Навқирон авлод камолоти йўлида

14 Август, 16:30 • Депутат минбари, Янгиликлар • 582 марта кўрилди • Комментариев к записи Навқирон авлод камолоти йўлида нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда депутатлар, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, талабалар, ўқувчилар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Депутатлар ва ёшлар иштирокида бундай тадбирларни ташкил этишдан мақсад мустақил ҳаётга кириб келаётган авлодни юртимизда ёшлар камолотига йўналтирилган ҳуқуқий-амалий ишларнинг натижалари билан яқиндан таништириш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари хусусида билим ва дунёқарашини янада бойитишга қаратилгандир.

Давра суҳбатида депутатлар Қонунчилик палатасининг тарихи, қонунларни қабул қилиш жараёни, мавжуд қўмиталар ва улардаги иш жараёнининг бориши билан боғлиқ масалаларга ҳам батафсил тўхталиб ўтдилар. Давра суҳбатида сўзга чиққан ёшлар ҳам, ўз навбатида, юртимизда ёшларнинг жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашлари учун яратиб берилаётган имкониятлар, айниқса, бугун дунё мамлакатлари ўртасида интеграция жараёнлари тобора кучайиб, мафкуравий таҳдидлар тобора ортиб бораётган даврда ёшлар масъулияти ва ўрни хусусида тўхталиб ўтдилар.

Дарҳақиқат, ўтган йиллар мобайнида таълим тизимининг барча бўғинларида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, истиқлолнинг илк даврида қабул қилинган дастлабки қонунлардан бири — “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Шу билан бирга, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ичида илк бор республикамизда “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Мазкур дастурнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши туфайли республикамиз таълим тизимида ижобий янгиланишлар рўй берди ва бу жараён ҳозир ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Умуман олганда, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда ёшлар манфаатини тўлиқ таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги фаоллигини ошириш учун ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиб берилди. Биргина қонунчилик соҳасида ёшлар ҳуқуқлари, манфаати ва эркинлигини ҳимоя қилишга доир йигирмадан ортиқ қонунлар қабул қилиниб, ўттиздан ортиқ халқаро ҳужжатлар имзоланди.

Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барча тармоқлари учун юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга, ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳар томонлама юксак ривожлантиришга йўналтирилган узлуксиз ўқув, илмий-ишлаб чиқариш таълимининг яхлит тизими шакллантирилди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурининг ижроси амалда ниҳоясига етказилди. 9 йиллик умумий ўрта таълим мактаб босқичи ва 3 йиллик ўрта махсус касб-ҳунар таълими босқичини ўз ичига олган узвий тизим яратилди. Бир сўз билан айтганда, фарзандларимизга умумий таълим билан бирга, замонавий касб-ҳунарга эга бўлиш имконини берадиган 12 йиллик таълим тизимига ўтилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизи таълимга ажратилаётганлиги ёки давлат бюджетининг 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилаётганлиги, бунда таълим тизимига сарфланаётган қисми 35 фоизни ташкил қилиши, ёшларимизга таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийларга бўлаётган эътибор ва ғамхўрликлар фикримизнинг исботидир.

Ёшлар саломатлигини муҳофазалаш, улар ўртасида тадбиркорлик ва оммавий спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган авлодни инсон камолотига салбий таъсир этувчи иллатлар, «оммавий маданият» ниқоби остидаги бузғунчи ғоялардан ҳимоялаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида вояга етказишга йўналтирилган изчил ислоҳотлар ўз самараларини бераётир. Бу ишларнинг натижалари ёшларнинг саломатлик кўрсаткичи йилдан-йилга яхшиланиб бораётгани, таълим, спорт, маданият, тадбиркорлик каби соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлари мисолида яққол намоён бўлаётир.

Дунё мамлакатлари ўртасида ўзаро интеграциялашув жараёнлари кучайиб, халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-ахлоқий тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб боришга тайёрлашни барча таълим муассасалари, оила, маҳалла ва жамоатчилик ўзининг асосий вазифаси сифатида белгилаб олиши зарурлигини ҳам даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Бундай шароитда умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда олий ўқув юртлари ёшларимизни турли хил ёт ғояларга қарши кураша оладиган, ўзининг мустақил фикрига эга бўлган, том маънодаги комил инсонлар қилиб тарбиялаш борасида ўзларининг аниқ ва пухта йўналишларига эга бўлишлари лозим.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда ёшларга бўлаётган эътибор, шунингдек, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган ислоҳотларни юртимиздаги туб ўзгаришлар, янгиланишларнинг асоси, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, ҳар бир юртнинг бугуни ва келажаги, том маънода таълим тизимининг қай даражада ривожлангани, баркамол авлодни тарбиялаш учун яратилган шарт-шароитлар, ислоҳотларнинг натижалари билан белгиланади.

Алишер ШАДМАНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Навқирон авлод камолоти йўлида was last modified: Август 14th, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »