Муҳим қонун лойиҳаси фракция диққат-эътиборида

20 Октябрь, 15:43 • Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 969 марта кўрилди • Комментариев к записи Муҳим қонун лойиҳаси фракция диққат-эътиборида нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда дастлаб “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси 2016 йил 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Ш.М.Мирзиёев томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритилган.

Қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, шунингдек, халқаро ҳамкорлик мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашувчи субъектларнинг фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш ва ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясини тузиш ва унинг таркибига тадбиркорлар, жамоат бирлашмаларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларини киритиш назарда тутилмоқда.

Қонуннинг амалга киритилиши фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратади, хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга кўмаклашади ва натижада ишчанлик фаоллиги ўсишига ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига олиб келади.

Қонун лойиҳаси муҳокамасида фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунчилик меъёрларини бузишга, уларни нотўғри ва эркин талқин этишга, расмиятчилик, коррупцияга йўл қўймаслик тарафдори эканлиги ҳамда айнан коррупцияга қарши кураш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш партия депутатлик корпусининг энг устувор вазифаларидан бири эканлигини қайд этиб ўтди.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши партия сайловолди дастуридаги ижтимоий адолат, қонун устуворлигига асосланган, барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлган ва ўз конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини бемалол амалга ошира оладиган ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш ғоясини амалга оширишда яна бир муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, мазкур қонун лойиҳасини маромига етказиш учун уни партия экспертлари, электорат вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик орасида муҳокамалардан ўтказиш ҳамда жойлардан таклифларни йиғиб олиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, йиғилишда депутатлар Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда қизғин муҳокама қилишди.

Қонун лойиҳаси маъмурий қамоқни ўташ тартиби билан боғлиқ бўлган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, маъмурий қамоқни ўташ принциплари, тартиби ва шарт-шароитларини, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини белгилаб бериш, шунингдек уларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, жамият ҳамда давлат манфаатларига, умумқабул қилинган анъаналар ва урф-одатларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаси билан амалда бўлган маъмурий қамоқни ўташга доир тартиб-қоидаларга нисбатан жорий этилаётган асосий янги меъёрлар белгиланмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси мазкур соҳадаги вазифаларнинг бекаму-кўст бажарилишига ва қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш, маъмурий қамоқни ўташ билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга хизмат қилиши билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларга ҳамоҳанг эканлигини таъкидлаб ўтишди ҳамда қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Йиғилиш сўнгида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партия позициясидан келиб чиқувчи таклиф-мулоҳазалар билдирилди ва фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Муҳим қонун лойиҳаси фракция диққат-эътиборида was last modified: Ноябрь 1st, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »