Маҳаллий ОАВнинг устувор вазифалари

27 Июль, 16:20 • Бухоро вилояти, Янгиликлар • 969 марта кўрилди • Комментариев к записи Маҳаллий ОАВнинг устувор вазифалари нет

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Бухоро ҳудудий бўлинмасида ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг “Матбуот ва ОАВ ходимлари куни” муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган байрам табригидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида соҳа мутахассислари, вилоят журналистлари, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлинмаси, вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси, давлат бошқарув органларининг ахборот хизмати ва ОАВ соҳаси вакиллари иштирок этишди.

buxoroТадбирни ФЖШМҚМИ Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Жасур Болтаев очиб берди ва олиб борди. Жасур Болтаев ўзининг “Давлатимиз раҳбарининг “Матбуот ва ОАВ ходимлари куни”га бағишланган байрам табригининг моҳияти ва аҳамият ҳақида”ги маърузасида Президентимиз ўз табригида журналистлар меҳнатига яна бир бор юқори баҳо бергани ҳолда, жаҳон миқёсидаги глобаллашув, ахборот-коммуникация технологиялари катта таъсир кучига эга ҳозирги замонда матбуот ва ОАВ олдида турган муҳим вазифаларга эътибор қаратгани бежиз эмаслигини таъкидлади. Бугунги кунда ОАВнинг вазифалари ҳам, улар олдига қўйилаётган талаблар ҳам кўп. Энг асосий, ҳал қилувчи талаб эса ҳақиқатни, ҳаёт ҳақиқатини тўлақонли акс эттириш, давлат ва жамият ўртасида бамисоли ишончли кўприк бўлиб хизмат қилишдан иборат эканлиги борасидаги Юртбошимиз фикрига изоҳ бераркан, шиддат билан ўзгараётган ва ривож топаётган янги давр, янгича ижтимоий муносабатларда ОАВ олдида муҳим ва долзарб вазифалар турганлигини, замонавий ОАВ одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммоларга жавоб излаш, жамоатчилик фикрини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб ўтди.

Азизжон Шарипов, ФЖШМҚМИ Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси:

— Мониторинг натижаларига кўра, 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоят босма газеталарида умумий 108 та танқидий ва жамиятнинг ижтимоий ҳаётига доир долзарб материаллар чоп этилган. Ўтган йилга нисбатан умумий кўрсаткич 17,5 % га (2014 йил 6 давомида 131 материаллар чоп қилинган) пасайганини кўришимиз мумкин. Шунинг билан бирга 2015 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижаларини кўздан кечирадиган бўлсак, танқидий материаллар сони 16 та, жамият ижтимоий ҳаётига доир материаллар сони эса 92 тани ташкил қилганини кузатиш мумкин. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан танқидий материаллар сони 26 та, жамият ижтимоий ҳаётига оид долзарб материаллар сони эса 105 тани ташкил қилган. Натижалар ўзаро солиштирилганда, танқидий мақолалар 38,4 % га, жамият ижтимоий ҳаётига оид долзарб материаллар сони 12,3 % га пасайиб кетгани кузатилади.  

Чоп қилинган танқидий руҳдаги мақолаларнинг ўртача 80 %и тегишли давлат бошқарув органлари ва жамоатчилик томонидан ўрганилиб, уларни бартараф қилиш юзасидан ўз вақтида керакли чоралар кўрилган ва назорат остига олинган.

Жамият ижтимоий ҳаётига доир долзарб мақолалар ўзида ҳозирги даврдаги глобал муаммолар, “оммавий маданият”нинг таъсири, интернет, одам савдоси, тўй масалалари, оилавий муносабатлар кабиларни қамраб олади. Қолаверса, хўжалик бошқармалари ва давлат ҳокимияти органлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар, транспорт, уй-жой масалалари,  ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бошқалар ёритилган.

Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлинмаси вакили Эркин Ёдгоров “Жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВ иштирокининг самарадорлигини ошириш” мавзуида сўзлади. У ҳар бир ёш журналист кадрнинг онгида ижтимоий дахлдорлик туйғусини шакллантириб, бефарқлик ҳиссини йўқотиш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бухоро вилоят ҳокими матбуот котиби Акбар Рустамов ОАВнинг давлат бошқарув органларининг ахборот хизмати билан ўзаро ҳамкорлиги борасида тўхталиб, хусусан, бугунги кунда давлат ҳокимияти органлари ва бошқармаларининг фаолияти юзасидан электрон ва босма ОАВда, расмий веб-сайтларида жамоатчиликни хабардор қилиш ишлари мунтазам олиб борилаётганини айтиб ўтди.

Сухроб Шеров, Бухоро вилоят телерадиокомпаниясининг бош муҳаррири:

—  Бугунги кунда вилоятдаги “Бухоро” телеканали эфирида “Долзарб мавзу”, “Очиқ мулоқот”, “Менга сўз беринг”, “Муносабат” каби теледастурлар мавжуд. Улар ижтимоий аҳамиятга молик долзарб мавзу ва масалаларни ёритиб боришади. Ушбу теледастурлар ҳудуддаги ҳаёт тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, аҳолининг салоҳиятини ўстириш ва жамиятнинг маънавиятини мустаҳкамлашда салмоқли ҳисса қўшмоқда. 

Давра суҳбати иштирокчилари бугунги кунда ОАВ мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида жамоатчиликнинг хабардорлиги, жамиятнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишда ҳамда унинг маънавий-маданий салоҳиятини ўстиришда асосий манба сифатида намоён бўлаётганлигини эътироф этишди.

Тадбир қатнашчилари XXI аср журналистлари авваламбор, интеллектуал салоҳиятли бўлиши, ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни мукаммал эгаллаши, профессионал малакасини ошириш учун ўз устида мунтазам ишлаши кераклиги борасида умумий фикрга келишди.

Тадбир давомида ФЖШМҚМИ Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари томонидан вилоятдаги ОАВ фаолиятининг ривожланиши ва самарадорлиги кўрсаткичлари тақдим қилинди. Бухоро вилояти телерадиокомпанияси ҳамда босма ОАВ вакиллари, вилоятда фаолият юритувчи ахборот ва матбуот хизмати ходимлари жамиятнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, унинг маънавий-маданий салоҳиятини ўстириш бўйича ўзларининг иш тажрибалари билан бўлишишди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилояти Кенгаши матбуот котиби

 

 

Маҳаллий ОАВнинг устувор вазифалари was last modified: Июль 27th, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »