиликлар • 799 марта кўрилди • Комментариев к записи Иқтисодий юксалишлар юртимиз тараққиёти кўзгусига айланмоқда нет

Бугун кўча-кўйда, маҳалла ва гузарлардаги гурунгларга қулоқ тутсангиз, фуқароларимиз тинч ва осойишта, фаровон ҳаётдан мамнун эканлигини англайсиз. Кўпни кўрган мўътабар отахону онахонлар дориломон кунларимизни алқаб, у ҳақда ўзларининг самимий фикрларини билдиришади. Зеро, халқимизнинг тарихий ютуғига айланган мустақиллик биз учун энг улуғ, энг азиз неъматдир. Уни қадрлаш, доимо асраб-авайлаш эса юксак бурчимиздир.

Эндиликда мамлакатимиз тараққиёти билан боғлиқ ҳар бир янгилик ва воқеалар бизга алоҳида мамнуният бағишламоқда. Хушхабарлар ортидан келаётган хушхабарлар деярли ҳар куни, ҳар бир соатда рўй бериб турибди. Улар Ўзбекистоннинг улкан салоҳиятию чексиз имкониятларини ўзида намоён этмоқда. Яқин ўтмишда ер юзида шундай юртнинг борлигини билиб-билмаган юзлаб давлатлар энди унинг ютуқларига тан бермоқда, бунчалар тез тараққий этиб бораётганидан ҳайратга тушмоқда. Юртимизнинг ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилаётган омилларни, бу борада тўпланган тажрибаларимизни ўрганишмоқда.

Ўзинг моддий бойликлар яратиб, уни ўзинг тасарруф этсанг, қилган меҳнатинг роҳатини кўрсанг, озодлик, ҳурлик деган тотли туйғунинг беқиёс аҳамиятини ўзинг ҳис этсанг, бундай кунларга шукроналар айтмай бўладими? Истиқлолга қадар халқимиз не кунларни кўрмади. Бошқаришдаги маъмурий буйруқбозлик туфайли ичидан аста-секин емирилиб бораётган собиқ тузумнинг сиёсати одамлар бошига не савдоларни солмади. Минг бора шукрки, мустақиллик туфайли кўп миллатли халқимиз ўз эркига эга бўлди. Катта йўлда залворли қадамлар билан дадил бораётган жаннатмонанд юртимизда ҳозир ҳар бир фуқаро ўз қадрини топмоқда. Тинч ва осойишта ҳаётнинг гаштини сураяпти, завқу шавқ билан меҳнат қилмоқда. Тенглар ичра тенг, ҳурлар ичра ҳур бўлган озод ва обод диёримизни янада гуллаб-яшнатмоқда. Яхши ният билан қилган орзу-мақсадларимиз рўёбга чиқаяпти. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишларига бағишланган мажлисида ҳам бу ҳақда алоҳида таъкидлаб ўтилди. Унда ўтган йил якунлари чуқур таҳлил этилиб, иқтисодиётимиз ва унинг етакчи тармоқларини юксалтириш борасида барқарор ўсиш суръатларига эришилгани алоҳида эътироф этилди. Зотан, юртимиз тараққиёти йўлидаги барқарор суръатлар кўп миллатли бунёдкор халқимизнинг обод ва фаровон ҳаётини таъминламоқда.

Ўзгаришларга юз тутган Урганч шаҳрининг бугунги гўзал қиёфаси эндиликда ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ. Бундай янгиланишлар Хоразм вилоятининг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Бир-биридан салмоқли йирик лойиҳалар ишга туширилмоқда. Ўтган йили Хазорасп туманида “Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси”нинг фойдаланишга топширилгани ва унинг базасида “Дамас” ва “Орландо” русумли енгил автомобиллар тайёрланаётгани вилоят аҳли учун катта воқеа бўлди. Биринчидан, бу ерда маҳаллий аҳолининг маълум қисми муқим иш ўринлари билан таъминланди. Иккинчидан, мазкур корхонада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 14 нафар аъзосидан иборат янги БПТ фаолиятини бошлади. Учинчидан, янги корхонанинг замонавий учқур машиналари эндиликда кўпчилик юртдошларимизнинг узоғини яқин қилмоқда, уларнинг корига яраяпти.

— Шундай шароитга эга бўлиш, ўзимизнинг юртимизда ишлаб чиқарилган машиналарни сотиб олиб, оилавий фаровонлигимизни янада оширишни анчадан бери орзу қилиб юрар эдим, — дейди Хоразм вилояти “Туямўйин” ГЭС давлат корхонаси смена бошлиғи, “Адолат” СДП аъзоси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Насрулла Одамбоев. — Яқинда мақсадимга эришдим. Ўзимизнинг автосалондан “Орландо” русумли янги автомашина сотиб олдим.

Хонқа туманида яшовчи бир оилани кўп йиллардан бери биламан. Оила бошлиғи Қурбондурди бобо билан Розия момо ҳозир 80 ёшга яқинлашиб қолган. Уларнинг турмуш қурганига 58 йил бўлди. Тўрт ўғил, беш қизни оқ ювиб, оқ тараб катта қилган бахтиёр отахону онахоннинг ҳозир 31 нафар невараси, 13 нафар чевараси бор. Улар байрамларда, туғилган кунларда қарияларни йўқлаб туришади. Ҳамма жам бўлган кун бахтли оиланинг байрамига айланиб кетади. Яқинда уларнинг невараси Ўткиржон Бекчоновни учратиб қолдим.

— Ўтган йили туманимизнинг “Ойдин ҳаёт” маҳалласида барпо этилган намунали уйларнинг бирига оиламиз билан кўчиб ўтдик, — деди у. —Барча шароитларга эга бу янги турар жой биноси яшаш учун қулайлиги билан ҳаммамизга манзур бўлди. Ўзим кўп йиллардан бери Хоразм вилояти “Оби ҳаёт” масъулияти чекланган жамиятида сув тақсимлаш иншооти оператори бўлиб ишлайман. Ўзбекистон “Адолат” СДПга хайрихоҳман, унинг халқчил ғояларини доимо қўллаб-қувватлайман. Бу йил ҳам “Ойдин ҳаёт”да 16 та янги намунали уй-жой ишга туширилади. Бу билан маҳалламиздаги замонавий ва кўркам уйларнинг умумий сони 103 тага етади.

Давлатимизнинг мустақил тараққиёт йўлида мамлакатни модернизация қилиш, жамиятни эркинлаштириш жараёнлари ўзининг тарихий натижаларини бермоқда. Юртимиздаги барқарор вазият, иқтисодий ўсиш суръатларининг таъминланиши, умуминсоний қадриятлар устуворлиги, чинакам демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг тўла тантана қилинишида адолат мезонларининг устуворлигига эришилмоқда. Яъни ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида адолат мезонлари қадрият даражасига кўтариляпти.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси айнан шу муқаддас ғоялар ва эзгу қарашларни ёқлаб, уни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундан кейин ҳам партиямиз ҳар бир фуқаро қалбида адолат туйғусининг куртак очиши орқали адолат устувор бўлган жамият қуришда фаол иштирок этади. Тарихдан маълумки, ижтимоий адолат қарор топган жойда иқтисодий юксалишлар кузатилади, тараққиётга эришилади, аҳоли турли ижтимоий гуруҳ ва қатламларининг турмуш сифати яхшиланади, фаровонлик даражаси юксалади.

Иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ривожланиши аҳоли турмуш фаровонлиги ўсишининг кафолатидир. Ушбу йўналишда партиянинг Сайловолди дастурида муҳим вазифалар белгиланган. Жумладан, “Адолат” СДП бозор иқтисодиётининг ижтимоий йўналтирилишини қўллаб-қувватлаб, иқтисодий ўсиш натижалари аҳолининг турли ижтимоий гуруҳ ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини оширишга хизмат қилиши лозимлигини алоҳида қайд этади.

Ижтимоийликка йўналтирилган кучли демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуришдек олижаноб мақсадлар рўёбига ўз ҳиссасини қўшишни кўзлаган партиямиз бу жараёнда, шубҳасиз, мамлакатда янги ижтимоий бозор иқтисодиётини шакллантириш тамойилларига таянган ҳолда иш кўрмоқда.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсиши — аҳоли турмуш фаровонлиги даражаси ва сифатининг ошишида энг муҳим, таъбир жоиз бўлса, устувор аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон “Адолат” СДП жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ҳам ўзини тўла-тўкис оқлаётган — давлатнинг бош ислоҳотчи эканлиги ҳамда иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги тамойилларини ривожлантириш жараёнларида ҳам иштирок этиб келмоқда. Мамлакатимиздаги барқарор иқтисодий ўсиш кенг кўламли ижтимоий вазифаларни ҳал этиш имконини бермоқда.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, тараққиётнинг «ўзбек модели» мустақил юртимизнинг йил сайин барқарор ривожланиб, гуллаб-яшнашига хизмат қилмоқда. Тараққиёт сари интилаётган дунёдаги қатор давлатлар учун мазкур моделнинг эндиликда намуна бўлиб хизмат қилаётгани қалбларимизга қувонч бағишлайди. Истиқлол йилларида халқимиз мислсиз ютуқларни қўлга киритди. Миллий давлатчилик қурилиши, иқтисодиётимиздаги барқарор ўсиш суръатлари, аҳолининг турмуш даражаси ва сифати юксалиб бораётгани, юртимиз қиёфаси ўзгариб, тобора чирой очаётгани бугун халқаро майдонда эътироф этилмоқда.

Иқтисодий юксалишлар юртимиз тараққиётининг кўзгусига айланмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти юксалди. Айниқса, иқтисодиётимизнинг жадал ва мутаносиб ривожланиб бораётгани аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини изчил оширишга мустаҳкам замин яратмоқда. Одамларнинг даромадлари ортиши ҳисобига оилаларнинг моддий аҳволи сифат жиҳатдан ўзгаряпти.

Зеро, юртимизда изчиллик билан олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам шу. Бизда ҳамма нарса инсон учун, унинг бахту саодати учун йўналтирилган. Унинг амалий тасдиғини мамлакатимиз ҳаётининг қатор соҳаларида, шунингдек, иқтисодиётда таъминланаётган барқарор ўсиш суръатларининг самарасида ҳам кўрамиз.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Иқтисодий юксалишлар юртимиз тараққиёти кўзгусига айланмоқда was last modified: Февраль 24th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »