“Болаларга эътибор — келажакка пойдевор” мавзусида маданий-маърифий тадбир

17 Июль, 10:26 • Пресс-релизлар • 522 марта кўрилди • Комментариев к записи “Болаларга эътибор — келажакка пойдевор” мавзусида маданий-маърифий тадбир нет

ПРЕСС-РЕЛИЗ

Ҳар қандай давлатнинг келажаги ва иқтисодий тараққиёти у ерда камолга етаётган ёш авлоднинг таълим-тарбияси, жисмоний ва маънавий етуклигига боғлиқдир. Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабги йиллариданоқ келажагимиз эгаларининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун барча шароитларни яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бугун ёшлар масаласи нафақат давлат ташкилотлари балки мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партияларнинг ҳам диққат марказидаги энг асосий йўналишлардан бирига айланган.

Ўзбекистон “Адолат”социал-демократик партияси ҳам ёшларни нафақат мамлакатимиз келажаги, балки давлат ва жамият ривожи йўлидаги мақсадларга эришишда таянч ва ҳал қилувчи куч, деб билади. Шу мақсадда партия ёш авлод вакиллари орасида турли лойиҳа ва тадбирларни амалга ошириб, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Айни пайтда партия ўз эътиборини оромгоҳларда ҳордиқ чиқараётган болалар даврасида турли учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб, болажонларнинг ёзги таътилни мазмунли ва мароқли ўтказишларига кўмаклашишга қаратмоқда.

Ана шундай тадбирлардан яна бири Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан жорий йилнинг 22 июль куни соат 11:00 да Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Халқ таълими вазирлигига қарашли “Меҳрибонлик” болалар ёзги дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳида ўтказилди.

“Болаларга эътибор — келажакка пойдевор” мавзусида ташкил этилган мазкур маданий-маърифий тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари, таниқли кино ва театр актёрлари, спорт усталари, эл ардоғидаги санъаткорлар ҳамда оромгоҳда дам олаётган болалар иштирок этишди.

Партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда “Адолат” СДПнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда ёш авлодни маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғломлаштириш орқали уларни турли зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ёшларнинг ёзги дам олиш мавсумини мазмунли ва мароқли ўтказишларига кўмаклашишга қаратилди.

Ноанъанавий шаклда ўтказилган тадбирнинг биринчи қисмида оромгоҳдаги болалар учун очиқ табиатда учрашув ташкил этилди. Унда депутатлар, санъаткорлар ва партия фаоллари болажонлар билан очиқ мулоқот тарзида суҳбат олиб бордилар. Мулоқотларда давлатимиз размлари ҳамда “Ким эдигу ким бўлдик” мавзуси доирасида мамлакатимизнинг истиқлолдан аввалги ва ҳозирги кундаги ҳаёти болаларга хос аниқ мисоллар асосида таққосланиб, чуқур таҳлил этилди. Суҳбатларнинг мақсади Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғусини ёшлар онгига болаликдан сингдиришга, бугунги тинч-фаровон кунимизга шукроналик ҳиссини оширишга йўналтирилди.

Тадбирда қайд этилганидек, жисмонан соғлом ва маънан етук, мустақил фикрга эга, Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир авлод — ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш йўлидан дадил бораётган мустақил давлатнинг муваффақияти гаровидир. Ёшларга берилаётган эътибор бу буюк давлат келажагини барпо этишда асосий омилдир.

Болалар билан учрашув савол-жавоб ва викториналар асосида ўтказилиб, қизғин баҳс ва мулоҳазаларга бой бўлди. Тадбир давомида иқтидорли ёшлар ўзлари ёд олган она Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи шеърлари, юртимиз табиати ва тарихий қадамжоларини, оила, маҳаллани акс эттирган тасвирий ижод намуналари билан фаол иштирок этишди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида оромгоҳда ҳордиқ чиқараётган болалар ўртасида “Адолат” кубоги учун “Қувноқ стартлар” спорт мусобақаси ташкил этилди. Унда иштирокчи ёшлар спортнинг шахмат-шашка, стол тенниси, бадмингтон, енгил атлетика, волейбол каби турлари бўйича ўзаро беллашдилар. Шунинг билан бир вақтда расм чизишга қизиқувчи иқтидорли болалар учун тасвирий санъат танлови ҳам ташкил этилди. Ғолибларга партия ва ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Маънавий-маърифий тадбирнинг якуний қисми эл суйган таниқли санъаткорлар, ёшлар бадиий жамоалари иштирокидаги концерт дастурига уланиб кети. Тадбир оромгоҳда дам олаётган болажонларда катта таассурот қолдирди.

Келажагимиз эгаларининг жисмонан етук, маънан баркамол бўлиб вояга етишларига, улар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга, шу билан бирга, ёш авлодни турли зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда шу каби тадбирларнинг аҳамияти катта, албатта. Қолаверса, бундай тадбирлар ёш авлод вакилларининг ёзги таътилни мазмунли ва мароқли ўтказишлари, пировардида навбатдаги ўқув йилида фанларни яхши ўзлаштиришларига, ҳар томонлама соғлом ва бакамол бўлиб вояга етишларига хизмат қилади.

“Болаларга эътибор — келажакка пойдевор” мавзусида маданий-маърифий тадбир was last modified: Июль 17th, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »