Улкан мақсадларга бошловчи спорт байрами

1 Июнь, 09:18 • Расмий хабарлар • 816 марта кўрилди • Комментариев к записи Улкан мақсадларга бошловчи спорт байрами нет

Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” мажмуасида “Умид ниҳоллари – 2015” спорт мусобақаларининг финал босқичи ғолибларини шарафлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Жаҳон спорт майдонларида Ўзбекистон номининг янграши, давлатимиз байроғининг мағрур ҳилпираши барчамизнинг қалбимизда чексиз фахр-ифтихор туйғуларини юксалтиради. Президентимиз раҳнамолигида спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ёшларимиз бизга бундай юксак туйғуларни кунда-кунора бахш этиши оддий ҳолга айланмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимиз замирида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир.

Бундай улкан эътибор ва ғамхўрлик самарасида Ўзбекистон ёшлари турли халқаро мусобақалар, қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида юксак натижаларга эришаётир. Кейинги йилларда Фарғона вилоятидан спортнинг турли йўналишлари бўйича элликдан ортиқ жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиққани фикримиз исботидир.

Бокс бўйича Осиё ўйинлари ғолиби Элшод Расулов, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Ойбек Шарипов, Баҳодир Мамажонов, каноэда эшкак эшиш бўйича Элёр Мамадалиев, шахмат бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова ва бошқа кўплаб ёшлар бугун юртимиз фахрига айланган. Сарвиноз Саидхўжаева, Ҳулкар Тоҳиржонова, Камола Раҳмонова, Динара Маматиброҳимова каби умидли спортчи қизлар ҳам халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллади. “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада ва бошқа кўплаб мусобақаларда вилоят ёшлари муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

2003-2014 йилларда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан вилоятда 138 спорт иншооти ҳамда 27 болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилди ва қайта таъмирланди.

Вилоятда 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг 410 мингдан зиёди спортнинг турли йўналишларида мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг 196 минг 666 нафари қизлардир. Вилоятда, айниқса, стол тенниси, миллий кураш, спорт гимнастикаси, сузиш, шарқ якка кураши турлари жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида ўқувчилар ўртасида спорт билан шуғулланишга жалб этиш 2015 йилда 61,4 фоизга етди.

Бугун вилоятнинг чекка ҳудудларида ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиш учун барча шароит мавжуд. Шаҳар ва қишлоқларда, таълим масканларида футбол майдонлари, замонавий талабларга жавоб берадиган 33 теннис корти барпо этилди. Тошлоқ, Учкўприк туманлари, Қувасой шаҳрида марказий стадионлар, Қува туманида соғломлаштириш маркази, Фарғона шаҳрида “Истиқлол” теннис мажмуаси ва марказий стадиони, ёпиқ сув спорти мажмуаси каби ўнлаб муҳташам спорт иншоотлари фойдаланишга топширилдики, буларнинг барчаси фарғоналик ёшларнинг турли нуфузли мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллашида муҳим аҳамият касб этаётир.

“Умид ниҳоллари – 2015” спорт мусобақаларининг Фарғона вилояти финал босқичи иштирокчиларга унутилмас онларни туфҳа этди.

Мазкур мусобақаларнинг саралаш босқичларида 109 минг 763 ўқувчи қатнашди, уларнинг 36 минг 18 нафари қизлардир. Ёшларнинг фикрича, “кичик олимпиада”да иштирок этишнинг ўзи катта шараф. Зеро, “Умид ниҳоллари” юксак марралар сари ўзига хос пиллапоя вазифасини ўтайди.

– Илгари шаҳарда ҳам нари борса, икки-учта спорт иншооти бўлар эди, – дейди “Нуроний” жамғармаси Фарғона вилояти бўлими раиси Топволди Холдоров. – Уларда ҳам гоҳ мураббий етишмовчилиги, гоҳ анжомлар танқислиги кузатиларди. Қишлоқда-ку, шароит йўқлиги боис қанча-қанча истеъдодлар кашф этилмай сўнар эди. Бугун болаларимиз ютуқларида бизнинг орзуларимиз рўёбга чиқмоқда. Энг олис қишлоқларда ҳам муҳташам спорт мажмуалари, спортга ихтисослаштирилган муассасалар фаолият юритаётир. Иқтидорли ўғил-қизларимизга мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда иштирок этиш учун имконият яратиб берилмоқда. Хорижий давлатлар вакиллари Ўзбекистон ёшларини нуфузли спорт мусобақаларида кучли ва муносиб рақиб сифатида тан олмоқда. Бугунги беллашувларда фарзандларимиз юз-кўзидаги ишонч ва қатъиятни кўриб, беихтиёр янада қувонасан киши.

“Умид ниҳоллари – 2015” спорт мусобақаларининг вилоят босқичида Фарғона шаҳри вакиллари биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Марғилон шаҳри ёш спортчиларига, учинчи ўрин Қўштепа тумани ҳамда Қўқон шаҳри ўқувчиларига насиб этди.

Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев Фарғона шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси – “Дамас” автомашинасини топширди.

Мусобақаларда яхши натижаларга эришган ўғил-қизлар ҳам муносиб тақдирланди.

– Давлатимиз раҳбарининг биз, ёшлар камолотига алоҳида эътибор қаратаётгани кучимизга-куч, ғайратимизга-ғайрат қўшмоқда, – дейди Марғилон шаҳридаги 21-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Гўзал Мўминова. – Ёшлигимдан спортнинг баскетбол тури билан шуғулланаман. Ҳаракатларим зое кетмай, “Умид ниҳоллари – 2015” мусобақаларида ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман.

– Қизим Сурайёхон мактабда ўқиш билан бирга, баскетбол тўгараги машғулотларига ҳам мунтазам қатнашади, – дейди Қувасой шаҳридан Абдумутал Иброналиев. – У иштирок этадиган жамоа “Умид ниҳоллари – 2015” спорт мусобақаларида ғолиблар сафидан ўрин эгаллашига ишонардим. Ёшларимизга шундай шароит ва имкониятлар яратиб бераётгани учун биз, ота-оналар Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз.

Таниқли спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, болалар ижодий жамоалари, ёш санъат усталари ҳамда эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури тадбирга янада файз бағишлади.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
Улкан мақсадларга бошловчи спорт байрами was last modified: Июнь 3rd, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »