Истиқлол айёмини муносиб кутиб оламиз!

20 Июнь, 18:19 • Фракция, Янгиликлар • 939 марта кўрилди • Комментариев к записи Истиқлол айёмини муносиб кутиб оламиз! нет

Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партиянинг парламент ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлари, Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари, “Аёллар” ва “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров олиб борган тадбирда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқувчи Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вазифалари тўғрисида”ги масала муҳокама этилди.

Эътироф этилганидек, мамлакатимизда мустақиллик байрами халқимиз томонидан энг азиз ва энг улуғ байрам сифатида кенг нишонланиши она-диёримиздаги тинчлик, осуда ҳаёт ва барқарорликнинг ёрқин намунасидир. Дарҳақиқат, истиқлол шарофати билан тарихан қисқа даврда Ўзбекистон иқтисодиёти тез суръатлар билан ривожланиб, куч-қудрати ва салоҳияти ҳар томонлама юксалиб бораётган мамлакатга айлангани республикамизда амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар натижасидир. Шу нуқтаи-назардан мустақиллик энг улуғ ва энг азиз байрам сифатида эътироф этилиши эътиборга молик.

Истиқлолимизнинг ўтган 25 йили том маънода муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида тараққиётнинг «ўзбек модели» асосида жамиятимизнинг барча жабҳаларида ривожланиш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, халқаро ҳамжамиятда давлатимиз нуфузини юксалтириш ва энг муҳими тинчлик, осойишталик барқарор бўлган эркин фуқаролик жамиятини қуриш даври бўлди. Президентимиз ташаббуси билан бу йилги байрамни “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида кутиб олаётганимиз замирида, туб моҳиятида ҳам мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат эканлиги, шу улуғ ва муқаддас Ватанда ўтаётган тинч-осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлашдек, улуғ ғоя ва мақсад мужассамдир. Шу боис ҳам юртимиз бўйлаб истиқлол тантаналарини нишонлашда ушбу эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган.

Албатта, республикамизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг барча даражадаги тузилмалари, депутатлик бирлашмалари, фаоллари ҳамда аъзолари томонидан ҳам ҳар йили энг азиз ва энг улуғ байрам бўлмиш мустақиллигимизни юқори даражада нишонлаш анъанага айланган. Жорий йилда ҳам Давлатимиз раҳбарининг Қароридан келиб чиққан ҳолда партиянинг махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ байрам арафасида партия томонидан Олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини, Ватанни мадҳ этишга йўналтирилган иншолар танлови, “Мустақиллигимизнинг 25 йиллигида “Адолат” социал-демократик партиясининг ўрни” мавзусида суратлар кўргазмаси, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида болалар оромгоҳларида “Келажак бизники, марра бизники” номли маданий-маърифий тадбирлар, партиянинг “Аёллар қаноти” томонидан “Истиқлол аёллари: кеча ва бугун” мавзусида жойларда давра суҳбатлари ва бошқа кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ўтказиш белгиланган.

Йиғилишда сўзга чиққанлар истиқлол айёмини муносиб кутиб олиш, бутун халқимиз, мамлакатимиз меҳмонлари иштирокида юртимиз бўйлаб кенг нишонлашда барча давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон «Адолат» СДП ва унинг жойлардаги тузилмалари, депутатлари ва фаоллари зиммасига ҳам катта масъулият юкланишини қайд этдилар.

Шундан келиб чиқиб, қисқа муддатда мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича марказий ва ҳудудий партия комиссияларини тузиш, байрам тадбирларининг жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда намунали ўтказилишида уюшқоқлик билан иштирок этиш, ижодий гуруҳлар ташкил этиш, ушбу қутлуғ айём билан боғлиқ барча тадбирларнинг юқори савияда ўтказишни таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқимиз, айниқса, ёшлар орасида олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларида, маънавий-тарбиявий тадбирларда аввало мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини, ўтган давр мобайнида босиб ўтган оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини етказиш, биз кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни англатиш, ватандошларимизни янги марралар сари руҳлантиришда таъсирчан услуб ва воситалардан фойдаланиш юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Қўшма йиғилиш сўнггида Президентимиз қарори асосида миллий байрамни партия ташкилотлари томонидан уюшқоқлик билан юқори даражада ўтказишга тайёргарлик кўриш юзасидан партия марказий ва ҳудудий ташкилотлари олдидаги вазифалар белгилаб олинди.

Партия матбуот хизмати

Истиқлол айёмини муносиб кутиб оламиз! was last modified: Июнь 20th, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »