Андижонлик  тадбиркорлар доимий изланишда

23 Июнь, 14:36 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 690 марта кўрилди • Комментариев к записи Андижонлик  тадбиркорлар доимий изланишда нет

Кейинги йилларда республикамизда бошқа соҳалар қатори иқтисодиётни юксалтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва бунинг натижасида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган ва  ҳаётга изчил татбиқ этилган Ўзбек модели ҳамда унинг асосида яратилган давлат дастурлари  бу борада биз учун муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Бундан беш йил муқаддам ноозиқ-овқат махсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш дастурига асосан Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасида   “Боғишамол люкс текстил” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этган эдик. 90 минг долларлик замонавий хорижий ускуналар олиб келиниб, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Иш ўринларини асосан вақтинча уйда ишсиз ўтирган хотин-қизлар ва ёшлар ҳисобига тўлдиришга эътибор қаратдик.

andijon2Изланиб иш олиб борганимиз, маҳсулот сифати доим назоратга олингани ва республикамизда тадбиркорлик фаолиятининг қўллаб-қувватланиши натижасида жуда тез бозорда ўз ўрнимизни топиш билан бирга ҳамкорларимиз сафи кенгайиб борди. Бугунги кунга келиб  енгил саноат корхоналари орасида етакчилар қаторидан жой эгалладик, десам муболаға бўлмайди. 30 турдаги маҳсулотларимиз нафақат ўзимизда, балки хорижда ҳам харидоргир бўлиб бормоқда. Ўтган 2014 йилда экспорт хажми 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

Тадбиркорликка давлат даражасида кўрсатилаётган кўмак хусусида гап кетганда бир мисолни келтиришни истайман. Москва шаҳрида ўтказилган халқаро ярмаркада танишим бўлмиш андижонлик фермер опа сутни қайта ишлаш линиясини харид қилди. Бу ускунанинг нархи опа учун 3 минг доллар арзон белгиланди. Бошқа давлатлардан келган харидорлар имтиёз сабабини сўраганларида, ярмарка ташкилотчилари: “Ўзбекистонда тадбиркорлар учун жорий этилган божхона тўловлари ускуна нархини камайтириш имконини беради”, дея жавоб бердилар. Шунда кўпчилик: “Биз ҳам бизнесимизни Ўзбекистонда очсак бўлар экан”, дея эътироф этганларига гувоҳман.

Дарҳақиқат, қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларга тақдим этилган имтиёзлар туфайли  жамиятимиз томонидан 2014  йилда катта маблағ иқтисод қилиниб, ушбу маблағ ишлаб чиқаришни кенгайтиришга сарфланди. Жумладан, лизинг асосида 230 минг долларлик тўқув дастгоҳлари Германиядан келтирилди. Натижада 20 та қўшимча иш ўрни яратилди. Калава ипдан корхонанинг ўзида мато тўқилиши натижасида маҳсулот таннархи пасайтирилди. Жорий йилда ҳам 10 нафар коллеж битирувчиларини ишга қабул қилдик. Бу билан ишловчиларнинг умумий сони  90 нафардан ортди.

Жамоамиз аъзолари иш билан бирга жамоат ишларида щам фаол. Улар орасида Ўзбекистон «Адолат» СДП аъзолари щам бор. Уларнинг жамоат ишларидаги фаоллиги, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларда олдинги сафларда бораётгани уларнинг юрт келажагига, ватан тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатади.

Бугунги кунда енгил саноат соҳасига бел боғлаган ҳар бир тадбиркор Президентимиз илгари сурган фикр – экспортга чуқур қайта ишланган, қўшилган қиймати юқори бўлган сифатли маҳсулот етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Зеро, бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд.

Кези келганда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқ лозим. Республикамизда тадбиркорликка бўлган эътибор шахсий ҳаётимизда ҳам катта ўзгаришларга олиб келди. Бугун оиламиз ҳам иқтисодий жиҳатдан бойиган. Яхши яшаш учун яратилган шароит, шахсий машиналар ва фарзандларимиз камоли учун барча қулайликлар мавжудлиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Шоирахон ИСРОИЛОВА,

Андижон шаҳридаги

 “Боғишамол люкс текстил” масъулияти чекланган жамияти раиси

Андижонлик  тадбиркорлар доимий изланишда was last modified: Июнь 23rd, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »