“Бугунги талаба – бўлғуси депутат” мавзусида давра суҳбати

31 Март, 14:34 • Пресс-релизлар • 360 марта кўрилди • Комментариев к записи “Бугунги талаба – бўлғуси депутат” мавзусида давра суҳбати нет

ПРЕСС-РЕЛИЗ

Жорий йилнинг 31 март куни Тошкент архитектура-қурилиш  институти мажлислар залида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида  “Бугунги талаба – бўлғуси депутат” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари, институт талабалари, профессор-ўқитувчилари ва партия фаоллари иштирок этишди.

Давра суҳбатида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят Кенгаши депутатлари мустақиллик йилларида юртимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиши, ёшларга яратилиб берилаётган имкониятлар ҳақида ўзлари эришаётган ютуқлар мисолида гапириб бердилар. Яъни, тадбирда замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ўз она юртига меҳр ва садоқат туйғуси билан яшайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган янги авлодни тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган улкан ишларнинг моҳияти аниқ далиллар ва ҳаётий мисоллар орқали очиб берилди.

Ҳар қандай давлатнинг қудратини белгилайдиган асосий омиллардан бири шу юртда вояга етаётган юксак маънавиятли, жисмонан соғлом, эртанги куннинг ҳақиқий эгалари бўлган баркамол авлоддир. Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ келажагимиз эгаларининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун барча шароитларни яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ёшларни мамлакат келажагини белгиловчи катта иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий куч деб билади. Шу боис ёшларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш партия фаолиятининг асосий йўналишлардан бирига айланган.

Хусусан, мустақилликни қўлга киритиш йўлида халқимиз босиб ўтган қийинчиликлар ва Президентимиз раҳнамолигида юртимизда олиб борилган оқилона сиёсат ҳақида ёшларга тушунчалар бериш, истиқлол йилларида эришган ютуқларимиз, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда ёш авлодни маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғломлаштиришга ҳисса қўшиш, жумладан уларни турли зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган, мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини теран идрок этиш, ўтган давр мобайнида босиб ўтган оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини келажак авлод онгига сингдириш, биз кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни англаш, ёшларимизни янги марралар сари руҳлантириш, Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда   “Адолат” СДПнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларга бўлган алоҳида эътибор туфайли уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги иштироки кенгайиб бормоқда. Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий-интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўғил-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, эртамиз эгаларини ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, соғлом эътиқод ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бунинг натижасида мустақиллик йилларида ёшларимиз халқаро фан олимпиадалари, нуфузли спорт мусобақалари, турли йирик мусиқа ва санъат танловлари, фестиваллари, кўргазмаларида дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён қилиб келмоқда.

Шу билан бирга, партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритилиб, айниқса, ёшлар билан ишлашда ижтимоий шериклик тамойилини кучайтириш зарурлиги, хусусан, “Камолот” ЁИҲ, Инновацион технологиялар маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси сингари жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди. Шунингдек, “Ёш адолатчилар” қанотининг узоқ муддатли дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларини амалга оширишнинг асосий йўналиши хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Тадбир давомида мавзу юзасидан талабалар томонидан кўплаб таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан хулосалар ишлаб чиқилди.

“Бугунги талаба – бўлғуси депутат” мавзусида давра суҳбати was last modified: Март 31st, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »