Муҳолиф фракциялар парламентдаги блокнинг таклифларига нисбатан ўз нуқтаи-назарларини билдирдилар

20 Июнь, 18:25 • Фракция, Янгиликлар • 944 марта кўрилди • Комментариев к записи Муҳолиф фракциялар парламентдаги блокнинг таклифларига нисбатан ўз нуқтаи-назарларини билдирдилар нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги муҳолиф фракцияларнинг навбатдаги йиғилишлари бўлиб ўтди. Унда парламент қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

«Адолат» СДП фракцияси томонидан ўтказилган йиғилишда депутатлар “Демократик кучлар блоки” аъзоларининг янги таҳрирдаги «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан билдирган таклиф ва фикр-мулоҳазаларига ўз муносабатларини билдирдилар.

“Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигини таъминлаш орқали барқарор ривожланишга эришиш асосий фаолият йўналишларидан бири сифатида белгиланганлигидан келиб чиқиб, депутатлар ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш зарурлиги ва ушбу қонунни қабул қилиш жараёнида бошқа қонун ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозимлиги юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.  Хусусан,  мухолиф фракция аъзолари “Демократик кучлар блоки”нинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларида бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш эмас, балки жазо муқаррарлиги устидан назоратни кучайтириш лозимлиги ҳақидаги таклифларига қўшилмаслигини ҳамда табиатни асраб-авайлаш ҳар бир шахснинг конституциявий бурчи эканлигини инобатга олиб, ҳар бир инсонни табиатга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш катта аҳамият касб этишини ва бу мақсадларга ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтирмасдан туриб эришиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтдилар. Депутатларнинг фикрича, жавобгарликнинг кучайтирилиши ўз навбатида қонун талабларини барча томонидан сўзсиз бажарилишини ва уларга оғишмай амал қилинишини таъминлашга, ҳар бир шахсни жазо муқаррарлиги ва у ғайриқонуний ҳаракат оқибатларига мутаносиб бўлишлиги билан ҳуқуқбузарликлардан ўзини тийиб туришига замин яратади.

Бундан ташқари, қонунга хилоф равишда тутилган ҳайвонот дунёси объектлари, ёввойи ҳайвонларни қонунга хилоф равишда тутиш қуроли ва воситалари, шу жумладан транспорт воситалари олиб қўйилиши ёки мусодара қилиниши қайси ваколатли ташкилот ёки муассаса томонидан қандай тартибларда амалга оширилиши аниқ белгиланиши лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Йиғилишда фракция аъзолари қонун лойиҳасида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни, уларнинг яшаш жойлари ҳолати яхшиланишини таъминлаётган юридик ва жисмоний шахсларга солиқ ва бошқа имтиёзлар бериш масаласига оид норманинг акс этиши табиатни асраш, ундан оқилона фойдаланишда муайян бир даромад манбаи ёки иқтисодий наф келтирувчи омил сифатида қўлланилишига имкон яратишини таъкидлаб ўтишди. Бундай модданинг қонун лойиҳасидан чиқариб ташланиши мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

Фракция аъзоларининг билдиришича, қонун лойиҳасида ҳайвонот дунёси ва унинг яшаш муҳити ҳолатини мунтазам кузатиб бориш, унда юз бераётган ўзгаришларни аниқлаш, баҳолаш ва прогноз қилиш, яъни ҳайвонот дунёси мониторинги ҳақида сўз юритилган. Бироқ мониторинг тизимини қайси ваколатли давлат ташкилоти амалга ошириши тўғрисида норма келтирилмаган. Фракция фикрига кўра, бу борадаги мониторингни олиб бориш, шунингдек ҳайвонот дунёсининг ҳисоби ва кадастрини юритиш махсус ваколатли давлат органи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига юклатилишига оид нормани қонун лойиҳасида акс эттирилиши лозим.

Йиғилиш иштирокчилари таъкидлаб ўтганларидек, қонун лойиҳасида кўзда тутилган янги меъёрлар халқаро принцип ва стандартларга мос равишда фуқаролар ва юридик шахсларни ҳайвонот дунёсига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш борасидаги масъулиятларини янада оширишга, ёш авлодни табиатни асраб-авайлаш руҳида  тарбиялашга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир сўнгида фракциянинг позицияси белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Партия матбуот хизмати

Муҳолиф фракциялар парламентдаги блокнинг таклифларига нисбатан ўз нуқтаи-назарларини билдирдилар was last modified: Июнь 20th, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »