«Умид ниҳоллари» спортсевар ёшларни бирлаштирди

1 Июнь, 16:36 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 3243 марта кўрилди • Комментариев к записи «Умид ниҳоллари» спортсевар ёшларни бирлаштирди нет

Андижон шаҳридаги Алишер Навоий маданият ва истироҳат боғида «Умид ниҳоллари» спорт ўйинлари вилоят финал босқичининг якунловчи маросими бўлиб ўтди. Тадбир муносабати билан Ўзбекистон байроқлари, Ватанни мадҳ этувчи, спортни шарафловчи шиорлар, тинчлик элчиси – кабутарларни кўтариб олган ёшлар амфитеатр ўриндиқларини тўлдирдилар. Улар орасида «Ёш адолатчилар» ҳам кўпчиликни ташкил этгани қувонарли.

Айтиш лозимки, Юртбошимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган уч босқичли тизим – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва «Универсиада» спорт ўйинлари ёшларни  жисмонан чиниқишлари, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини  муносиб ҳимоя қилишларини таъминламоқда.

andijon1Бу йил «Умид ниҳоллари» дастурига янги спорт турлари киритилди. Ўқувчи ёшлар волейбол, баскетбол, қўл тўпи, футбол, бокс, сузиш, стол тенниси, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквандо, дзюдо, оғир атлетика, бадминтон, шахмат бўйича беллашдилар. Биринчи босқич умумтаълим мактабларида ўтказилиб, мусобақаларда 200 мингдан зиёд ўқувчи иштирок этди. Туман ва шаҳарлардаги замонавий спорт объектларида ўтказилган 2-босқич беллашувлари йигит ва қизларимизнинг спортга бўлган қизиқиши кескин ортиб бораётганини кўрсатди. Уларнинг энг кучлилари вилоят финал босқичида куч синашдилар.

Ёшлик ва спорт байрамида ғолибларга тегишли диплом ва қимматбаҳо совринлар топширилди. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган Андижон шаҳри вакилларига Президентимизнинг совғаси – «Дамас» автомобилини тантанали суратда топширди. Иккинчи, учинчи ўринларни эгаллаган Асака ҳамда Жалақудуқ туманлари ёшлари ҳам муносиб тақдирландилар. Тадбирда сузиш ва эркин кураш бўйича ғолиб чиққан Нуржаҳон Алимова ва Қувонч Қосимовлар спортчи йигит-қизлар номидан сўз олишиб, ёшларга яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдирдилар ва мустақил Ватанга муносиб фарзанд бўлишга ваъда бердилар.

Амфитеатр узра тинчлик элчилари — кабутарлар осмонга парвоз қилди. Ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишларида шарқона кураш усталари, боксчилар, қиличбозлар, хоккейчилар, футболчилар, бадминтончилар, бадиий гимнастикачилар иштирок этдилар. Атрофдаги йўлларда картингчилар ва велосипедчилар, кўлда байдаркачилар ўз маҳоратларини намойиш қилдилар.

Она юрт, ёшлик, спорт, севги ва садоқат ҳақидаги қўшиқлар байрам тадбирига янада файз киритди.

                                                              Акбаржон НАЗАРОВ,

                                                                       Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши матбуот котиби

«Умид ниҳоллари» спортсевар ёшларни бирлаштирди was last modified: Июнь 1st, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »