“Сифатли таълим — барқарор тараққиёт гарови” мавзусида давра суҳбати

19 Июнь, 09:14 • Пресс-релизлар • 746 марта кўрилди • Комментариев к записи “Сифатли таълим — барқарор тараққиёт гарови” мавзусида давра суҳбати нет

 

ПРЕСС РЕЛИЗ

2015 йил 19 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда “Сифатли таълим барқарор тараққиёт гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари, олий ўқув юртлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад жорий йил 12 июнь куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари ҳамда жамоат ташкилотлари ўртасида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш, фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилишга қаратилди.

Давра суҳбатини кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобовлар мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ўқитиш сифати ва мазмунини янги поғонага кўтариш, малакали кадрлар тайёрлашнинг замонавий механизмини яратиш борасида Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар хусусида тўхталишди.

Таъкидланганидек, мустақилликнинг илк йиллариданоқ олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсдаги ишларнинг амалга оширилиши натижасида бугунги кунда мамлакатимиз олий таълим муассасалари салоҳиятли илмий ва педагогик таркибга, замонавий ўқув-дастурий асосга, моддий-техник база ва ўқув-илмий лабораторияларга эга бўлган таълим масканлари сифатида самарали фаолият кўрсатмоқда.

«Таълим тўғрисида»ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мамлакатимизда малакали кадрлар тайёрлашнинг янги, бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган самарали миллий моделини яратишда муҳим омил бўлди.

Шу билан бирга, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида амалга оширилаётган таълим тизимидаги ўзгаришларнинг мантиқий давоми сифатида босқичма-босқич ислоҳ қилинмоқда.

Хусусан, олий таълим профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш масаласига қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ ўтган йилларда мамлакатимизда олий ўқув юртлари педагогик жамоаси салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи малака ошириш механизми тубдан ислоҳ этилди.

Президентимизнинг 2015 йил 12 июнда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражасини ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг янада такомиллаштирилган тизимини жорий қилишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу ҳужжат олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш мақсадида қабул қилинган.

Фармонда авваламбор, олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Давра суҳбатида мазкур Фармонда белгилаб берилган вазифалар бандма-банд таҳлил қилинди.

Қайд этилганидек, Президент Фармонида мамлакатимиз ва жамиятимиз ривожининг бугунги босқичида олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг педагогик ва касб даражасини мунтазам ошириш асосида уларнинг қонунчилик нормалари, назария, илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни чуқур ўрганишлари устувор вазифалар сирасига киритилди.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, ҳозирги глобаллашув шароитида мамлакатимизда ва атрофимизда, жаҳонда юз бераётган ўзгаришлар жараёнида даврнинг тобора ортиб бораётган талабларига уйғун ва ҳамоҳанг қадам ташлайдиган мамлакатгина муваффақият қозониши мумкин. Фақат кенг миқёсдаги сиёсий, ижтимоий, гуманитар, иқтисодий ислоҳот ва ўзгаришларни давом эттириш давлат ва жамиятнинг барқарорлиги, зарур ривожланиш суръатларини таъминлашгина ҳаёт сифатини ошириш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш имконини беради. Бу эса, авваламбор, таълим берувчидан ўз билим, салоҳиятининг доимо давр талабига мослигини таъминлашни талаб этади.

Идоравий мансублигидан қатъи назар, мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари уч йилда камида бир марта доимий асосда Таянч олий ўқув юртлари курсларида қайта тайёрланиши ва малакасини ошириши шартлиги, курслар якунида тингловчилар аттестациядан ўтиши лозимлиги белгиланди. Бу билан ўқитувчиларга қабул қилинган янги қонунлар, таълим тизимидаги замонавий услублар, ривожланган мамлакатлар тажрибасини қўллаш кабилар билан тўлиқ ўрганишга шароит яратилади.

Фармонда олий таълим муассасалари раҳбар ва педагогик кадрларини қайта тайёрлашни ташкил этиш бўйича 15 та етакчи олий ўқув юртининг Таянч олий ўқув юртлари сифатида белгиланиши, уларда мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари ҳар уч йилда камида бир марта доимий асосда қайта тайёрланиши ва малакасини ошириши, курслар якунида тингловчилар аттестациядан ўтиши тўғрисидаги тартиб ўрнатилганлиги ўз навбатида, профессор-ўқитувчиларни юқори илмий ва амалий тажрибага эга бўлган олий ўқув юртларида малака ошириш, ижобий тажриба тўплашларига имкон беради.

Фармонда белгилангани каби олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва аттастациядан ўтказиш масаласига ойдинлик киритилмоқда, ушбу ишларни мувофиқлаштириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида доимий фаолият юритадиган Идоралараро комиссия ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ҳужжатда белгиланган яна бир муҳим вазифа – бу юқори самарали замонавий таълим ва инновация технологиялари, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда, олий ўқув юртларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, дастур ва услубларини тубдан янгилашдир. Фармонда, шунингдек, ўқитувчиларнинг глобал интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологояларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ, этиши, олий ўқув юртлари педагог қадрларининг чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини ошириши каби замонавий талаблар қўйилмоқда. Бу ўз навбатида, таълим тизимида ўқувчиларнинг нафақат кенг билим ва профессионал кўникмаларни эгаллаши, бугунги дунёда рўй бераётган барча воқеа-ҳодисалар, янгилик ва ўзгаришлардан атрофлича хабардор бўлиши, жаҳондаги улкан интеллектуал бойликни эгаллашида катта аҳамиятга эга.

Умуман, Президентимизнинг “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан малака ошириш тизимида фаолиятни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари янада  мустаҳкамланди.

Давра суҳбатида сўзга чиққан депутатлар томонидан Президентимизнинг мазкур фармони ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги депутатлик тузилмалари ҳамда ҳудудий кенгашларининг фаол иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланди. Зеро, давлат олий таълим тизимини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш тарафдори сифатида “Адолат” СДП Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси сифатли таълим олиши, яхши мутахассис бўлиши ва яхши ҳақ тўланадиган муносиб иш топишини қўллаб-қувватлайди.

Тадбир сўнггида Президентимизнинг “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш ва унинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилишда мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан таклиф, тавсиялар ишлаб чиқилди.

“Сифатли таълим — барқарор тараққиёт гарови” мавзусида давра суҳбати was last modified: Июнь 19th, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »