Партиянинг сиёсий майдондаги роли парламентдаги мухолифлик орқали янада аниқ ифодаланади

20 Март, 12:36 • Фракция, Янгиликлар • 1117 марта кўрилди • Комментариев к записи Партиянинг сиёсий майдондаги роли парламентдаги мухолифлик орқали янада аниқ ифодаланади нет

Аввал хабар қилганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясини парламентдаги кўпчиликка нисбатан мухолиф деб эълон қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Фракция раҳбари Наримон Умаров олиб борган йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 20 нафар депутатлик ўринларини эгаллаб, партия фракциясини шакллантириш ва ўзининг дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларини илгари суриш учун барча зарурий имкониятларга эга бўлди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси Қонунчилик палатаси қўмиталарини шакллантириш ва раҳбарларини сайлашда фаол иштирок этиб, мамлакат Бош вазири номзоди бўйича муносабатини ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат Дастурига партия позициясини билдирди.

Ўтган давр мобайнида фракция томонидан электорат манфаатини акс эттирувчи муҳим аҳамиятга эга бир қатор қонун лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Фракциянинг ўтказилган 9 та йиғилишида ўндан ортиқ қонун лойиҳалари кўриб чиқилди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил (Омбудсман) ҳисоботини муҳокама қилишда, Ҳисоб палатаси ва сиёсий партиялар ҳисоботини тинглашда назорат-таҳлил функцияси бажарилди, кўрилган масалалар юзасидан фракция позицияси ишлаб чиқилиб, эшиттирилди.

Профессионал парламентаризм сари қадам ташланаётган ҳозирги шароитда фракция олдида бошқа сиёсий рақобатчиларидан аниқ фарқини ва уларга нисбатан ўз позициясини белгилаб олиш масаласи долзарб саналади. Йиғилишда фракция аъзолари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламентдаги кўпчиликнинг Демократик кучлар блоки тузилгани тўғрисидаги қароридан келиб чиқадиган бундан кейинги ўз фаолиятларини муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси партиянинг Сайловолди дастурида баён этилган бир қатор муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда “ЎзЛиДеП” ва “Миллий тикланиш” партияларининг дастурий қарашларига тўғри келмайдиган ўз нуқтаи назарига эгадир.

Фракция “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилига амал қилган ҳолда кучли ижтимоий сиёсатни қўллаб-қувватлаш орқали давлат ижтимоий дастурларини бажаришда фаол иштирок этиш, аҳолининг ўта бойлар ва камбағалларга бўлиниб, кескин табақаланиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда аҳоли турмуш сифати кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган аниқ саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Фракция ўзини анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат ғоясини қўллаб-қувватлашга қодир куч сифатида кўради.

Ушбу омилларни инобатга олган ҳолда йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясини парламентдаги кўпчиликка нисбатан мухолиф деб эълон қилиш таклифи илгари сурилди.

Мазкур принципиал қарор билан Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси ўзининг Ўзбекистон мустақиллигини асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролик ва миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорликка эришиш тамойилларига содиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлаши депутатлар томонидан эътироф этилди.

Қодир ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Qodir Jurayev— Ҳақиқатан ҳам, партиямиз ва “Демократик кучлар блоки”га кирувчи партияларнинг позициясидаги бир қатор масалаларда тафовутлар мавжуд. Масалан, “ЎзЛиДеП” ва “Миллий тикланиш” партияларининг сайловолди дастурларида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий суғурта қилиш ва пенсия таъминотини таъминлаш, бизнес субъектлар масъулияти даражасини ошириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузиш ҳамда меҳнат қонунчилигига риоя қилмасликка қарши чоралар етарлича кўзда тутилмаган.
Улардан фарқли ўлароқ, партиямиз Сайловолди дастурида иш берувчилар ва ходимлар ўртасида ижтимоий шерикчиликни мустаҳкамлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналарда ишчиларнинг меҳнат шароитини яхшилаш, бизнес тузилмаларининг ижтимоий масъулиятини янада ошириш ҳамда ушбу йўналишда қонунчилик базасини такомиллаштириш устувор йўналиш ҳисобланганлиги сабабли биз учун бу масала принципиал аҳамиятга эга.
Албатта, парламентда кўпчиликни ташкил этувчи “Демократик кучлар блоки”га нисбатан мухолиф сифатида фаолият олиб бориш биздан янада катта масъулият талаб этади. Яъни, олдимизда Ҳукуматнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат Дастури ижроси устидан депутатлик назоратини йўлга қўйиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ҳамда бандлик дастурининг ижроси борасида йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан ҳукумат ва масъул вазирликлар раҳбарларининг парламентдаги эшитувларида тегишли таклифлар киритиш, қонун ижодкорлиги жараёнида парламентда кўпчиликни ташкил этувчи фракцияларнинг таклифига нисбатан муқобил таклифларни илгари суриш каби масъулиятли вазифалар турибди.

Умид СУЛАЙМОНОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Umid Sulaymonov— “ЎзЛиДеП” ва “Миллий тикланиш” партиялари сайловолди платформаларида интеллектуал мулкни қўллаб-қувватлаш мезонлари ва шакллари мавжуд эмас. Бизнинг фракциямиз эса айнан интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва мазкур соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни муҳим, деб ҳисоблайди.
Таъкидлаш лозимки, миллий қонунчилигимизда интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг асосий нормалари мавжудлигига қарамай, уларни амалга ошириш механизми бўйича чоралар ҳалигача қабул қилинмаган. Мазкур муаммо интеллектуал мулкнинг айрим соҳалари ҳимоя қилинмаганлиги ва интеллектуал мулк соҳиблари манфаатларини бузиш ҳоллари ҳанузгача учраётганлигида кўзга ташланмоқда.
Ушбу омилларни инобатга олган ҳолда интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқини тўлиқ ва ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадини мухолиф фракция сифатида бундан кейинги фаолиятимизда амалиётга жорий қилишга ҳаракат қилишимиз зарур.

Шуҳрат ЯКУБОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Shuhrat Yakubov— Бизнинг қарашларимизнинг “ЎзЛиДеП” ва “Миллий тикланиш” партиялари дастурларидан тубдан фарқ қиладиган йўналишларидан яна бири давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг амалий механизмларини яратишдир.
Қолаверса, “ЎзЛиДеП” ва “Миллий тикланиш” партиялари сайловолди дастурларида тадбиркорликни, хусусий бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусий бизнес субъектларини кенг қўллаб-қувватлаш белгиланган бўлса-да, бироқ уларда ижтимоий жиҳатдан муҳим лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш билан шуғулланаётган хўжалик субъектларини солиқ имтиёзлари билан рағбатлантириш йўналишида аниқ чора-тадбирлар назарда тутилмаган.
Ушбу масалада Ўзбекистон “Адолат” СДП давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ривожлантириш орқали иқтисодиётни ривожлантиришда давлат иштирокини таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди. Бунда давлат тузилмалари қандай манфаатдор бўлса, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга йирик лойиҳаларни кенг миқёсда амалга оширишга кўмаклашаётган хусусий сектор ҳам шундай манфаатдор бўлади.
Бир сўз билан айтганда, фракциямизнинг парламентда мухолиф деб эълон қилиниши партиямизнинг мамлакатимиз сиёсий майдонидаги ролини янада аниқ ифодалаш ҳамда электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишга кенг имкониятлар яратади.

Ўткир ХОЛОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Utkir Xolov— Қонунчилик нормаларига асосан ўзини парламент мухолифи деб эълон қилган партия фракцияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари томонидан киритилган тегишли қонун лойиҳалари ҳақидаги маърузаларга бир вақтнинг ўзида муқобил таҳрирни киритиш, палата пленар йиғилишларида муҳокама этиладиган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикр-мулоҳазаларини баённомага киритиш, Олий Мажлис Сенати томонидан рад этилган қонунлар юзасидан келишув комиссиясида унинг вакиллари кафолатли иштирок этиш каби ҳуқуқларга эгадир.
Айни шу жиҳатдан парламентдаги мухолиф фракция сифатида бизга берилган ҳуқуқ ва ваколатлардан фойдаланиб, парламентда ўз электоратимиз саналган юқори малакали мутахассислар ва ишчилар, илм-фан ва муҳандис-техник зиёлилар вакиллари, педагоглар, шифокорлар ҳамда Ўзбекистонни кучли, нуфузли, ҳар томонлама ривожланган давлат сифатида кўришни, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий адолат шароитларида яшашни хоҳлайдиганларнинг манфаатларини янада самарали ҳимоя қиламиз.
Йиғилишда “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституцион қонунда белгиланган нормага мувофиқ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясини Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги парламент мухолифи деб эълон қилиш тўғрисидаги қарор бир овоздан маъқулланди.

Шунингдек, йиғилиш доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига брифинг ташкил этилди. Унда фракция аъзолари парламент мухолифи сифатидаги бирламчи вазифалари ва устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтдилар. Журналистлар ўзларини қизиқтирган барча масалалар юзасидан ахборот олдилар.

“Адолат” СДП матбуот хизмати

Партиянинг сиёсий майдондаги роли парламентдаги мухолифлик орқали янада аниқ ифодаланади was last modified: Март 25th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »