Инсон манфаатлари устуворлиги — миллий қонунчилигимиз асоси

24 Март, 19:13 • Фракция, Янгиликлар • 1268 марта кўрилди • Комментариев к записи Инсон манфаатлари устуворлиги — миллий қонунчилигимиз асоси нет

Олий  Мажлис  Қонунчилик  палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши марказий аппарати масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилаётган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари дастлаб, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилдилар.

Депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилаётган мазкур қонун лойиҳасининг мақсади ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, шу йўл билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги транспорт воситаларида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарар ўрни қопланишини кафолатлашга қаратилган.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ ташувчи йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғига шикаст етказилгани, юк ёки багаж йўқолгани, кам чиққани ва уларга шикаст етказилгани (бузилгани) учун жавобгардир.

Депутатлар қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида уни қабул қилишнинг бугунги кундаги заруриятига асосий эътиборни қаратдилар. Қайд этилишича, миллий қонунчилигимизда ташувчининг йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилишни тартибга солувчи яхлит (алоҳида) норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

Шу билан бирга, бугунги кунда йўловчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар бўйича суғурта ҳимояси «Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги қонун билан таъминланиб келмоқда. Ушбу қонун таҳлили унинг алоҳида нормалари замонавий талабларга жавоб бермаётганини кўрсатмоқда.

Жумладан, йўловчиларни мажбурий шахсий суғурта қилишнинг амалдаги тизими ташишда йўловчига етказилган зарар ўрнининг қопланиши кафолатланишини тўлиқ таъминламаяпти. Шунингдек, ушбу қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, шаҳар атрофига қатновчи темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчилари, шаҳар ичида қатновчи автомобиль транспорти йўловчилари, бир вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси доирасида қатновчи автомобиль транспорти йўловчилари учун 50 километр масофагача мажбурий суғуртаси қўлланилмайди, шунга кўра барча йўловчиларнинг тўлиқ қамрови таъминланмаяпти.

Бундан ташқари, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида ташувчининг йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда.

Унда барча турдаги транспорт воситаларида ва барча турдаги ташишни амалга оширувчи ташувчилар қамраб олинган. Мажбурий суғурта бўйича суғурта операцияларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида суғурталовчилар томонидан мажбурий суғуртани биргаликда амалга ошириш учун суғурта шерикчилиги тузилмоқда ва суғурта товони тўловини кафолатлаш учун суғурта захираларини шакллантириш бўйича талаблар киритилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада мажбурий суғурта қилишнинг объекти ва субъектлари, ташувчи ва суғурталовчиларга қўйиладиган талаблар аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан суғурталовчиларга нисбатан алоҳида талаблар қўйилмоқда. Хусусан, суғурталовчи тегишли лицензияга эга бўлиши, ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта шерикчилигида мажбурий иштирок этиши ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида мажбурий суғурта шартномаси тузишга, ташувчиларнинг суғурта товонлари ҳақидаги талабларини кўриб чиқишга ҳамда суғурта товонларини амалга оширишга ваколатли ўз филиалларига эга бўлишлари шарт.
Қонун лойиҳаси фуқароларга етказилган зарар ўрнининг қопланишини кафолатлашдаги умумдавлат тизимида муҳим аҳамият ва ўринга эга бўлади ҳамда йўловчиларга етказилган зарар ўрнини қоплаш бўйича ҳаражатларни камайтириш йўли билан ташувчиларнинг мулкий манфаатлари ҳимоясини таъминлайди. Қолаверса, ушбу қонун лойиҳаси янги иш ўринлари яратилишига, суғурта бозори ва транспорт инфратузилмасининг ривожлантиришига, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишига имкон бериши билан партиямиз дастурий ғояларига мос келади.
Бир сўз билан айтганда қонун лойиҳасига Ўзбекистон «Адолат» СДП Сайловолди дастурида белгиланган «Инсон манфаатлари — энг олий қадрият» тамойилидан келиб чиқиб баҳо берадиган бўлсак у ҳар жиҳатдан партиямиз позициясига ҳамоҳангдир.

Йиғилишда «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам фракция аъзолари томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди ва партия позициясидан келиб чиқадиган таклифлар асосида маъқулланди.

Кун тартибидаги “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан биринчи ўқишда қизғин муҳокама этилди.

Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади фуқароларнинг судларга мурожаат қилишини соддалаштириш, фуқаролик судларида электрон ҳужжат алмашинувини йўлга қўйиш, шу жумладан судга аризалар ва бошқа ҳужжатларни Интернет тизими орқали юбориш орқали судларда иш юритишни такомиллаштириш, электрон шаклда Интернет тизими орқали юбориш тартибини ўрнатишдан иборат.

Унга биноан, Фуқаролик процессуал кодексининг бир қатор моддаларига фуқаролик ишлари бўйича судга электрон кўринишда мурожаат этиш, суд чақирув қоғози, суд қарорлари ва бошқа ҳужжатларни шу йўсинда юбориш билан боғлиқ ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Айни пайтда жавобгарлар сонига қараб ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар нусхалари судга юборилишини бекор қилиш ҳамда суднинг шу ҳужжатларни тарафларга қайта юбориш функцияларини чиқариб ташлаш, даъвогарга судга ариза ва аризага илова қилинган ҳужжатлар нусхаларини юбориш ҳамда бошқа янгиликлар таклиф этилмоқда.

Алишер МАХМАТМУРОДОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳаси амалдаги фуқаролик процессуал қонунчилигида судлар фаолиятида замонавий электрон воситалардан фойдаланишга оид нормалар мавжуд эмаслиги ҳамда мазкур соҳадаги ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда Фуқаролик процессуал кодексига фуқаролик суд иш юритувини янада такомиллаштириш, суд чиқимларини камайтириш, судни унга хос бўлмаган функциялардан холи этишга қаратилган бир қатор ўзгартиришларни киритишни назарда тутмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролик суд иш юритувининг янада тезкорлигини ва қулайлилигини ошириш, процесс иштирокчилари ҳаражатлари ва суд чиқимларини камайишига қаратилган чораларни амалга оширишга хизмат қилади.
Биз учун аҳамиятли томони қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар “Адолат” СДП дастурий мақсад-вазифаларига тўла мос келади.
Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида суд тизимини комплекс ривожлантириш, судлар фаолиятининг очиқ ва ошкоралиги, суд жараёнида томонларнинг тенглиги ва холис тортишув тамойилларини кучайтириш, судлар масъулиятини ошириш, улар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, суд фаолиятига доир маълумотларга эга бўлишнинг аниқ механизмини белгилаш каби дастурий мақсадларимизга тўла мос келади. Шу боисдан қонун лойиҳаси фракциядошларимиз томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Йиғилишда “Радиочастота спектри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда моддама модда муҳокама этилди.

Мазкур қонун лойиҳасида радиочастота спектридан фойдаланишнинг мониторинги ва назоратини кучайтириш бўйича ҳуқуқий, норматив-техник ва ташкилий-техник чоралар назарда тутилган бўлиб, у радиочастота спектридан фойдаланишни назорат қилиш тизимларини янада такомиллаштириш, телерадиоэфирда ахборот хавфсизлигини, шунингдек республика радиоэлектрон воситаларининг барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши радиочастота спектридан фойдаланишнинг хавфсизлик шароитларини ва самарадорлигини таъминлаш, ахборот узатишда, шу жумладан ўта муҳим ахборот муҳитида – телерадиоэфирда ахборот хавфсизлиги даражасини ошириш имконини беради.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари қонун лойиҳасида қўлланилган атамаларга алоҳида эътибор қаратишди ҳамда уни соддалаштириш, барча учун тушунарли бўлиши, энг муҳими ижро механизмларини мустаҳкамлаш зарурлиги юзасидан таклиф-тавсияларини билдирдилар ва уни маъқулладилар.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан депутатларнинг партия позицияси юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди ва фракция нуқтаи назари белгилаб олинди.

“Адолат” СДП матбуот хизмати

Инсон манфаатлари устуворлиги — миллий қонунчилигимиз асоси was last modified: Март 25th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »