“Оммавий маданият” кишини оиласи ва Ватанидан узоқлаштиради

22 Сентябрь, 16:19 • Бухоро вилояти, Янгиликлар • 518 марта кўрилди • Комментариев к записи “Оммавий маданият” кишини оиласи ва Ватанидан узоқлаштиради нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилояти Кенгаши Ёшлар қаноти томонидан шаҳар Маънавият тарғиботи маркази билан ҳамкорликда Бухоро шаҳридаги Бухоро Давлат Тиббиёт инситути қошидаги 1-сон академик лицейида “Глобаллашув шароитида маънавий таҳдидлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши аъзолари,  “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳамда Бухоро Давлат Тиббиёт инситути қошидаги 1-сон академик лицейининг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар бугун жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида кечаётган воқеалар, уларнинг келиб чиқиш омиллари, “оммавий маданият” ва унинг ёшларга таъсири, ижтимoий тaрмoқлaр вa улaрнинг ёшлар ҳaётидa тутгaн ўрни, диний экстремистик оқимлар ва уларнинг сохта ғоялари ҳақида қизиқарли маърузалар қилишди.

Шоназар Жамилов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилояти Кенгаши раиси ўринбосари, Ёшлар қаноти раиси:

— Бугунги дунё бошидан кечираётган глобаллашув жараёни инсоният учун катта имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Лекин дунёдаги зўравонлик ва гегемонлик ҳисобидан бойлик орттириб келган кучлар «оммавий маданият» ниқобида турли салбий ғояларни кенг тарғиб қилмоқдалар. Бу ҳақда Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай деган эди: “Глобаллашув жараёнининг яна бир ўзига хос жиҳати шундан иборатки, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам, албатта, кузатиши муқаррар”.

Афсуски, гўё барча миллат ва элатлар маданиятларининг қоришмаси бўлиши ва барча томонидан бирдек қабул қилиниши лозим бўлган “оммавий маданият” қисқа вақт ичида кишилик жамиятини ичидан емиришга қодир кучга айланиб улгурди. Хўш, “оммавий маданият” ҳимоячилари бу орқали нимага эришишлари мумкин?

Аввало, “оммавий маданият” кишининг маънавиятини бузади, уни маънавий қадриятларга беписанд муносабатда бўлишга ўргатади, ҳаётга енгил-елпи муносабатда бўлиш кайфиятини шакллантиради, бу эса, кишини ўзлигидан, миллийлигидан маҳрум қилади, унинг мафкуравий иммунитетини парчалаб ташлайди. Натижада бу тоифадаги кишиларни биргина ахборот маконининг ўзи билан, ортиқча куч ёки маблағ сарфламасдан туриб бош­қариш имконияти пайдо бўлади. “Оммавий маданият” кишини оиласидан, ўзи яшаб турган жамиятдан, Ватанидан узоқлаштиради. Натижада унинг таъсири остида қолган киши учун ҳеч қандай муқаддас нарсанинг ўзи қолмайди. У ўзининг тор манфаати йўлида исталган нарсадан — оиласидан, Ватанидан воз кечиши мумкин. “Оммавий маданият” тарғиботчилари иқтидорли, билимли ёшларни ҳам эътибордан четда қолдирмайди.

“Оммавий маданият”нинг яна бир жиҳати шуки, у доимий равишда молиялаштириб туришни талаб қилмайди, аксинча, ахлоқсизлик, маданиятсизлик, келажакка ишончсизлик, ҳуқуқий нигилизм, ўз жонига қасд қилиш, порнография, зўравонлик, алкоголизм, гиёҳвандлик ва шу каби ёт иллатларни тарғиб қилувчи фото, аудио, видео ва бошқа кўринишдаги материаллар, турли босма нашрлар, глобал ахборот тармоғига жойлаштирилган миллионлаб сайтлар улар учун доимий даромад манбаи вазифасини бажаради. Шуниси хавфлики, “оммавий маданият”, асосан, ёшларга ўз таъсирини ўтказади. Чунки унинг ҳомийлари катта ёшдаги кишиларга нисбатан ёшларнинг онгу шуурини эгаллаб олиш осонроқ эканлигини яхши анг­лайдилар. Агар улар мақсадларига у ёки бу даражада эришгудек бўлсалар, бунинг оқибатини бартараф этиш учун бир неча ўн йилликлар, ҳатто, асрлар керак бўлади, бу эса, бутун инсоният тақдири жуда катта хавф остида қолиши мумкинлигини англатади. Демак, “оммавий маданият”нинг ана шундай оммалашиб бориши ҳаммамизни огоҳликка чорлаши лозим.

Бу каби омиллар бизнинг Ватанимиз, унинг бугуни ва эртаси учун ҳам улкан хавф манбаи эканлигини кўрсатади. Шунинг учун ёшлар онгини эгаллашга уринаётган мафкуравий хуружларга қарши курашиш, халқимизнинг миллий қадриятларини, маънавиятимизни асраб-авайлаш давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлиши табиийдир. Бу борада ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари сингари, таълим, маънавият, маданият ва спорт, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳаларини ривожлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Обиджон Зиёдуллаев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон туман Кенгаши раиси ўринбосари:

— Бу ўринда ҳинд арбоби Маҳатма Гандининг “Деразани очганингда уйингга тоза ҳаво билан чанг ҳам киради”, деган ҳикматли ибораси ёдга тушади. Хона ҳавосини тозалаш мақсадида очилган деразадан кираётган шамол уй ичидаги буюмларни остин-устин қилиб юборишини ким ҳам истайди? Худди шунингдек, биз ҳам турли интернет тармоқларига кирганимизда, мониторнинг бир бурчагида албатта, беҳаёликни тарғиб этувчи реклама ролиги ёхуд бошқа бир ахборот, хабар кўринишидаги маънавиятимизга мос келмайдиган маълумотни тенгдошларимиз кўришини истамаймиз. Негаки, маълум бир ахборотни излаб тармоққа кирган бола ўзига керакли маълумотни қидириб топгунича бўлган вақт оралиғида экран тирқишидан мўралаб турган ҳеч бир тарбия тарозисига сиғмайдиган беҳаё суратга кўзи тушмаслигига ким кафолат беради? Бу эса янгиликка иштиёқманд ёшлар онгини заҳарламасдан қўймайди. Бундай ёт ғоялар, оқимлар ва мафкуралар маънавиятимизга, маданиятимизга вайронкор таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Маърифат Казакова, Бухоро Давлат Тиббиёт инситути қошидаги 1-сон академик лицейи Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари:

— Ахборот технологиялари тараққий этаётган бугунги кунда дунёнинг исталган нуқтасида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар билан тезкор танишиш имконияти мавжуд. Сирасини айтганда, шиддатли ахборот маконида хабар ва янгиликлар яшин тезлигида тарқалади. Биз интернет тизимидаги ахборотлардан уларнинг мақсад-мавзулари ва аҳамиятига қараб фойдаланамиз. Эндигина шаклланиб келаётган, нима тўғри-ю, нима нотўғрилигини унчалик фарқламайдиган ўсмир ахборотлар оламига кираркан, уларни керакли ва кераксизга ажрата олмайди.

Шундай экан, бугун биз катталар фарзандларимиз онгидаги бўшлиқни тўғри ахборот билан тўлдирсак, унинг онгида турли ғайриинсоний ғоя ва мафкураларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантира билсаккина фарзандларимиз ахборотларни саралай олади. Вайронкор, бузғунчи кайфиятдаги оқимларга ўзининг бой маънавияти, юксак тафаккури орқали қарши тура олади.

Бугунги Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” томонидан шаҳар “Маънавият тарғибот” Маркази билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир ҳам униб-ўсиб келаётган фарзандларимизни ижтимоий тармоқлардаги турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олишда хизмат қилади.

                              З. М. Мирзоҳамдамова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилояти Кенгаши матбуот котиби

“Оммавий маданият” кишини оиласи ва Ватанидан узоқлаштиради was last modified: Сентябрь 22nd, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »