Мингбулоқлик шифокорлар партияга аъзо бўлиш истагини билдирмоқда

25 Август, 11:49 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 846 марта кўрилди • Комментариев к записи Мингбулоқлик шифокорлар партияга аъзо бўлиш истагини билдирмоқда нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Мингбулоқ туман ташкилоти кейинги бир йил мобайнида ўз фаолиятини замон талаблари даражасига кўтариш учун бир қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, партия аъзолари сафини кенгайтириш, янги БПТ ташкил этиш бўйича бир қатор яхши натижалар қўлга киритилди. Эндиликда тумандаги “адолат”чилар сони 250 кишидан ошиб кетди. Аъзолик бадаллари тўплаш масаласи барқарор тус олди. Тарғибот-ташвиқот ишларида изчиллик ва мунтазамлилик кўзга ташланмоқда. Ўтган йил декабрида ўтказилган сайловларда халқ депутатлари туман кенгашига икки нафар депутат сайланди. Минггбулоқлик маслакдошларимиз партиямиз номзоди – Акмал Бурхоновнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланишига ҳам муносиб ҳисса қўшдилар.

Олимжон Аҳмедов, “Адолат” СДП туман кенгашининг раиси:

— Албатта, бу натижалар биз учун чегара эмас. Айни пайтда пухта тузилган режа устида иш олиб бормоқдамиз ва келгуси йилда аъзолар сонини камида икки бараварга кўпайтирамиз. Қатор янги бошланғич ташкилотлар тузамиз, мавжудларини ҳам янада мустаҳкамлаймиз. Шу мақсадда белгиланган тадбирларни муваффақиятли бажариш учун астойдил иш олиб бормоқдамиз.

Туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез ёрдам бўлимидаги БПТ туман бўйича энг йириги ҳисобланади. Унинг таркибига 54 нафар шифокор бирлашган. Улар орасида врачлар, ўрта тиббиёт ходимлари, бошқа мутахассислар бор. БПТга ҳамшира Ҳуснида Тўхтабоева етакчилик қилади. Бу ерда турли-туман маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш одат тусига кирган. Кўпчиликни қизиқтирадиган масалалар бўйича суҳбат, мулоқот ва учрашувлар жамоа аъзоларига жуда маъқул тушмоқда.

Куни кеча шифохонада БПТ ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган давра давра суҳбати ташкил этилди. Унда партиядошларимиз қатори жамоанинг бошқа аъзолари ҳам иштирок этдилар. Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгашининг раиси Олимжон Аҳмедов ўз сўзида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирларга батафсил  тўхталди. У халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган, мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини теран идрок этиш, ўтган давр мобайнида босиб ўтган оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини тушуниш ёки қалбан ҳис этишнинг зарурлиги, “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларининг моҳияти ҳақида гапирди.

Шундан кейин сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат”  СДП вилоят кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев ҳаммамиз учун энг улуғ, энг азиз айём бўлмиш мустақиллик байрами арафасида яна бир бор биз кеча ким эдигу бугун ким бўлганимиз ҳақида ўйлаб кўриш зарурлигини таъкидлади. Нотиқ шу кунларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган янгиликлар парламент ҳаёти ва ундаги “Адолат” СДП фракцияси фаолияти маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз олиб бораётган ишлар ҳақида ҳам муфассал ахборот берди. Партиянинг мамлакатда кучли фуқаролик жамияти барпо этишга қўшаётган ҳиссаси ҳам алоҳида мавзу бўлди.

Давра суҳбатида сўз олган туман марказий шифохонаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими мудири Тожимат Ҳотамов, мазкур бўлимдаги “Адолат” СДП бошланғич ташкилоти раиси Ҳуснида Тўхтабоева, партия туман кенгаши “Ёш адолатчи”лар қаноти етакчиси Ҳаётхон  Насриддинова ҳам  мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар очиб бергани ҳақида фикр юритдилар. Айниқса, бошқа соҳалар қатори тиббиётда ҳам истиқлол йилларида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилганлиги туфайли соғлиқни сақлаш тизимида рўй берган ўзгаришлар халқ турмуш фаовонлигини юксалтиришга хизмат қилаётганлиги тўғрисида фикр юритдилар.

Давра суҳбати охирида шифокорлардан яна ўн киши “Адолат” СДП аъзоси бўлиш истагида эканликларини изҳор этдилар.

                                                                  Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Мингбулоқлик шифокорлар партияга аъзо бўлиш истагини билдирмоқда was last modified: Август 25th, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »