adolat partiyasi fraksiyasi

Янги қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида

9 Март, 16:19 • Тошкент шаҳри, Фракция, Янгиликлар • 3366 марта кўрилди • Комментариев к записи Янги қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қуйи палатанинг ялпи мажлиси кун тартибига киритилаётган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари эътиборига биринчи ўқишда ҳавола этилган “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг асосий мақсади тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш амалиётларини такомиллаштириш, улар ишининг барқарорлигини таъминлаш, қонунга риоя қилиб ишлайдиган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашишларни қисқартиришдан иборат.

Қонун лойиҳасида амалдаги Қонунда кенг қўлланилган “режали текшириш”, “режадан ташқари текшириш”, “қисқа муддатли текшириш” ва “текшириш дастури” каби тушунчаларнинг моҳияти очиб берилмоқда.

Лойиҳада шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари устуворлиги, текшириш ҳамда уни амалга ошириш ташаббуси мақсадга мувофиқлигининг мутаносиблиги тамойиллари (принциплари) киритилган бўлиб, улар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча текширишларини (жиноий ишлар бўйича текширишлар ҳамда қўшимча келишувларсиз текшириш ўтказиш ҳоллари бундан мустасно) махсус ваколатли орган билан келишиб олиш тўғрисидаги муҳим норма (меъёр) кўзда тутилган.

Тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча кафолатларни таъминлаш мақсадида лойиҳада текширув ўтказиш ваколатига эга бўлган назорат қилувчи органлар рўйхатини бериш назарда тутилади.

Қонун лойиҳасида текшириш натижаларини расмийлаштириш, текширишларни қайд этиш китобини юритиш ва тўлдириш тартиби ўрнатилиб, бу текширув фактлари ва натижаларини қайд этиш бўйича ягона амалиётни яратади.

adolat partiyasi fraksiyasiЎзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилинишини ҳуқуқий мувофиқлаштириш тизимидаги мавжуд нуқсон ва камчиликлар ўрнини тўлдириб, улар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, бозор муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишда муҳим қадам бўлиб қолади.

Шу билан бирга, Қонуннинг қабул қилиниши виждонан, қонунга риоя қилиб ишлаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувларни қисқартириш ҳамда улар фаолиятини назорат қилиш амалиётини такомиллаштириш, давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг  тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилаётган текширувларнинг сифати учун масъулиятини ошириш имконини беради.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий ғояларидан келиб чиқиб қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар ва уни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.

Кун тартибидаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида назарда тутилган ўзгартишлар республикада амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолияти учун кулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Лойиҳанинг мақсади ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилашга қаратилган.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида’ти, “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги ва “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги Қонунларига давлат хизматларини кўрсатиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатидан таъсис ҳужжатларини чиқариб ташлашни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилганлиги билан Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсадларига мос эканлигини қайд этдилар ва уни концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

Шунингдек, йиғилишда “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан иккинчи ўқишда муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг мақсади мамлакатимиз аҳолиси орасида йод етишмовчилигини бартараф этиш, унинг салбий оқибатлари олдини олишга қаратилган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан амалдаги қонунчиликка йодланган ош тузи ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилиш соҳаларидаги муносабатларни тартибга солиш, аҳолини фақат сифатли йодланган ош тузи билан тўлиқ таъминлаш йўли орқали йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш ва камайтиришга оид нормалар киритилмоқда.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, партия аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда профилактика ишларини кучайтиришга устувор вазифа сифатида қарайди. Шу нуқтаи назардан, келажак авлоднинг, умуман, миллатимизнинг интеллектуал, таълим ва касбий салоҳиятининг йўқолишига олиб келадиган салбий оқибатларнинг олдини олишга хизмат қилувчи мазкур қонун лойиҳаси партия сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва мақсадларга тўла мос келиши фракция аъзолари томонидан эътироф этилди ва лойиҳа қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан депутатларнинг партия позицияси юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди ва фракция нуқтаи назари белгилаб олинди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Янги қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида was last modified: Март 10th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »