Янги таҳрирдаги қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида

14 Апрель, 18:54 • Тошкент шаҳри, Фракция, Янгиликлар • 1047 марта кўрилди • Комментариев к записи Янги таҳрирдаги қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида нет

Ўзбекистон  Республикаси  Олий  Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Йиғилиш кун тартибидаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар муҳокамасига иккинчи ўқишда тақдим этилди.

Таъкидланганидек, электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Халқаро амалиётга мос равишда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси электрон тижоратнинг асосий йўналишларини ҳуқуқий тартибга солувчи барча йўналишларни қамраб олган. Унинг муҳим хусусиятларидан бири электрон шартномаларни расмийлаштириш ва ижро этиш жараёнларини енгиллаштиришдан иборат. Бу эса мамлакатда кичик бизнес субъектларининг молиявий барқарорлиги, инвестициявий фаоллиги, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ва кўрсатаётган хизматларининг ички ва ташқи бозорда янада рақобатбардошлиги ҳамда сифати ошишига олиб келади.

Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши савдо амалиётини амалга ошириш бўйича ҳаражатларнинг камайишига, электрон тижорат субъектларининг бири-биридан географик узоқлиги билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилишига, тезкор равишда шартномавий муносабатларни ўрнатиш, сотувчилар ва харидорларга қисқа фурсатда нархлар, сифат ва товарни етказиб бериш билан боғлиқ ҳар хил рақобатчилар таклиф этган маълумотларни олиш имкониятини беради.

Фракция аъзоси У.Самадов янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида унга киритилган ўзгартиришлар хусусида ахборот берди.

Қайд этилишича, 20 моддадан иборат қонун лойиҳасида электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсати, электрон тижорат соҳасини давлат томонидан тартибга солишнинг асослари белгилаб берилмоқда. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва махсус ваколатли давлат органининг электрон тижорат соҳасидаги ваколатларига доир янги нормаларнинг киритилиши билан электрон тижорат соҳасини давлат томонидан тартибга солиш ягона тизими Қонун даражасида шакллантирмоқда.

Шунингдек, электрон тижорат иштирокчиси ҳамда ахборот воситачисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокамасида фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДП иқтисодиёт тармоқларида ҳам замонавий телекоммуникация технологияларини фаол жорий этиш, илмталаб маҳсулотлар ва илғор илмий-технологик ишланмалар экспортини кенгайтириш орқали миллий иқтисодиётимизнинг жаҳон бозорига интеграциялашувини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишини, айни шу жиҳатдан қонун лойиҳаси партия дастурий ғояларига мос эканлигини таъкидладилар. Партия позициясидан келиб чиқиб қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, унинг ижро механизмларини мустаҳкамлашга доир таклиф-тавсиялар асосида қонун лойиҳаси маъқулланди.

Депутатлар эътиборига биринчи ўқишда ҳавола этилган “Ветеринария тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама этилди.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ташаббускор гуруҳ томонидан олиб борилган 1993 йилда қабул қилинган “Ветеринария тўғрисида”ги амалдаги қонун ҳолатининг таҳлили уни соҳадаги халқаро тажрибадан келиб чиқиб, бугунги кун талабларига мослаштириш зарурияти мавжудлигини кўрсатди. Шунга кўра мазкур қонуннинг янги таҳририда ветеринария соҳасидаги асосий тушунчаларнинг атамалари киритилмоқда.

Ушбу соҳада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини белгиловчи бир қатор моддалар киритилмоқда. Шунингдек, ветеринария масалаларини ҳал қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг иштирокини белгиловчи ҳамда ветеринария барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган бир қатор янги моддалар киритилган.

Шу билан бирга, чорвачилик ривожланишини инобатга олиб, ушбу қонунга чорвачилик объектлари, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини парваришлаш, биологик ва чорвачилик чиқиндиларини қайта ишлаш ва сақлашга нисбатан асосий ветеринария-санитария қоидалари ва меъёрлари киритилмоқда.

Мазкур қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши ветеринария соҳасидаги муносабатларни бошқариш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларнинг муносабатларини тартибга солади.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги мақсад-вазифаларига ҳамоҳанг эканлигини қайд этган ҳолда уни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.

Шунингдек, йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ва бошқа қонун лойиҳалари ҳам депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланди. Йиғилиш кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

“Адолат” СДП матбуот хизмати

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида was last modified: Апрель 14th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »