Шарафли умр йўли

25 Сентябрь, 12:28 • Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 692 марта кўрилди • Комментариев к записи Шарафли умр йўли нет

Кейинги пайтда Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморчилик ва бадиий музей-қўриқхонаси ҳаётида бўлиб ўтадиган янгиликлар, воқеалар, турли тадбирлар ҳақидаги хабарлар, илмий-оммавий мақолалар республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида анчагина кўпайиб қолди. Чунки бу ерда илмий бўлимлар, филиаллар, фонд ва лаборатория бўлинмалари, илмий кутубхона қаторида матбуот котибияти штат бирлиги жорий этилиб, унинг асосий вазифаси этиб бу ерда сақланаётган халқимизнинг бой маданий мероси ҳисобланмиш осори-атиқалар,  тарихий обидалар  ҳақида бўлиб ўтадиган турли янги экспозиция ва кўргазмалар, янги топилган музей ашёлари ҳақида халқимизни хабардор қилиш, илмий мақолалар нашр этиш каби долзарб ишлар белгиланган. Мана шу вазифани музей-қўриқхонада 2010 йилдан ҳозирги кунга қадар ушбу масканнинг илмий кутубхонаси мудири ва матбуот котиби Зубайдулло Ибрагимов мувафаққиятли  бажариб келмоқда. Айни дамда у партиямизнинг Самарқанд вилояти Кенгаши матбуот котиби ҳисобланади.

У ўз фаолиятини қишлоқ хўжалиги соҳасида деҳқончилик билан бошлаб, кейинчалик чилангар, иқтисодчи, алоқачи, почта ва алоқа соҳасида раҳбар, ижод соҳасида шоир, ёзувчи, журналист, сценарист,  сухандон, нотиқ,  бадиий тўгараклар етакчиси, оммавий маданий-маърифий тадбирлар ташкилотчиси, илмий ходим, музей-қўриқхона қошидаги «Меҳр» бадиий  гуруҳи раҳбари сифатида намойиш этиб келмоқда.

Зубайдулло Ибрагимов айниқса кейинги 5 йил давомида сермаҳсул фаолит олиб бормоқда. Агар бу даврда музей-қўриқхона илмий ходимлари томонидан ҳар йили юздан зиёд илмий-маърифий мақолалар ва хабарлар республика матбуотида эълон қилинган бўлса, бунда унинг хизматлари беқиёсдир. Бундан ташқари радио ва телевидения ҳамда веб-сайтларда ҳам кўрсатув, эштириш ва мақолалар уюштирилди.  Унинг бевосита иштирокида музей-қўриқхонада ҳар чоракда бир маротаба нашр этиладиган «Буюк мозий садоси» илмий журнал ва www.sammus.uz  веб-сайти  ташкил этилди. Бундан ташқари ундаги китобга бўлган меҳр-муҳаббат музей-қўриқхона илмий кутубхонасида сақланаётган 50 мингдан зиёд ноёб китоблар фонди ва шунча газета-журналларни 5 йил давомида уч марта бир жойдан иккинчи жойга кўчириш ишларига бош қош бўлишни ўзи булмайди. Унинг ўзи «Ақл чироғи», «Дўстлик чироғи»,  «Самарқанд баёзи»,  «Пайариқ оҳанглари», «Зиё чашмалари» номли китоб ва тўпламлар муаллифидир.

Унинг ишга бўлган бундай жонкуярлигини, сермаҳсул ижодий намуналарини кўрган музей-қўриқхона бош директори ва партиянинг Самарқанд вилояти Кенгаши раиси Маҳмуд Бобоёров 2013 йилда партиянинг матбуот котиби этиб тайинлади. Бу жойда унинг фаоллиги янада ошиб кетди. Энди у бутун вилоят туманларида бўлиб, халқ ва партиядошлар ўртасида давлатимиз томонидан мамлакатимизда демократик жамият барпо этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда бунёдкорлик ва ободонлаштириш  соҳасида олиб борилаётган сиёсатини тушунтириш ва тарғиб этишда ўз кучини аямасдан иш олиб борди. Айниқса, 2014 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларда депутатлар сайлови кампаниясида партиядан депутатликка  кўрсатилган номзодлар дастурлари билан сайловчиларни таништиришда катта хизмат кўрсатди. Натижада партия вакиллари республикамизнинг турли вакиллик органларига сайланиб, партиянинг сайлов кампанияси даврида ўз электоратига берган ваъдаларини ҳаётга татбиқ этиб келмоқдалар.

Ҳозирги пайтда Зубайдулло Ибрагимов  60 ёшга кирса-да, меҳнат фаолиятини айни гуллаган даврига тўғри келмоқда. Унинг сермаҳсул меҳнат фаолиятини давлатимиз томонидан Ӱзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10 йиллиги муносабати билан чиқарилган кўкрак нишони билан тақдирланган, кўпгина фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совғаларга эга бўлган. У Ӱзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар жамиятининг аъзоси ҳамдир.

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси жамоаси ҳамда Ӱзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши аъзолари номидан унинг 60 йиллик  юбилейи билан табриклаб, сиҳат-саломатлик, узоқ умр, бахт-саодат, ижодий баркамоллик, ҳар иккала жамоадаги меҳнат фаолиятида янгидан янги ютуқлар тилайди.

    Кабир Ўрунхўжаев,

Садриддин Айний уй-музейи илмий ходими

Шарафли умр йўли was last modified: Сентябрь 25th, 2015 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »