“Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик – бебаҳо неъмат” номли маданий-маърифий тадбир

20 Август, 13:17 • Пресс-релизлар • 892 марта кўрилди • Комментариев к записи “Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик – бебаҳо неъмат” номли маданий-маърифий тадбир нет

Энг азиз, энг улуғ байрам — мустақиллигимизнинг 24 йиллигини муносиб кутиб олиш учун юртимизнинг барча ҳудудларида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ҳам кўп миллатли юртимизда мустақиллик байрамини катта шодиёна, кўтаринки кайфият ҳамда ўзгача шукуҳ билан кутиб олиш учун турли тадбирлар уюштирилмоқда. Зеро, партия Сайловолди дастурида миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Партиянинг “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасидаги шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан 2015 йил 20 август куни Чилонзор туманида жойлашган “Боғи диёр” ресторанида Республика байналминал маданият маркази билан ҳамкорликда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним” шиори остида “Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик – бебаҳо неъмат” номли маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Сенаторлар, Олий Мажлис қонунлик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари ҳамда Республика байналминал маданият маркази, миллий маданий марказ вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаров, партия Сиёсий Кенгаш раис ўринбосари А.Рахмонов, Республика байналминал маданият маркази директори Н.Мухаммедов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси П.Пармановалар сўзга чиқдилар.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқликда яшаб келмоқда. Уларнинг урф-одатлари ривожланиши учун барча шароитлар яратилган. Бу каби тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад ҳам юртимиздаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик, миллатлараро тотувлик ва тинчликни тараннум этишдир.

Юртимизда яшаётган ҳар бир миллат вакили мамлакатимизда олиб борилаётган бун­ёдкорлик ишларидан четда қолаётгани йўқ. Уларнинг ҳар бирида эртанги кунга бўлган юксак ишонч ва интилиш туйғулари мужассамдир.

“Адолат” СДП мазкур тадбирлар орқали ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликлари мужассам этган ғояларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Шу мақсадда, партия ўз ҳаракат дастуридан келиб чиқиб аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятлари институтлари билан ҳамкорликда турли тадбирлар орқали тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувликни мунтазам равишда тарғиб  қилиб келмоқда.

Мамлакатимиз Бош қомусида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, деб қайд этилиши юртимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш, жамиятда бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга беқиёс аҳамият қаратилишидан далолатдир.

Тадбирда турли миллат вакиллари Асосий Қонунимиздаги мазкур модда кундалик ҳаётимизда ўз ифодасини топаётганини, айниқса юртимизда барча миллат вакиллари тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечираётганини алоҳида таъкидлашди.

Шундан сўнг турли миллат вакилларининг бадиий чиқишлари намойиш этилди. Тадбир якунида юртимизда “2015 йил Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган чексиз эътибор ва ғамхўрлик намунаси сифатида бир гуруҳ фахрийларга совғалар тақдим этилди.

“Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик – бебаҳо неъмат” номли маданий-маърифий тадбир was last modified: Август 20th, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »