Матбуот анжумани пресс-релизи

5 Февраль, 09:03 • Пресс-релизлар • 518 марта кўрилди • Комментариев к записи Матбуот анжумани пресс-релизи нет

2015 йил 5 февраль куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Демократик ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ўрни” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, Марказий аппарати масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Матбуот анжуманидан кўзланган асосий мақсад партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг 2015 йилдаги фаолияти таҳлили, 2016 йилга мўлжалланган режалари ҳақида батафсил ахборот тақдим этиш ҳамда бу борада журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришга қаратилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров тадбирни кириш сўзи билан очар экан, мамлакатимизда “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида сўнги йилларда миллий қонунчилигимизга киритилган янгиланишларга мувофиқ сиёсий партияларнинг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва роли ошганлиги, ваколатлари янада кенгайганлигини таъкидлади. Айниқса, конституциявий ислоҳотлар асосида парламент палаталари ҳамда маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмаларининг ваколатлари кенгайтирилгани бевосита жойларда Давлат дастурлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросига самарали таъсир ўтказиш, бу борада парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишда муҳим ўрин тутаётганига иштирокчилар эътиборини қаратди.

Партия раҳбари 2015 йил сайловлар йили сифатида Ўзбекистон “Адолат” СДП учун мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаш имконини берганлигини таъкидлади. Хусусан, 2014 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган сайловлар натижасида партия Олий Мажлис Қонунчилик палатисида 20 нафар депутатдан иборат фракциясини шакллантирган бўлса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлари сони 834 нафарга (2009 йилги сайловда 469 нафар), яъни сал кам 2 барабарга кўпайганлигини эътироф этди.

Маърузада таъкидланганидек, ўтган йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг фаолияти асосан қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлилий ҳамда сайловчилар билан учрашувлар каби йўналишларда олиб борилди.

2015 йилда “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг тегишли моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ўзини парламентдаги кўпчилик ҳисобланган “Демократик кучлар блоки”га нисбатан муҳолифат деб эълон қилганлиги ҳам муҳим воқелик бўлди.

Ўтган йил давомида партия фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 40 дан ортиқ йиғилиши ўтказилиб, уларда 50 дан ортиқ қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Қонунчилик фаолиятида фракция аъзолари 26 та қонун лойиҳасига масъул бўлдилар, 7 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлиб, қонун лойиҳасини такомилига етказиш, муҳокамаларга тайёрлаш жараёнида ҳамда қўмита, фракция ва палата йиғилишларида маъруза қилдилар.

2015 йилда партия фракциясининг ташаббусига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида белгиланган вазифалар ҳамда Самарқанд вилоятида “Спорт ва жисмоний тарбия тўғрисида”ги қонун талабларининг бажарилиши бўйича ахбороти эшитилди.

Шунингдек, ўтган йилда амалиётда илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг “Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати ва унинг самарадорлигини ошириш истиқболлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарида замонавий техника ва технологияларни жорий этиш тўғрисида”ги масала юзасидан “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан юборилган парламент сўрови бўйича ахборотини эшитдилар.

Шу билан бирга, 2015 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан жами 15 та масала киритилиб, сессияларида 21 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. Партия депутатлари томонидан турли масалалар юзасидан 726 та депутатлик сўровлари юборилди ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов партия сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича 2015-2019 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар Дастури асосида ўтган йилда партия ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, 2015 йил давомида партия аъзолари ҳамда БПТлари сон ва сифат жиҳатдан ўсди, дастурий ғоялар тарғиботи ва юртимиз ва жаҳон миқёсида долзарб аҳамиятга эга мавзулардаги тадбирлар кўпайди. Ушбу жараёнда партия сафидаги аёллар ва ёшларнинг фаоллиги ўсганлиги, айниқса, муҳимдир. 2016 йил 1 январь ҳолатига партия аъзолари сони 115 514 нафарга, БПТлар сони 3374 тага етди. Аёллар сони 56 000 нафардан, 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 46 000 нафардан ошди. Йил давомида партиянинг марказий, ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари томонидан турли йўналишларда жами 5078 та тадбирлар ташкил қилиниб, уларда 334 174 нафар фуқароларнинг иштироки таъминланди.

“2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросида партия ташкилотлари фаол иштирок этди. Хусусан, республика миқёсида “Кексаларни эъзозлаш – муқаддас бурчимиздир” номли ижтимоий акция асосида ўтказилган кенг кўламли тадбирлар, айниқса, самарали бўлди. Акция доирасида юртимизда фаолият юритаётган барча “Мурувват” уйлари қариялари, ҳудудларда истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, маҳаллалардаги ёши улуғ инсонларга эътибор кўрсатилди. Улар учун партия фаоли бўлган шифокорлар томонидан тиббий кўриклар ташкиллаштирилиб, саломатликларини мустаҳкамлаш бўйича амалий ишлар қилинди ҳамда маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия депутатлари масъуллигида 12 та партиявий лойиҳа ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этилди.

Мисол тариқасида Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда “Адолат” СДПнинг фаол иштирокини таъминлаш, партиянинг ёшлар сиёсатига доир ғояларини рўёбга чиқариш, умумтаълим мактаблардаги ички тартиб қоидаларни янада мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш ҳамда мактаб ҳаётида жамоатчилик ўрни ва роли самарадорлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Таълим муассаларида ижтимоий тенглик” лойиҳаси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, партиянинг Самарқанд ва Андижон вилояти Кенгашлари томонидан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлик гуруҳлари, давлат ҳокимияти бошқарув органлари, вилоят (шаҳар) Халқ таълими бошқармалари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида, босқичма-босқич амалга оширилди. Олиб борилган мониторинг ишлари натижаси Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи йиғилишида ҳамда Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссиясининг йиғилишида атрофлича кўриб чиқилиб, “Ягона мактаб формаси” тажрибасини вилоят миқёсида оммалаштириш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласи Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг IV сессиясида муҳокама қилинди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Қолаверса, партия мафкураси, мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб “Фикр – ғоя – ҳаракат”, “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт”, “Адолатчилар жамоатчилик экспертизаси”, “Соғлом оила – соғлом жамият – порлоқ келажак”, “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият”, “Конституция – адолат мезони” каби яна 10 дан ортиқ ижтимоий лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилиб келинмоқда. Ушбу жараёнда партиянинг жойлардаги бошланғич ташкилотлари ҳамда “Ёш адолатчилар” ва “Аёллар қаноти” аъзолари фаол иштирок этаётгани айниқса, аҳамиятлидир.

Ўтган даврда партия томонидан оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва партия фаолиятини кенг жамоатчилик кўз ўнгида акс эттириш борасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди. Партиянинг расмий нашри – “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси ҳамда веб-сайти www.adolat.uz ўқувчилари сони ошди, янги саҳифа ва рукнлар ишга тушди. Жумладан, партиянинг расмий сайтида “Онлайн депутат” лойиҳаси ва “Ҳуқуқий маслаҳат” интерактив хизмати ташкил этилиб, фуқаролар учун партиядан сайланган депутатлар билан алоқага чиқишда янги қулайликлар яратилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари ҳамда жойлардаги барча тузилмалари томонидан 2016 йилда бажариладиган ишлар режаси ҳақида ҳам маълумот берилди.

Жорий йилда ҳам партиянинг ижтимоий лойиҳаларини кенг жорий қилиш, амалий саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш, қабул қилинажак “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросига партиянинг барча тузилмалари, депутатлик гуруҳлари ва фаолларининг куч, имкониятларини сафар қилиш белгилангани айтиб ўтилди.

Матбуот анжумани сўнгида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Пресс-релизнинг электрон шаклини www.adolat.uz cайтидан олишингиз мумкин.

“Адолат” СДП матбуот хизмати

Тел/факс: 288-42-07 (111)

                                                            Электрон почта: info@adolat.uz

Матбуот анжумани пресс-релизи was last modified: Февраль 5th, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »