Самимий ва синалган ҳамкорлик — порлоқ истиқбол омили

24 Июнь, 16:05 • Фракция, Янгиликлар • 826 марта кўрилди • Комментариев к записи Самимий ва синалган ҳамкорлик — порлоқ истиқбол омили нет

Шу кунларда жонажон Ватанимиз тарихида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеликлар юз бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан жаҳоннинг улкан иқтисодий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлати — Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Мазкур давлат ташрифи халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича позиция ва ёндашувлари бир-бириники билан ўхшаш икки давлат ўртасидаги олий даражадаги сиёсий мулоқотларни давом эттириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳозирги жараёнларини таҳлил этиш, истиқболли лойиҳалар хусусида музокаралар ўтказилганлиги билан аҳамиятлидир.

Олий мартабали меҳмоннинг давлат ташрифи доирасида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, парламент аъзолари олдида нутқ сўзладилар.

Си Цзиньпин ўз нутқида Ўзбекистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги энг яқин дўсти, йирик қудратли давлат эканлигини эътироф этиб, халқаро майдондаги аҳвол шиддат билан ўзгариб бораётган бир пайтда жаҳон иқтисодиётининг қайта тикланиш жараёни суст кечаётганлигига қарамай Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон тарихан қисқа даврда жаҳоннинг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган мамлакатлари сафида турганлигига, истиқлол йилларида амалга оширилган бетимсол бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юқори баҳо бергани кишида фахр-ифтихор уйғотади. Шунингдек, олий мартабали меҳмон ўз нутқида асрлар давомида қарор топган ўзаро муносабатлар ва дўстлик анъаналари бугунги кунда ҳам Хитой билан Ўзбекистон ўртасида яқин қўшничилик ва дўстликнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилаётгани, Хитой Ўзбекистон билан муносабатларга доимо стратегик ва истиқбол нуқтаи назаридан қарашини қайд этди.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг маърузаси ҳам йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Президентимиз ўз маърузасида Хитой Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги энг яқин ҳамкори эканлигини алоҳида таъкидлаб, Ўзбекистон – Хитой алоқалари истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Юртбошимиз Си Цзиньпин бошчилигида тараққий этган, жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатида ҳақли равишда етакчи ўринни эгаллаб келаётган Хитой давлати Ўзбекистоннинг ўтган йиллар давомида давр синовларидан ўтган, халқаро майдондаги хавф-хатарларга бардош берган яқин дўсти эканлигига алоҳида урғу берди.

Дарҳақиқат, бир вақтлар иқтисодиёти бир томонлама ривожланган мамлакатимизнинг оғир, қийинчилик кунларида айнан Хитой ҳаётий муҳим манфаатларига дахлдор масалаларда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади. Умуман айтганда, Ўзбекистон — Хитой халқлари азалдан ўзаро савдо-сотиқ қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатилди, сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият каби барча соҳаларда ҳамкорлик ўрнатилди. Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бормоқда.

2016 йилнинг дастлабки тўрт ойида товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард долларни ташкил этди. Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилган инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошди. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 650 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Бу эса, аввало, мамлакатимизда тaркибий ўзгaришлaрни изчил aмaлгa oшириш жараёнида хорижий сармоя киритилган корхоналарни иқтисодий рағбатлантириш ва уларга ҳукуматимиз томонидан қулай инвестицион муҳит, зарурий шароитлар яратиб берилишининг натижасидир.

Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг ишга туширилиши ҳам Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси ҳисобланади. Куни кеча Ўзбекистон ва Хитой қурувчилари, муҳандислари, мутахассислари ҳамкорлигида қуриб битказилган ушбу иншоотнинг расмий очилиш маросими ҳам бунёдкор халқимизнинг яна бир орзуси ушалишига сабаб бўлди.

Кези келганда таъкидлаш лозим, Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик муносабатларидаги самимият Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги серқирра, стратегик алоқалар янада юқори босқичга кўтарилишида Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўли қурилиши сингари улкан ва ғоят кенг кўламли лойиҳаларнинг амалга оширилиши муҳим омил сифатида хизмат қилади.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Самимий ва синалган ҳамкорлик — порлоқ истиқбол омили was last modified: Июнь 24th, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »