vakolatli vakil bilan uchrashuv

Фуқаролар мурожаатлари янги вазифаларни юкламоқда

4 Март, 12:13 • Депутат минбари, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 611 марта кўрилди • Комментариев к записи Фуқаролар мурожаатлари янги вазифаларни юкламоқда нет

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, мустақилликни мустаҳкамлаш, ислоҳотларнинг жадаллашувига, ҳуқуқий-демократик, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтиришдек эзгу ишга муносиб ҳисса қўшиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бош мақсадларидан саналади.

Сиёсий партиялар фаолиятига доир қонунчилик асослари, хусусан, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун партиямиз учун муҳим ҳуқуқий мезон бўлиб хизмат қилмоқда. Албатта, мазкур қонун асосида маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ваколатлари кенгайганлиги ишимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этади.

Халқ депутатлари Китоб туман кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари ушбу қонун талабларидан ҳамда партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, аниқ режалар асосида иш олиб бормоқдалар. Туманимизда ўтказиб келинаётган турли сиёсий тадбирларда иштирок этиб, “Адолат” СДПнинг ўз стратегияси, мақсад ва ғоялари сари ҳаракат қилаяпмиз. Турли мавзуларда жойларда мунтазам ўтказиб келинаётган анжуман, учрашувлар ҳам сон, ҳам  сифат жиҳатдан ўсиб, ўзгармоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, халқ депутатлари туман Кенгашида бир неча йилдирки, партиядан сайланган депутатлик гуруҳи фаолият кўрсатиб келмоқда. Янги депутатлик гуруҳимизда халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида ташаббуслар билан чиқиш, партия электорати манфаатларига жавоб берадиган муҳим масалаларга давлат ҳокимияти органлари эътиборини қаратиш борасида муайян тажриба тўпланган. Ҳозирда Депутатлик гуруҳимиз аъзолари “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури ижроси юзасидан зарур таклифлар билан чиқиш борасида ҳам иш олиб бормоқда.

 Депутатлик гуруҳимиз аъзолари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни доимий таҳлил этиб, тегишли баҳо бериш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган аниқ дастур ва таҳлилларни дадил кўтариб чиқмоқдалар. Ҳаким Олимов, Яшин Тошев, Муқаддас Муродова, Комил Хуррамов, Бахриддин Эгамбердиев каби депутатларимиз сайловчилар олдидаги бурч ва масъулиятларини чуқур ҳис этган ҳолда ишчанлик руҳида фаолият кўрсатишмоқда.

Учрашувларда энг кўп саволлар коммунал соҳага оид бўлаяпти. Демак, одамларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этишда бизнинг алоҳида эътиборимиз, фаол ва ташаббускорлигимиз талаб этилмоқда. Ўз ваколатларимиздан фойдаланиб, фуқаролардан гуруҳимиз номига келиб тушаётган аризаларни ўз вақтида ижобий ҳал этишга муносиб ҳисса қўшаяпмиз. Бу билан партиямизнинг нуфузи ортаяпти. Масалан, шу йилнинг ўтган январь, февраль ойларида фуқаро Равшан Алиқулов гуруҳимиз номига электр энергиясида учрайдиган баъзи муаммолар хусусида ариза билан мурожаат қилди. Ушбу муаммо депутатларимиз аралашуви билан ўз ечимини топди. Шунингдек, фуқаролар Зубайда Юнусова, Муҳаббат Азизовалар ҳам партиямиз туман кенгашига томорқа олишда ёрдам беришларини сўраб қилга мурожаатлари ҳам партия кенгаши аъзолари ва депутатларимиз ҳозиржавобликлари туфайли ижобий ҳал этилди.

Айни кунларда партия фаолларимиз ва депутатларимиз ташаббуси билан Севаз қишлоғидаги маҳаллалар ички йўлларини таъмирлаш ва “Мавлоно Хўжаилмкони” зиёратгоҳини ободонлаштириш, 81-мактаб ҳовлисида зарур таъмирлаш ишларига ҳомийларни жалб этган ҳолда қатор лойиҳалар устида ишлар олиб борилаяпти.

Туманимизда партия фаолларимиз ва депутатларимиз саъй-ҳаракати билан ҳозиргача 10 га яқин тадбиркорлик шохобчалари ташкил этилди. Куни кеча эса депутатлик гуруҳимиз аъзоси Ҳаким Олимовнинг бевосита кўмаги туфайли Севаз қишлоғида Зарипов Бунёд номли тадбиркорлик шохобчаси ишга туширилиб, аҳолига турли йўналишда хизмат кўрсата бошлади. Умуман бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Айни кунларда биз партия фаоллари ва депутатлар зиммасида янада катта масъулиятли вазифалар турибди. Партиямиз дастурий ғоялари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, бошқарув идоралари олдига долзарб масалаларни қўйиш, юзага келган муаммоларни халқ депутатлари туман Кенгаши сессиялари кун тартибига киритиш ва ижобий ҳал этиш маҳаллий Кенгашларга сайланган биз каби депутатлар фаоллигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳимиз аъзолари халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида сайловчилар томонидан билдирилган таклифлар асосида ижтимоий масалалар билан биргаликда туман ҳудудида учраб турадиган қонунбузарликларни бартараф этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини қишлоқларда янги иш ўринлари очиш ҳисобига ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, шунингдек, аҳоли орасида камқонликнинг олдини олиш ва фуқароларга кўрсатилаётган бепул тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилаш бўйича бир қатор таклифлар тайёрлаяпмиз. Инсон манфаатларини ўзида акс эттирадиган бундай амалий       ишлар халқ орасида “адолат”чилар мавқеи ортишида ижобий аҳамият касб этади.

Шавкат РАҲМОНОВ, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Китоб туман Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари туман Кенгашидаги

партия депутатлик гуруҳи раҳбари 

Фуқаролар мурожаатлари янги вазифаларни юкламоқда was last modified: Март 4th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »