Энергия дунёни бошқаради…ми?

26 Июль, 09:30 • Жиззах вилояти, Янгиликлар • 806 марта кўрилди • Комментариев к записи Энергия дунёни бошқаради…ми? нет

“Адолат” СДП иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш тарафдоридир. Партиямиз фаоллари энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, аҳоли ўртасида энергия ресурсларига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни шакллантиришга қаратилган тарғибот ишларини ҳам фаол олиб бормоқдалар.

Энергетиканинг ҳаётимизда тутган ўрнидан келиб чиқиб, “Энергия дунёни бошқаради” деган иборанинг тўғрилигига ишонч ҳосил қиласиз. Қайта тикланмайдиган энергия ресурсларининг “охири кўриниб” қолган бир пайтда қайта тикланадиган энергия ресурсларидан фойдаланиш зарурати ортиб бормоқда. Экспертларнинг баҳолашича, асримизнинг биринчи чораги охирларида қайта тикланадиган энергия ресурсларидан олинган электр энергияси умумий ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 30 фоизини ташкил қилади.

Маълумки, дарёлар, анҳорлар сувларининг потенциал энергияси, шамол энергияси, қуёш нурларининг энергияси каби бир неча энергия турлари қайта тикланадиган энергия ресурслари ҳисобланади.

Жиззах вилояти аҳолиси умумий истеъмол қиладиган электр энергиясининг 20 фоизи тоғли ҳудуд аҳолисининг ҳиссасига тўғри келади. Тоғли ҳудудларимизда қайта тикланадиган энергия ресурслари етарли миқдорда бўлиб, бу ресурсларни баҳолаш учун тоғли ҳудудларда мавжуд дарёлар, анҳор, сой ва булоқларни кўз олдимизга келтиришимиз кифоя.

Демак, тоғли ҳудудларимизда жойлашган дарё, анҳор, сойларга микро ГЭСлар ўрнатиш ва электр энергия ишлаб чиқариш йўли билан экологик тоза энергия олиш мумкин. Ўйлаймизки, мазкур микро ГЭСлар қишлоқ жойларда муҳим энергетик тизим бўлиб хизмат қила олади.

Улардан фойдаланиш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш, нефть ва газ маҳсулотларини тежаб қолиш, электр энергияси нархини пасайтириш, электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш, шунинг баробарида, янги иш ўринларини ташкил қилиш, кичик бизнесни янада ривожлантиришга эришиш имконлари кўпаяди.

Микро ГЭСлар хонадонларни электр энергияси билан таъминлашда ҳам самара беради, десак янглишмаймиз. Масалан, тоғли ҳудудларда ҳар бир хонадонда сарфланадиган электр энергияси ўртача 0,5 кВтдан 3 кВт атрофида бўлади. Микро ГЭСни бир хонадон учун ёки бир нечта хонадон фойдаланадиган қилиб қуриш мумкин.

Мутахассислар микро ГЭСларни лойиҳалашда сув оқимининг ўзгариши, босим ҳосил қилишни режалаштириш, сел ва тошқинларни инобатга олиш, турбинанинг содда вариантини танлаш, генераторларнинг кўп тарқалган турларидан фойдаланишга эътиборли бўлишлари лозим.

Қуввати 0.3 кВт бўлган микро ГЭСни қуриш учун тахминан 1500000 сўм маблағ талаб қилинади. Микро ГЭСларни қуриш мураккаб ҳисоблашларни талаб қилмайди, шунингдек, уларнинг ҳамма қисмларини маҳаллий хомашёдан ясаш мумкин. Қуриш учун кўп вақт ҳам кетмайди. Қолаверса, микро ГЭСлар бир-икки йил ичида ўз харажатларини тўлиқ қоплайди.

Айни пайтда Жиззах политехника институти ёнгинасидан оқиб ўтувчи каналга институт “Электроэнергетика” кафедраси ўқитувчилари ва талабалари томонидан ҳашар йўли билан микро ГЭС қурилмаси ўрнатилган. Ундан энергетика йўналишида таълим олаётган талабалар учун амалий машғулотларда кўргазмали қурол сифатида фойдаланиб келинмоқда. Иқтидорли талабалардан бир гуруҳининг илмий изланиш мавзулари микроГЭС мавзусига бағишланган ва улар микро ГЭСларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш устида илмий иш олиб бормоқдалар.

Лазиз БАРАТОВ,

Жиззах политехника институти II босқич талабаси,

Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси

Энергия дунёни бошқаради…ми? was last modified: Июль 24th, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »