Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги – IV Пленуми

4 Март, 17:17 • Пресс-релизлар • 333 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги – IV Пленуми нет

ПРЕСС РЕЛИЗ

 

Жорий йилнинг 4 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги – IV Пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг 2015 йилги фаолияти сарҳисоб қилиниб, 2016 йилги режалар, хусусан, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Пленумда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров маъруза қилди.

Эътироф этилганидек, мамлакатимиз истиқлолга эришганидан сўнг юртимизда аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, она ва бола соғлиги муҳим устувор вазифага айланди. Жорий 2016 йил юртимизда «Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани замирида ҳам ана шундай муҳим ҳаётий қадриятни жамиятимизда янада чуқур қарор топтириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада юксак босқичга кўтаришдек эзгу мақсадлар мужассамдир.

Энг муҳими, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаатлари учунлигини бугун бутун дунё эътироф этмоқда. Болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар кўплаб хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Жорий йилнинг 9 февраль куни Президентимиз томонидан тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури бу борада олдимизга қўйилган юксак мақсадларни амалга оширишда асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Мазкур Дастур асосида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўзининг 2016 йилга мўлжалланган иш режаларини қайта кўриб чиқди ва унинг ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик корпусининг аниқ вазифаларини белгилаб олди.

Йиғилишда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпусининг 2015 йилда амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий нуқтаи-назардан кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, 2015 йилда партия фаолиятини ташкилий жиҳатдан такомиллаштириш, ҳудудий ва маҳаллий ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, партия аъзолари сонини кўпайтириш, кадрлар малакаси ва салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бунинг натижасида жорий йилнинг 1 январь ҳолатига партия аъзолари сони 115 500 нафардан ошганлиги, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 3 374 тага етгани қайд этилиб, бу борадаги ўсиш қониқарли даражада эмаслиги танқид қилинди.

Партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида, партия фракцияси аъзолари ҳамда Марказий аппарати масъул ходимлари билан биргаликда 12 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. Шулардан 2015 йил мобайнида “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт”, “Конституция – адолат мезони” лойиҳалари республиканинг барча ҳудудларида амалиётга жорий этилган бўлса, “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси доирасидаги бир қатор мақсадли чора-тадбирлар Самарқанд ва Андижон вилоятларида амалга оширилди. Бундан ташқари, партия мафкураси, мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб яна 11 та ижтимоий лойиҳа тайёрланиб, амалиётга татбиқ этиб келинмоқда.

2015 йилда партия томонидан турли йўналишларда 5 мингдан ортиқ тадбир ўтказилиб, уларда 335 мингга яқин фуқаролар иштирок этди. Бу борада кўрсатгичлар ўсгани кузатилди. Аммо шунга қарамай, ҳудудий партия ташкилотлари томонидан ўтказилаётган барча тадбирлар ҳам юқори савияда эмаслиги танқид остига олинди. Тадбирларда замонавий PR технологиялардан, интерфаол услублардан фойдаланиш бугунги кун талаби эканлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, ўтган йилда партия кадрларининг касбий малакаси ва сиёсий салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хотин-қизлар манфаатларини таъминлашга қаратилган тадбирлар доирасида анъанавий “Партиянинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танлови юқори савияда ташкил этилган бўлса, “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Фикр-ғоя-ҳаракат”, “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари”, “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳалари доирасида ташкил этилган 700 дан ортиқ тадбирларга 60 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди. Бироқ бу борада барча ҳудудий партия ташкилотларида ҳам иш қониқарли даражада, деб бўлмайди.

Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик бирлашмаларининг партия сайловолди дастури ижроси юзасидан амалга оширган ишлари ҳам танқидий таҳлил қилинди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси 2015 йилда ўз фаолиятини муҳтарам Президентимиз томонидан Қонунчилик палатасининг ташкилий йиғилиши ҳамда парламент палаталарининг қўшма йиғилишида қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил фаолияти йўналишида белгилаб берилган устувор вазифалар асосида амалга оширди. Ушбу даврда фракциянинг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 40 дан ортиқ йиғилиши ўтказилиб, уларда 50 дан ортиқ қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Қонунчилик фаолиятида фракция аъзолари 26 та қонун лойиҳасига масъул ва 7 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар.

2015 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан жами 15 та масала киритилиб, сессияларида 21 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари томонидан турли масалалар юзасидан 726 та депутатлик сўровлари юборилди ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Албатта, бу рақам ва кўрсаткичлар партия дастурий мақсад-вазифаларини тўла рўёбга чиқариш учун етарли эмаслиги, бунинг учун депутатлар ўз ваколатидан самарали фойдаланишлари, ташаббускорликни янада оширишлари талаб этилиши таъкидланди.

Шунингдек, Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг жорий Соғлом она ва бола йилида амалга ошириши лозим бўлган устувор вазифалари ҳамда партия фаолиятига доир бошқа масалалар кўриб чиқилди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партия Сиёсий Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги – IV Пленуми was last modified: Март 4th, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »