Суд экспертларининг малакасини оширишда ягона тизим жорий этилади

13 Июль, 17:29 • Фракция, Янгиликлар • 1149 марта кўрилди • Комментариев к записи Суд экспертларининг малакасини оширишда ягона тизим жорий этилади нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари дастлаб “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси «Ветеринария тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида, ветеринария соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида илгари қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари қайта таҳлил қилинди. Бунинг натижасида амалдаги бир қатор қонунларнинг айрим қоидалари янги таҳрирдаги «Ветеринария тўғрисида»ги Қонун нормалари билан бир-бирига зид келиб қолаётганлиги ҳамда уларни ўзаро мувофиқлаштириш лозимлиги аниқланди.

Шуҳрат ЯКУБОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида ветеринария соҳаси билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги, «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонунларига ҳамда Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Солиқ кодекси ва Бюджет кодексининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда. Маълумки, қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш “Адолат” СДП депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан мазкур қонун лойиҳаси ҳам ветеринария соҳаси ва у билан боғлиқ фаолиятни тартибга солиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар ўртасидаги ўзаро зиддиятларни бартараф этиш ҳамда улардаги атама ва тушунчаларнинг бир хил қўлланилишини таъминлашга, пировардида унинг ижро механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан дастурий мақсадларимизга тўла мосдир.

Биринчи ўқишда ҳавола этилаётган “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси билан “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонунга ўз ичига ҳуқуқий ва махсус масалаларни қамраб олган таълим дастурига мувофиқ суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини даврий равишда (ҳар икки йилда) ошириб боришнинг ягона тизимини жорий этишга қаратилган тузатишлар киритиш назарда тутилмоқда.

Ўткир ХОЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳозирги боқичида қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган нормаларга ҳақиқатдан ҳам зарурият сезилаётган эди. Маълумотларга қараганда сўнгги йилларда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тайинланган суд экспертизаларининг сони сезиларли даражада ортди. Хусусан, 2014 йилда 50 мингдан ортиқ суд экспертизалари тайинланган бўлиб, ушбу ҳолат бевосита таклиф этилаётган қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг долзарблигидан далолат беради. Шу билан бирга, амалиётда суд экспертларининг локал доирада малака ошириб келаётгани, яъни суд экспертизасини ўтказадиган турли давлат муассасалари ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ушбу фаолиятни амалга ошираётгани, эксперт муассасалари тизимида у ёки бу масала юзасидан эксперт хулосаларини беришда турли хил услублардан фойдаланилаётгани, қолаверса, ҳуқуқий ва махсус масалаларни қамраб олган суд экспертларини даврий равишда малакасини ошириб боришнинг ягона тизими мавжуд эмаслиги ушбу қонун лойиҳасини қабул қилишни тақозо этмоқда. Бу борада хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатадики, Германия, Швеция, МДҲ мамлакатлар қонунчилигида ҳуқуқий ва махсус масалалар бўйича таълим дастурига мувофиқ суд экспертларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг ягона тизими мавжуд. Бунда суд экспертлари 2-3 йилда бир марта малака ошириш бўйича махсус курсларни ўтайдилар. Ушбу курсларнинг давомийлиги ўртача бир ойни ташкил этади. Мамлакатимизда эса ҳозирги амалиёт бўйича суд экспертлари 5 йилда бир марта малака оширишни ўтаётгани улар томонидан бериладиган хулосаларнинг сифатига таъсир ўтказмоқда. Шу муносабат билан мазкур лойиҳада “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга суд экспертларининг ҳуқуқий ва махсус билимларини ривожлантиришга, саводхонлигини оширишга, шунингдек уларнинг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган тегишли ўзгартиш ва қўшимча киритиш назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд экспертизаси масалаларини тартибга солувчи қонунчилик нормаларининг самарали ва бир хил қўлланилишига олиб келади, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкиллаштиришда мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этишни таъминлайди, шунингдек, суд экспертизасининг самарадорлигини оширади.

Қонун лойиҳаси фракциямиз аъзолари томонидан концептуал жиҳатдан маъқуллаган ҳолда уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатларга чуқур эътибор қаратилди. Чунки, партиямиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга йўналтирилган қонунларни қўллаб-қувватлайди. Суд тизимини комплекс ривожлантириш хусусан, уни институционал, ташкилий-кадр ва процессуал жиҳатдан мустаҳкамлаш, соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш энг муҳим дастурий вазифаларимиздан саналади. Суд экспертизаси соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг ягона тизими жорий этилиши, уларнинг ҳар икки йилда бир маротаба замонавий технологияларнинг жадал ривожланиши билан юзага келаётган соҳага доир энг сўнгги янгиликлардан хабардор қилиб, ҳуқуқий билимларининг ошириб борилиши пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, йиғилишда “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини кўзда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари партия позициясидан келиб чиқадиган таклиф, тавсиялар асосида қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.

Йиғилиш сўнггида муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Суд экспертларининг малакасини оширишда ягона тизим жорий этилади was last modified: Июль 13th, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »