Самарқанд аёллари

ОАВ билан ҳамкорлик жамоатчиликнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардан хабардорлигининг муҳим шарти

8 Ноябрь, 11:42 • Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 734 марта кўрилди • Комментариев к записи ОАВ билан ҳамкорлик жамоатчиликнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардан хабардорлигининг муҳим шарти нет

Самарқанд вилояти ҳокимлигида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқасини ривожлантириш шакллари ва усуллари” мавзусида минтақавий семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад жамоатчиликни парламент юқори палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятидан хабардор қилиш, ОАВ билан ҳамкорликда олиб бориладиган ишларни кучайтириш, сенаторлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг интервью бериш, сўзга чиқиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, улар томонидан ўтказилаётган матбуот анжуманлари, брифинглар, сайловчилар билан учрашувлар ва бошқа тадбирларнинг сифат даражасини оширишга қаратилди.

Анжуманда Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидан Олий Мажлис Сенатига сайланган сенаторлар ҳамда мазкур вилоятлар маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари, Ўзбекистон Миллий телерадио компанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Зарафшон”, Самаркандский вестник” газеталари каби бир қатор ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Анжуманда таъкидландики, депутатга ёки сенаторга ўз манфаатларини ифодалашни ишонган сайловчи бу иш амалда қандай ижро этилаётганини ҳар томонлама билишга ҳақли. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайланган депутатлар ўз сайловчилари олдида мунтазам ҳисоб бериб борадилар. Бу талаб ўтган йили парламент томонидан қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунда ҳам белгилаб қўйилган. Бундан мақсад, аввало, ҳокимият вакиллик органларининг ОАВ билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, аҳолини сенаторлар ва барча даражадаги депутатлар томонидан амалга оширилаётган ишлардан, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятидан хабардор қилишдан иборат. Айни шу жабҳада Олий Мажлис Сенатида фаолият олиб бораётган ахборот хизмати парламентнинг юқори палатаси ва ОАВ ўртасида ўзига хос кўприк бўлиб, мамлакатимизнинг етакчи ОАВлари билан яқин алоқаларни йўлга қўя олганлиги таъкидланди. Журналистлар Сенатда ўтказилаётган барча тадбирларда, мажлисларда фаол иштирок этмоқдалар, ахборот олиш имкониятларидан кенг фойдаланмоқдалар. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Сенат фаолияти ҳақида ОАВда 3650 та, шу жумладан, матбуот нашрларида 1021 та материал чоп этилди, телевидение ва радио орқали 2760 та кўрсатув ва эшиттириш тайёрланди. Шу билан бирга, Сенатнинг веб-сайтига 650 дан ортиқ ахборот материаллари жойлаштирилди. Веб-сайтга ташриф буюрувчилар сони 850 минг кишига етди.

Тадбирда жамоатчиликни парламент ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятидан ҳар томонлама хабардор қилиш масалаларига бағишланган бир қатор мазмунли маърузалар тингланди.

— Самарқанд вилоятида парламент ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ОАВда изчил ёритиш бўйича ўзига хос тажриба тўпланган, — дейди сенатор, Самарқанд вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, “Адолат” СДП аъзоси Нигора Раббимова. — Телевидение кўрсатувлари ва радиоэшиттиришларда сиёсий мунозаралар, очиқ мулоқотлар доираси кенгайганлиги, матбуот нашрларида депутатлик ҳисоботи мавзусида мунтазам рукнлар ташкил этилганлиги жамоатчиликка маъқул келмоқда. Муҳими, ҳар бир сайловчи ўзининг манфаатларига мос равишда депутат нечоғлик иш юритаётганлигини холис баҳолаб бормоқда.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,

“Adolat” мухбири

ОАВ билан ҳамкорлик жамоатчиликнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардан хабардорлигининг муҳим шарти was last modified: Ноябрь 6th, 2015 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »