Партия кўмагида хотин-қизлар ва ёшлар имтиёзли кредитларга эга бўлди

10 Июнь, 15:47 • Фарғона вилояти, Янгиликлар • 2600 марта кўрилди • Комментариев к записи Партия кўмагида хотин-қизлар ва ёшлар имтиёзли кредитларга эга бўлди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш жойларини ташкил этиш, ахолининг кенг қатлами учун, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишларини янада кенгайтириш мақсадида Республикамизнинг барча ҳудудларида қўшма қарор асосида семинарлар ташкиллаштирилмоқда. Жорий йилнинг 9 июнь куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган семинарда ҳам асосий эътибор айнан шу масалаларга қаратилди.

fargona2Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конунчилик палатаси депутати Сулаймонов Умид Курбонович, “Микрокредитбанк” кредитлаш департаменти бошқарма бошлиғи Қосимова Ирода Шоҳидаевна, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бўлими мудири Джураев Маҳаммаджон Одилович, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Фарғона филиали бошқарувчиси Олимов Элёр Нуриддинович, вилоят ҳокимлиги котибият мудири Алимова Сайёра Набиевна, вилоят партия Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Суярқулов Нурали Рустамович ҳамда касб-ҳунар коллежи битирувчилари, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар иштирок этдилар.

Анжуманни вилоят партия Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Н.Суярқулов кириш сўзи билан очиб берар экан, иштирокчилар ва бўлажак тадбиркорларга ушбу ҳамкорликдаги лойиҳанинг асосий мақсадини тушунтириб ўтди. Шундан сўнг сўзга чиққан вилоят ҳокимлиги котибият мудири С.Алимова вилоятимизда тадбиркорлик йўналишларида иш юритиш мақсадида бўлган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, ташаббускор аёллар, хотин-қизлар  билан жорий йил давомида амалга оширилган чора-тадбирлар ва ушбу фаолият самаралари хусусида батафсил маълумотлар берди.

Умид Сулаймонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

— Бугунги кунда хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеи кўп жиҳатдан ўзгариб, уларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, тадбиркорик соҳаларидаги иштироки кучайди, иқтисодиёт ривожидаги ҳиссаси ортиб бориши натижасида улар иштирокидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари сони доимий равишда ошиб бормоқда. Шу билан бирга ёшларнинг маънавий, интеллектуал, касбий салоҳиятидан фойдаланиш, ижтимоий-сиёсий жараёнларга нисбатан уларда дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, чуқур билимга эга ёшлар учун янада кенг имкониятлар яратиш жамият тараққиётида долзарб аҳамиятга эгадир. Шу боисдан Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан этиб белгиланган. Ижтимоий ҳамкорларимиз билан биргаликда ташкил этилган бугунги тадбирдан кўзланган мақсадимиз ҳам айнан аёллар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишларига кўмаклашиш борасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилди.

Шунингдек, тадбирда ўтган йил давомида тижорат банкларидан олинган кредитлар эвазига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, ривожлантираётган хотин-қизлар ва ёшлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, ҳунармандчилик буюмларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Бу эса иштирокчиларда ҳамкорлар томонидан ташкил этилаётган мана шундай семинарлар, чора-тадбирлар самарасига бўлган ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ширинбек Маҳкамов, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Фарғона филиали мутахассиси:

— “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига бошланғич сармояларни шакллантириш учун берилаётган микрокредитнинг йиллик фоизи 3 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса ўз навбатида бизнесни эндигина бошлаётган тадбиркорлар учун фаолиятларини йўлга қўйишларида янада қулайлик яратиб бермоқда. Халқимиз фаровонлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, ёшларимиз, аёлларимиз ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, пировардида бандлик масаласини ҳал қилишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшаётганимиздан ғоят мамнунмиз.

fargona1Тадбирнинг асосий қисмида Ўзбекистон “Адолат” СДП, “Микрокредитбанк” АТБ ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тадбиркорлик фаолиятини банк кредитлари ҳисобига бошлаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 нафар коллеж битирувчилари ҳамда 5 нафар хотин-қизларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Нилуфар Исроилова, сертификат соҳиби, коллеж битирувчиси:

— Мана ҳозиргина ўз бизнес лойиҳам асосида имтиёзли кредит олиш учун сертификатни қўлга киритдим. Эндиликда ушбу режам асосида чеварчилик соҳасида фаолият юритиб, маҳалламдаги тенгдошларимни янги иш ўринлари билан таъминламоқчиман. Келажакда бу соҳани янада кенайтириб, миллий либосларимиз гўзаллигини бутун жаҳон халқларига намоён этиш истагидаман. Менимча, банк ва партиялар томонидан бундай тадбирларнинг тез-тез ташкил этилиши биз каби қизиқувчан ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Семинардан очиқ мулоқотга айланган тадбирда иштирокчиларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш масалалари, ахолининг кенг қатлами учун жорий этилган банк хизматлари борасидаги саволларига  “Микрокредитбанк” кредитлаш департаменти бошқарма бошлиғи И.Қосимова, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Фарғона филиали бошқарувчиси Э.Олимов ва бошқа мутахассислар батафсил жавоб бердилар. Мулоқот давомида қатнашчилар партиямиз томонидан аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар, лойиҳалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Қизғин баҳс-мунозара ва жонли мулоқотларга бой ўтган анжуман сўнгида партиявий анъанамизга кўра, “Ёш адолатчилар” сафига кириш истагидаги 12 нафар ёш тадбиркор қизларга Қўқон шаҳар партия Кенгаши раиси Ю.Исақова томонидан партияга аъзолик гувоҳномлари топширилди.

Комила ИСРОИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби

Партия кўмагида хотин-қизлар ва ёшлар имтиёзли кредитларга эга бўлди was last modified: Июнь 10th, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »