Қонунларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш — устувор вазифа

9 Июнь, 15:53 • Фракция, Янгиликлар • 561 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонунларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш — устувор вазифа нет

Ўзбекистон истиқлолга эришган илк йилларидан бошлаб, давлат ва жамият бошқарувидаги институционал, демократик ислоҳотларнинг марказида қонун устуворлигига эришиш масаласи устувор этиб белгиланди. Мамлакат тараққиётининг стратегик мақсадларидан бирига айланган «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилининг туб моҳиятини ҳам қонун орқали бошқариладиган, маънавиятли ва маърифатли жамият тушунчаси ташкил этади.

Зеро, кучли, очиқ фуқаролик жамияти шароитида ҳамма манфаатлар, инсон ва жамият, фуқаро ва давлат ўртасидаги барча муносабатлар фақат қонунлар орқали тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Президентимиз томонидан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Чунончи, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган «қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш» ғоясининг замирида жамиятда адолатпарварлик ва инсонпарварликни янада кучайтириш масаласи мужассамдир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ходимлари, эксперт ва олимлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳамда партия фаоллари иштирокида ўтказилган “Қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини такомиллаштириш давр талаби” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам шу ҳақда сўз борди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 20-моддасига қўшимча ва “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 29-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасига мувофиқ Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасисига расмий манба мақомини беришнинг афзалликлари хусусида фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, ҳар қайси ҳуқуқий давлатнинг муҳим принципларидан бири бу қонун устуворлиги бўлиб, ушбу принципнинг ҳаётийлигини таъминловчи муҳим омил – қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини такомиллаштириш саналади.

Айни шу мақсадда мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари замон талабларига мос равишда яратилмоқда. Уларни ҳаётга татбиқ этиш борасида миллий тажриба тўпланди, ҳужжатларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, эълон қилиш, ягона реестрини юритиш борасида муҳим ишлар амалга оширилди.

Шуҳрат ЯМИНОВ, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази директори:

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, жамиятни ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш ва амалдаги қонун ҳужжатларини босқичма-босқич туркумлашни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2000 йилда “Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.

Шу билан бирга, муҳтарам Юртбошимизнинг 2011 йилдаги қарори асосида тасдиқланган Низом билан Адлия вазирлигига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш ва сақлашни ташкил қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Мана 15 йилдирки Миллий база самарали фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда Миллий базага 40 000 га яқин ўзбек ва рус тилларидаги норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар киритилган. Миллий база ҳар куни янгиланиб, барча ҳужжатлар доимий назорат ҳолатида сақланиб келинмоқда. Миллий базадан фойдаланиш барча учун бепул ва тўсиқсиз амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Давлатимиз томонидан компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш дастурларининг муваффақиятли амалга оширилаётганлиги натижасида мамлакатимизнинг нафақат вилоят марказлари балки, энг олис туман ва қишлоқлари аҳолиси ҳам Интернет орқали Миллий базадан фойдаланмокда. Эндиликда улар янги қабул қилинаётган қонунлар, Президентимизнинг фармон, қарор ва фармойишларидан, Ҳукуматимизнинг қарорларидан ҳамда бошқа ҳужжатлардан, умуман, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларидан ўз вақтида хабардор бўлишмоқда.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Миллий базадан нафақат республикамизда балки хорижий давлатларда туриб ҳам фойдаланишмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан танишаётган чет эллик инвесторлар мамлакатимизда ўз фаолиятини олиб бориш учун яратилган қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити, қонун ҳужжатлари билан чет эллик инвесторларга берилган кафолат ҳамда имтиёзлар билан танишиш имкониятига эгадирлар.

Миллий база Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларидан Интернет орқали бепул асосда тезкор ва кенг кўламли фойдаланиш имконини берадиган ягона ҳуқуқий ахборот тизими ҳисобланади. Ҳозирги кунда ривожланган давлатларнинг барчасида ҳам аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлашнинг бундай амалиёти қўлланилмайди.

Мавжуд норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар матнидан фойдаланувчиларнинг, шу жумладан ижрочилар ва аҳолининг тезкор ва сифатли фойдаланишини таъминлаш мақсадида www.lex.uz сайтида жойлашган Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинишининг расмий манбаси сифатида белгилаш бугунги куннинг талаби, деб ўйлайман.

Умид Сулаймонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Дарҳақиқат, ўтган даврда мамлакатимизда ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижро этиш борасида аниқ ва пухта ҳуқуқий база шакллантирилган. Хусусан, 2012 йилда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинган.

Ушбу қонун билан белгиланган амалиётга кўра бирон бир умуммажбурий ҳуқуқий ҳужжатни кучга киритиш ва ижрога қаратиш учун авваламбор ушбу ҳужжатни расмий манбада нашр этилишини таъминлаш лозим.

Бугунги кунда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ тегишлича “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами”, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами” норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар ҳисобланади. Эътибор қаратадиган бўлсак ушбу расмий манбаларнинг барчаси қоғозда чоп этиладиган даврий нашрлардир.

Жамиятимизнинг барча соҳаларига, қолаверса, аҳолининг кундалик ҳаётига комьютер технологиялари жадал суръатлар билан кириб бораётгани ҳамда мамлакатимизда босқичма-босқич равишда “Электрон ҳукумат” тизимига ўтилаётгани Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинишининг расмий манбаси сифатида белгилаш ҳамда қонун ҳужжатларининг босма ва электрон нашрларини бир хил юридик кучга эга бўлишини таъминлашни тақозо этмоқда.

Миллий базага расмий манба мақомини бериш ижрочилар ва аҳолига қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матни билан тезкор ва ишончли равишда он-лайн режимида танишиш имконини беради.

Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатадики, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Италия, Жанубий Корея, Финляндия, Россия, Беларусда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қоғоз ва электрон кўринишда расман эълон қилиш бир хил юридик кучга эга ҳисобланади. Бельгия, Дания, Австрия, Нидерландия, Испания, Португалияда эса қонун ҳужжатининг электрон шакли расмий эълон қилинишнинг ягона манбаси бўлиб ҳисобланади.

Янги қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган амалиёт юридик ва жисмоний шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аҳолига ўз вақтида ва тўлиқ етказишга, ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тезкор ўзлаштиришга қўшимча шарт-шароитлар яратади.

Шу маънода, адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, “Адолат — қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш партиямиз учун устувор йўналиш ҳисобланади. Қонун давлат ва жамият ишларини бошқаришда асосий восита бўлиши лозим. Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари депутатлик корпусимиз қонунчилик фаолиятининг асосий, бош мезони ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, Қонунчилик палатасидаги фракциямиз қонунларимизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши ҳамда www.lex.uz сайтида жойлашган Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинишининг расмий манбаси сифатида белгиланишини муҳим, деб ҳисоблайди.

Йиғилишда амалиётчилар, мутахассислар, олимлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикр ва мулоҳазаларини ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига расмий мақом бериш юзасидан қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар тайёрлаш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Тадбир сўнггида муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Қонунларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш — устувор вазифа was last modified: Июнь 9th, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »