Koshalapova

Жиддий имтиҳон олдидан

7 Март, 14:48 • Депутат минбари, САЙЛОВ - 2015, Янгиликлар • 1075 марта кўрилди • Комментариев к записи Жиддий имтиҳон олдидан нет

Сайлов кучли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатда халқ хоҳиш-иродаси эркин ифодаланишининг асосий шакли ҳисобланади. Ҳуқуқий демократик жамият барпо этишда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юқори бўлиши, ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланганлиги муҳим аҳамият касб этади. Демак, фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш долзарблигини йўқотмайдиган масала саналади.

Ўқувчиларимизга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос жиҳатларига оид батафсил маълумот бериш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси, парламент Қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Людмила КОШЕЛАПОВА билан суҳбатлашдик.

— Людмила Викторовна, айни кунларда муҳим ижтимоий-сиёсий жараённинг бўсағасида турибмиз. Юртдошларимиз мамлакатимизнинг истиқболдаги йўлини сайловлардаги иштироки, қарори билан белгилайди, десак, янглишмасак керак. Бундай муҳим танловни амалга ошириш эса кишидан нафақат мустақил ва мустаҳкам фуқаролик позицияси, балки юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни ҳам талаб этади. Шу боис Сиз ва бизнинг бирламчи вазифамиз — фуқароларимизнинг сайлов қонунчилигига оид билимини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш саналади. Айтинг-чи, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчилар қонун бўйича қандай ҳуқуқларга эгалар?

— Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги Бош Қомусимизнинг сиёсий ҳуқуқларга оид бобида мустаҳкамлаб қўйилган. Сайловга оид миллий қонунчилигимизда ушбу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилиши, уларнинг сайлов ҳуқуқлари давлат муҳофазасида эканлиги аксини топган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига, ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги тартибга солинган.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунда 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Президент сайловида қатнашиш ҳуқуқига эгалиги, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланиши белгиланган.

Сайлов куни истиқомат жойида бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз истиқомат жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақаларини талаб қилиб олиши, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусида қарорга келиши ҳамда тўлдирилган сайлов варақаларини конвертга яширган ҳолда участка комиссиясига қолдириши мумкин. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида сайловчилар рўйхатига имзо чекади.

Айрим сайловчилар соғлиғи ёмонлиги туфайли ёки бошқа сабабларга биноан овоз бериш учун ажратилган бинога кела олмаган ҳолларда участка комиссияси уларнинг илтимосига кўра комиссиянинг камида икки аъзосига сайловчилар турган жойда овоз беришни ташкил этишни топшириши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари ташкил этилган тақдирда, мазкур сайлов участкаларида ушбу чет мамлакатда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овоз бериш ҳуқуқига эгалар.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича сайловолди кампаниясида ва овоз беришда ихтиёрий қатнашадилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади. Фуқароларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади.

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари қандай ҳуқуқ ва ваколатларга эга?

— “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунда Президентликка номзодларнинг ҳуқуқлари кафолатлари ва номзодларнинг ишончли вакилларига бағишланган алоҳида боб мужассам бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилиши қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан йиғилишларда ҳамда сайловчилар учун қулай бўлган бошқа шаклда учрашувлар ўтказишда тенг ҳуқуқ берилади. Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни ташкил этишда, зарур маълумот ва ахборот материаллари олишда ёрдам кўрсатишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод рўйхатга олинганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (шаҳар йўловчилар транспортидан, таксидан ва транспорт бошқа турларининг буюртма йўналишларидан ташқари) текинга юриш ҳуқуқига эга бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ўзининг келгуси фаолият дастури билан чиқиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога розилик берган тақдирда Марказий сайлов комиссиясини дарҳол хабардор этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни мажбурий келтириш, шунингдек, унинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жой ва хизмат биноларини кўрикдан ўтказишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайлов вақтида ёхуд овозларни санаб чиқиш чоғида йўл қўйилган ҳамда овоз бериш якунларига таъсир этган қоидабузарликлар сабабли сайлов, умуман ёки айрим округлар ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги Марказий сайлов комиссиясининг қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқи тегишлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилларга эга бўлишга ҳақли бўлиб, ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам берадилар, уни Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайлаш учун тарғибот олиб борадилар. Давлат ва жамоат ташкилотлари сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қиладилар. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг тақдимномасига кўра ишончли вакилларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олади ва Марказий сайлов комиссияси уларни тегишли гувоҳномалар билан таъминлайди.

— Шу ўринда сайловга оид меъёрий-ҳуқуқий асосдан тўлиқ хабардор бўлмаган айрим муштарийларимизни қизиқтириши мумкин бўлган савол билан мурожаат қилсак. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови нима учун айнан 2015 йил 29 март куни ўтказилмоқда?

— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига ҳамда «Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуннинг 2-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови 2015 йилнинг биринчи ярмида, яъни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов якунлари бўйича қарор чиқарган кундан эътиборан 90 кун ўтгандан кейинги биринчи якшанбада ўтказилиши белгиланган. Ушбу меъёрий-ҳуқуқий асосдан келиб чиқиб, 2014 йил 26 декабрда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва ушбу қарорда 2015 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб эълон қилинди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларини аниқлаш ва белгилаш тартиби ҳақида қисқача маълумот берсангиз.

— Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баённомалар ва Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларидан олинган баённомалар асосида республика бўйича сайловчиларнинг умумий сонини; сайлов бюллетенлари ҳамда варақалари олган сайловчиларнинг сонини; овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг сонини; ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб, топилган бюллетенлар сонини аниқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иккита номзод иштирок этган тақдирда, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг нисбий кўпчилик овозини олган номзод сайланган, деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иккитадан ортиқ номзод иштирок этган тақдирда, агар номзодларнинг ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини ололмаган бўлса, сайловчиларнинг овозини энг кўп олган икки номзод иштирокида такрорий овоз бериш ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида турли сабаблар (номзоднинг вафоти, номзоднинг соғлиғи ҳолати сайловда иштирок этишни истисно этадиган даражада ёмонлашганлиги ёки қонунда белгиланган бошқа сабабларга кўра унинг номзоди олинганлиги ва шунга ўхшаш сабаблар) натижасида биттагина номзод иштирок этган тақдирда, бу номзод, агар у овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган бўлса, сайланган, деб ҳисобланади.

Сайлов, агар унда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 33 (ўттиз уч) фоизидан ками иштирок этган бўлса, ўтмаган деб топилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилинади.

— Янги сайланган Президент ўз лавозимига қачондан киришади?

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий тарзда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришади. Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимга киришгунга қадар бажаради.

Саодат Содиқова суҳбатлашди.

Жиддий имтиҳон олдидан was last modified: Март 6th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »