Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг VIII Қурултойи Матбуот хабари

14 Октябрь, 09:24 • Пресс-релизлар • 292 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг VIII Қурултойи Матбуот хабари нет

2016 йил 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг VIII Қурултойи бўлиб ўтди. Унда жами 195 нафар делегат иштирок этди.

Қурултойда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди ва унинг сайловолди дастури тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Қарори билан жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов эълон қилинди.

“Адолат” СДП ҳам республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизга янада тўкис, фаровон турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни мақсад қилган сиёсий куч сифатида ушбу сайловда муносиб иштирок этишга киришди.

Қурултойда жорий йил 17 сентябрь куни бўлиб ўтган “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг VI Пленуми қарорига мувофиқ партия Сиёсий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Мажитович Умаровнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилиши атрофлича муҳокама қилинди.

Сўзга чиққан Қурултой иштирокчилари “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди Н.Умаров етарли ҳаётий тажрибага эга эканлиги, сафдошлари орасида обрў-эътибор қозонганлигини инобатга олган ҳолда бўлажак сайловда иштирок этиш учун муносиб номзод эканлигини қайд этиб ўтишди.

Қурултой делегатлари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 24 ва 242-моддаларига мувофиқ, “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Наримон Мажитович Умаровни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги таклифни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

Шундан сўнг Қурултой иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” СДП номзодининг сайловолди дастури билан таништирилди.

Ушбу масала юзасидан сўзга чиққанлар партия номзодининг сайловолди дастури партия дастурий вазифаларига тўла мос эканлигини, унинг мазмун-моҳиятида мамлакатимизни ҳар соҳада ривожлантириш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратишдек устувор ғоя ва мақсадлар мужассам этганлигини таъкидладилар.

Қурултойда номзоднинг сайловолди дастури маъқулланди ва сайловолди ташвиқотини олиб боришда фойдаланиш учун партиянинг марказий ва қуйи ташкилотларига тавсия этилди.

Қурултой якунида делегатлар “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни рўйхатга олишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш каби масалаларга тўхталиб ўтишди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг VIII Қурултойи Матбуот хабари was last modified: Октябрь 14th, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »