сайлов 2015

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари

9 Март, 17:54 • САЙЛОВ - 2015, Янгиликлар • 3547 марта кўрилди • Комментариев к записи Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари нет

Мамлакатимизда 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик давом этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси Эсонбой РАЖАБОВ ЎзА мухбирига ушбу муҳим сиёсий кампанияга тайёргарликнинг бориши ҳақида сўзлаб берди:

– Сайловлар кучли фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродаси эркин ифодаланиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шаклидир. Мамлакатимизда яратилган ва юксак демократик талабларга жавоб берадиган сайлов тизими амалда фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқи тўлиқ амалга ошишига хизмат қилаётир.

Фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқлари кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган. Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Бу конституциявий кафолатлар ушбу соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатларида янада кенгроқ акс эттирилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунларда сайловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ўз ифодасини топган.

Миллий сайлов қонунчилигида белгиланган фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига тўла мос келади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситасида ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эгалиги, халқ иродаси ҳокимиятнинг асоси бўлиши лозимлиги, бу ирода даврий, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқидан яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказилган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги белгиланган.

Бу тамойилларга миллий сайлов қонунчилигимиз тўла мувофиқ келади. “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга биноан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Сайловчилар ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш ва яширин овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар.

Бундай имкониятлардан амалда юртдошларимиз кенг фойдаланаётгани, хусусан, 2014 йил декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида намоён бўлди. Унда сайловчиларнинг қарийб тўқсон фоизи фаол иштирок этгани бунинг яққол исботидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси кўппартиявийлик ва тенглик тамойилларига мувофиқ давом этмоқда. Тўртта сиёсий партиядан номзодлар кўрсатилиб, улар сайловчилар ўртасида ташвиқот ишларини олиб бораётир. Сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ таъминланмоқда. Аниқроқ айтганда, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ўз сайловолди дастурлари асосий қоидаларини сайловчиларнинг эътиборига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле ва радиоканалларида 900 дақиқадан эфир вақти берилди. Сайловолди ташвиқоти даврида “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 10 саҳифадан нашр майдони ажратилди.

Бундан ташқари, ҳудудий теле ва радиоканаллар, босма нашрлардан ҳам фойдаланиш учун номзодларнинг ҳар бирига 180 дақиқа эфир вақти ва 5 саҳифагача нашр майдони ажратилган.

Бу каби чора-тадбирлар фуқароларнинг сайловга оид бутун жараён билан тўлиқ хабардорлигини таъминлаш, номзодларнинг дастурлари билан батафсил танишиш имконини бераётир. Зеро, бу сайловчиларнинг келгусида муносиб номзодни танлаб, унга овоз беришига хизмат қилади.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга. Ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш принципларига тўхталадиган бўлсак, бунда демократик талаблардан ҳисобланган ошкоралик, эркинлик, тенгликка тўлиқ риоя этилади. Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича сайловолди кампаниясида ва овоз беришда эркин қатнашадилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишда сайлов комиссиялари муҳим ўрин тутади. Айни пайтда мамлакатимизда бу институтнинг бутун тизими шакллантирилган ва комиссиялар ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширмоқда. Сайлов округлари, сайлов участкаларида комиссия аъзолари томонидан сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга оид чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Сайловчиларнинг овоз беришини ташкил этишга юқори савияда тайёргарлик кўрилмоқда. Чунончи, овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилади, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенлари бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак. Сайлов қутилари овоз берувчилар улар ёнига албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари орқали ўтиб келадиган қилиб жойлаштирилади.

Ҳар бир сайловчи шахсан овоз беради, бошқа кишилар учун овоз беришга йўл қўйилмайди. Сайлов бюллетенларини тегишли участка сайлов комиссияси аъзолари сайловчиларнинг рўйхати асосида паспорт ёки бошқа гувоҳнома кўрсатилгач беради. Ҳар бир сайловчи сайлов бюллетени олгани ҳақида сайловчилар рўйхатидаги ўз фамилияси рўпарасига имзо чекади.

Сайлов куни яшаш жойида бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериши мумкин. Бунинг учун у ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақаларини талаб қилиб олиши, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусида қарорга келиши ҳамда тўлдирилган сайлов варақаларини конвертга солиб, участка комиссиясига қолдириши мумкин. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида сайловчилар рўйхатига имзо чекади. Сайлов варақасининг нусхасини Марказий сайлов комиссияси белгилайди.

Айрим сайловчилар соғлиғи ёмонлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш учун ажратилган бинога кела олмаган ҳолларда участка сайлов комиссияси уларнинг илтимосига кўра комиссиянинг камида икки аъзосига сайловчилар турган жойда овоз беришни ташкил этишни топшириши мумкин. Бирон-бир сабаб билан сайловчилар рўйхатига киритилмай қолган сайловчилар шахсини ва яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат асосида сайловчилар рўйхатига киритилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари was last modified: Март 10th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »