Ёшлар камолотига хизмат қилаётган уйлар

25 Сентябрь, 12:39 • Расмий хабарлар • 578 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшлар камолотига хизмат қилаётган уйлар нет

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида юртимизнинг барча ҳудудида “Камолот” уйлари барпо этилиб, ёш оилаларга топширилмоқда.

ЎзА мухбири “Камолот” уйи соҳибларидан бири – Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Эркинбой Абдуллаев билан мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, мазкур уйларнинг ёш оилалар ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида суҳбатлашди.

– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг таълим-тарбия олиши, ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун, бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун Ўзбекистон – бахтиёр ёшлар мамлакати, деб баралла айтиш мумкин. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, ҳаётимиз фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлиги, ёшларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани шубҳасиз истиқлол берган неъматлардир.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, инсон бахт учун дунёга келади. Ҳар ким тинч-осойишта юртда, ўтаётган ҳар бир кунидан рози бўлиб, келажагига ишонч билан яшаса, шунинг ўзи бахт. Буни ўзимнинг, яқинларимнинг ҳаёти мисолида кўриб, англаб етаяпман.

1985 йили Хоразм вилоятида туғилганман. Отам – шифокор, онам – ипак йигирув фабрикасида ишлаган. Ҳозир улар пенсияда, фарзандлари, неваралари ардоғида кексалик гаштини сурмоқда. Оилада олтита фарзандмиз.

Мактабда ўқиш давомида Урганч шаҳридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида самбо ва дзюдо билан шуғулландим. Вилоят миқёсидаги мусобақаларда бир неча бор ғолиб ва совриндор бўлдим. Математика ва тарих фанларидан фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этдим.

Мамлакатимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилмаганда бундай ютуқларга эришиш мумкинмиди?!

Ўзбекистон ёшларига дунё ҳавас қилмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз олдига катта-катта орзуларни, улкан мақсадларни қўйган. Ана шундай ёшлар жамиятимиз равнақига, Ватанимиз обрўси янада юксалишига муносиб ҳисса қўшаётганини кўриб қувонаман. Шундай ёшлар сафида эканимдан фахр-ифтихор туйғуси қалбимда жўш уради.

Мактабни тамомлагач, Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кирдим. Таҳсил давомида япон ва инглиз тилларини чуқур ўргандим, университет қошидаги фуқароларга бепул юридик маслахатлар берувчи “юридик клиника”да назарий билимларимни мустаҳкамладим. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати етакчиси бўлиб, жамоат ишларида фаол қатнашдим. 2012 йили Тошкент молия институтини иккинчи мутахассислик бўйича, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини магистр тингловчиси сифатида тамомладим.

Ҳозир Тошкент давлат юридик университетида талабаларга дарс бермоқдаман.

– “Камолот” уйининг оилангиз ҳаётидаги ўрни, имтиёзларнинг афзалликлари тўғрисида фикрингизни билмоқчи эдик.

– Пойтахтимизнинг Сергели туманида қад ростлаган «Камолот» уйларидан бирининг соҳиби бўлганимдан хурсандман. Хонадонимиз кенг ва шинам, оила эҳтиёжи учун барча шароит мавжуд. Уйнинг олдида болалар майдончаси, мактабгача таълим, умумтаълим, тиббиёт, спорт ва соғломлаштириш муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, дам олиш, овқатланиш масканлари жойлашган. Қўшниларимиз ҳам ўзимизга тенгдош, ҳамфикр оилалар.

Халқимиз – болажон. Оилада фарзанд дунёга келса, уни тарбиялаб, илмли қилсам, камолини кўрсам, уйли-жойли қилсам, деган орзулар билан яшайди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда оила институти, айниқса, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши, яшаш ва меҳнат шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг ана шу орзусини рўёбга чиқармоқда. Президентимиз ташаббуси билан ҳарбий хизматчиларга, санъат ва маданият, адабиёт соҳасида ижод қилаётган ёшларга уй-жой берилиши, банклар томонидан ёш оилалар кўчмас мулк харид қилиши ёки мавжуд уйини таъмирлаши учун имтиёзли кредитлар ажратилиши бунга мисолдир.

Юртбошимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимизда ёш оилалар манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар кўламини янги босқичга кўтарди. Бу жамиятимизнинг турли жабҳаларида меҳнат қилаётган ёшлар ва уларнинг оилалари учун катта рағбат бўлди.

“Камолот” уйларини ёш оилаларга бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, бундай уйларни турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож сифатида ҳисобда турган ҳамда фан, санъат, адабиёт, спорт ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган, шунингдек, ариза берилган пайтда 30 ёшдан ошмаган эр-хотинлар ипотека кредити асосида сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Камолот” уйларидаги сотиб олинадиган хонадонлар қийматини тўлаш учун, бошланғич бадал тўламасдан, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлган фоизли ставка билан 20 йил муддатга, жумладан, 5 йиллик имтиёзли даврга бериш белгилаб қўйилгани ёш оилалар учун катта имкониятдир.

“Камолот” уйлари кредитлари тижорат банкларидан кўчмас мулк учун ёш оилаларга бериладиган бошқа имтиёзли кредитларга нисбатан кредитнинг умумий муддати ва имтиёзли даври узоқ. Бу ёш оилаларга кредитларни ўз вақтида қийналмай қайтариш имконини беради.

Яна бир жиҳати, мазкур замонавий уйларни қуришда ёшларнинг оилавий шароити ҳисобга олинган. Масалан, янги турмуш қурган ёш оилаларга икки хонали, икки ва ундан кўп болали оилаларга уч хонали уйлар берилаётир. Бу оилаларнинг нафақат турмуш шароитини яхшилаш, балки фарзандларини ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб вояга етказишдек эзгу интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Президентимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик бизни ўз устимизда янада изланишга руҳлантиради. Бир сўз билан айтганда, “Камолот” уйлари ёшлар камолотига хизмат қилади!

Байрам Айтмуродов, ЎзА

Ёшлар камолотига хизмат қилаётган уйлар was last modified: Сентябрь 25th, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »